Сайт харитаси

Бизга кўшил

Сайтдаги сўнги ва оммабоп янгиликлар хақида билмоқчимисиз?

Календар

Ҳозир сайтда

Хозигри вақтда 1322  меҳмонлар сайтда ва биронта ҳам рўйҳатдан ўтганлар йўқ

Такомиллашаётган соҳавий хизмат

Мустақиллик барча жабҳаларда бўлгани каби ички ишлар идоралари қўриқлаш хизматида ҳам туб ислоҳотлар ўтказиш, мазкур хизматни замон талаби даражасида шакллантириш ва янада такомиллаштириш имконини берди. Истиқлол йилларида ИИВ ҳузуридаги Республика «Қўриқлаш» бирлашмаси ва унинг қуйи тизимларида туб ўзгаришлар, янгиланишлар юз берди. Қўриқлаш хизмати қолоқ тизимдан энг замонавий техник восита ва жиҳозлар билан таъминланган хизматлардан бирига айланди. Шу боис, энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигини муносиб кутиб олишга тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда «Ким эдигу ким бўлдик?» деган саволга айнан шу соҳа мисолида жавоб берсак бўлади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда «Қўриқлаш» бирлашмаси ва унинг қуйи тизимларида амалга оширилаётган ишлар, қўлга киритилаётган ютуқлар таҳсинга лойиқ. Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилгани ёқ. Ҳукуматимиз ва Ички ишлар вазирлигининг ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаши, соҳада ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилаётгани туфайли кўзланган мақсадлар рўёбга чиқаётир. Жумладан, айни пайтда республика бўйича қўриқдаги объектларнинг сигнализация воситалари билан жиҳозланганлик даражаси 95,5 фоизни ташкил этмоқда. Шунингдек, халқ хўжалиги объектларини замонавий қўриқлаш воситалари билан таъминлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда республика ички ишлар органлари ҳузуридаги қўриқлаш бўлим ва бўлинмаларида 177 та техник қўриқлаш пунктининг мавжудлиги, улар томонидан 21097 та объект ишончли қўриқланаётгани бунинг тасдиғидир.

Мустақиллик йилларида аҳоли тураржойларини қўриқловга олишга ҳам алоҳида еътибор қаратилди. Хонадон эгалари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилгани ва уларнинг мол-мулки ишончли қўриқланаётгани сабабли мазкур хизматга фуқароларнинг ишончи янада ортди. Бунинг натижасида қўриққа олинган аҳоли хонадонлари сони йилдан-йилга кўпайиб боряпти. Шу кунгача 8654 та хонадон техник хизмат кўрсатиш пунктларига уланди. Бу жараённинг узлуксиз давом этаётгани қўриқлаш хизматининг аҳоли учун ҳар томонлама афзаллигини кўрсатмоқда. Ҳолбуки, собиқ мустабид тузум даврида ҳам аҳолининг қўриқлаш хизматига эҳтиёжи бўлса-да, бунга етарлича эътибор қаратилмаганди. Умуман олганда, ўша пайтларда муҳим иншоотлар, объектларни эркин ёлланган қоровул ва ҳарбийлаштирилган соқчилик гуруҳлари қўриқлаб келарди. Ушбу объектларда ишончли хизматни таъминлаш учун зарур воситалар, автомашина ва жиҳозлар ёқ эди. Борлари ҳам аллақачон ўз муддатини ўтаб бўлганди. Техник қўриқлаш пунктлари ҳақида эса гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Турган гапки, объектларда турли ташмачилик, ҳуқуқбузарликлар тез-тез содир этиларди. Соҳада ўтказилган ислоҳотларда Ички ишлар вазирлигининг «Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ҳузуридаги қўриқлаш хизматида ахборотлаштириш-коммуникация технологияларини ривожлантириш, автоматлаштирилган марказий кузатув ва хабар узатиш техник қўриқлаш пунктларини яратиш тўғрисида»ги Концепциянинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш жоиз.

