Сайт харитаси

Календар

Ҳозир сайтда

Хозигри вақтда 973  меҳмонлар сайтда ва биронта ҳам рўйҳатдан ўтганлар йўқ

ИИВ БИРЛАШГАН ТАҲРИРИЯТИ НАШРЛАРИ ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТ

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ташаббуси билан «Postda» ва «На посту» газеталарини қайта тиклашга қарор қилингач, 1991 йил 1 январда икки тилда алоҳида чоп этилган нашрларнинг илк сони ички ишлар идоралари ходимлари ва кенг жамоатчиликка етиб борди. Айниқса, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, ИИВ нашрларида ички ишлар идораларининг моддий-техник жиҳатдан таъминланиши, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларни тўлақонли ёритиш борасида бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди.
Дастлаб тўрт саҳифадан иборат бўлган газеталарни ҳафтада уч марта чиқариш йўлга қўйилди. Таҳририят моддий-техника базаси мустаҳкамлангач, саҳифалар сони саккизтага етказилди, кейинчалик эса 16 саҳифада чоп этила бошланди.
1998 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан «Postda» ва «На посту» газеталари таҳририяти негизида республика ИИВ Бирлашган таҳририяти ташкил этилди. Ўша йили сентябрь ойида «Qalqon» ва «Щит» журналларини чоп этиш йўлга қўйилди.
Газеталарнинг ташқи саҳифалари, журналлар эса тўла ҳажмда рангли чоп этила бошланди. Газета ва журналларда берилаётган материалларнинг савияси яхшиланди, мундарижаси кенгайтирилди, мақолаларнинг ҳар бир нашр учун алоҳида-алоҳида, айнан бир-бирини такрорламайдиган қилиб тайёрланишига эътибор кучайтирилди, дизайни замон талабларига жавоб берадиган даражага келтирилди.
«Qalqon» ва «Щит» журналларида ички ишлар идоралари ходимларининг машаққатли хизмати, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни таҳлилий ёритиш, хорижий давлатлар ички ишлар идоралари тизимлари фаолиятига бағишланган материаллар, суд очерклари, бадиий иқтидорга эга ички ишлар ходимларининг ижодидан намуналар чоп этиб боришга алоҳида эътибор қаратилди.
Таҳририят жамоаси томонидан бир қатор китоблар ҳам нашр этилган. «ИИВ Бирлашган таҳририяти кутубхонаси» туркумида газета ва журналларда чоп этилган қиссалар, ҳикоялар, суд очерклари ва қатралардан иборат «Қоп-қон», «Бузғун» тўпламлари, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар идоралари ходимларига бағишланган «Қаҳрамонлар мангу яшайди» тўплами, рус тилида босмадан чиққан икки жилдлик сара хорижий детективлар шулар жумласидандир.
Айни дамда «Postdа» ва «На посту» газеталарининг умумий адади қарийб 70 мингтадан, «Qalqon» ва «Щит» журналларининг умумий адади эса 20 мингтадан ошди.
Газета-журналлардаги ўзгаришлар муштарийларга маъқул бўлмоқда. Таҳририят ижодий жамоаси, тажрибали журналист ва ходимлар ўз олдиларига қўйилган вазифаларни бажариш учун бор билим ва тажрибаларини ишга солишмоқда. ИИВ нашрлари бундан-да сифатли ва мазмундор бўлишига эришиш мақсадида бор куч ва имкониятларини сафарбар этган ҳолда фаолият юритишаяпти.

Таҳририят манзили: 100070, Тошкент шаҳри Шота Руставели 1-берк кўчаси 1-уй.
Tелефонлар:  231-33-88
Обуна масалалари бўйича: 231-48-81. Факс: 230-34-06.

Оҳирги ўзгариш: 06.05.2017 08:41