Ана шу концепция талабларидан келиб чиққан ҳолда, соҳавий хизматда техник қўриқлаш пунктларига замонавий технологияларни жорий қилиш ишлари жадал давом этмоқда. Хусусан, ҳозирги вақтда автоматлаштирилган марказий кузатув ва хабар узатиш техник қўриқлаш пунктларини яратиш бўйича монтаж ишлари якунига етказилди. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ИИБлари ҳузуридаги қўриқлаш бошқармаларида техник қўриқлаш пунктларига замонавий технологияларни жорий қилиш жадаллаштирилмоқда.
Соҳавий хизматда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мазкур хизматнинг қиёфаси шу даражада ўзгардики, ҳозирда фойдаланилаётган замонавий қўриқлаш ва хавфсизлик воситаларини бундан йигирма-йигирма беш йил аввалгилари билан асло таққослаб бўлмайди. Бир пайтлар техник қўриқлаш хизмати ўз фаолиятини оддий пултдан бошлаган бўлса, бугунги кунда ходимлар электрониканинг энг сўнгги ютуқларига асосланган асбоб-ускуналардан фойдаланмоқда. Бу эса қўриқлаш самарадорлиги ҳамда ишончлилик даражасига ижобий таъсир кўрсатяпти.
Ҳозирда бўлим ва бўлинмаларни қайта жиҳозлаш ишлари фаол давом эттирилмоқда. Бунда асосий эътибор марказлаштирилган қўриқлаш пунктларини сўнгги техникалар билан қайта жиҳозлаш, ескиларини алмаштиришга қаратилган. Шу мақсадда Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида замонавий хабар узатиш тармоқларининг моддий-техник базаси яратилди. Биргина Тошкент вилоятининг ўзида жойлардаги телекоммуникация боғламларидан ахборотни қайта ишлаш марказларигача 24 километрдан ортиқ оптик шиша толали кабеллар ётқизилди. Ушбу ахборотни қайта ишлаш марказларини ҳозирги кунда ривож­ланган давлатларда фойдаланиб келинаётган «Приток» тизимларига ўтказиш ишлари босқичма-босқич давом эттирилмоқда.
Шунингдек, республикамиз ҳудудида «Қалқон» савдо белгиси остида замонавий техник қўриқлаш воситаларини ишлаб чиқариш ёлга қўйилди.
Айниқса, кейинги йилларда республика ИИВнинг бевосита эътибори ва кўмагида жойлардаги бўлим ҳамда бўлинмалар учун алмисоқдан қолган бинолар ўрнига замонавий ва кўркам, барча қулайлик ва шароитларга ега бўлган иншоотлар қурилиб, ходимлар ихтиёрига топширилди. Бир пайтлар бу соҳада хизмат қилганлар кундалик ишидан бошқа нарсани билмаган бўлса, бугун шу соҳада эл-юрт осойишталигини таъминлаш шарафига муяссар бўлган ходимлар хизматдан сўнг дам олиш хоналарида маданий ҳордиқ чиқаришяпти, маънавият хонасида билимларини оширишяпти. Спорт билан шуғулланиб, жисмоний салоҳиятини юксалтиришяпти. Кенг ва ёруғ аудиториялар, ювиниш ва овқатланиш хоналари ҳам улар ихтиёрида. Ана шу қулайликларнинг барчаси замонавий қилиб қурилган бинонинг ўзида мужассам.
Қўриқлаш хизматида барқарор руҳий-маънавий муҳитни шакллантириш ҳам доимий эътиборда. Шу мақсадда ташкил этилган психологик хизмат малакали психолог мутахассислар билан жамланди. Энди хизматга кириш истагини билдирган номзодлар, раҳбарлик лавозимларига тавсия этилаётган ходимлар психологлар кўригидан ўтказилади. Бу, ўз навбатида, ходимнинг руҳий ҳолатини, юкланиши назарда тутилган вазифани бажара олиш имкониятларини аниқлашда қўл келмоқда. Бундан ташқари, барча қўриқлаш бошқармаларида «Руҳий енгиллаштириш хоналари» ташкил этилиб, ўрнатилган тартибда жиҳозланди. «Тез руҳий ёрдам» ишонч телефонлари ташкил етилди.
Таъкидлаш жоизки, техник қўриқлаш пунктлари хизмат самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутаётган бўлса, бўлим ва бўлинмаларнинг замонавий автотранспорт воситалари билан таъминланаётгани ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда тезкорликни ошириб, содир етилган жиноятларнинг «иссиқ изи»да очилишига хизмат қилмоқда. Ўз фаолиятини 5 та мотоцикл ва 49 та велосипед билан бошлаган мазкур хизмат бугунги кунда замонавий автотранспорт воситалари билан таъминланди. Биргина сўнгги тўрт йилда тизим 80 фоиз хизмат автомобилларига эга бўлди.
Қўриқлаш хизмати ходимлари объект ва хонадонлар қўриғини таъминлаш билан бирга, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш борасида ҳам фаоллик кўрсатишяпти. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида республика қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан ички ишлар органларининг тегишли хизматлари билан ҳамкорликда 575 та жиноятнинг олди олинди ва фош этилди.
Ходимларимиз томонидан қўриқланаётган объектларда майда ўғриликларнинг олдини олишга жиддий эътибор қаратилади. Масалан, шу йилнинг ўтган даврида майда ўғриликлар содир етгани учун 1,8 мингдан ортиқ шахс ушланди. Қонунбузарлардан 148,5 миллион сўмликдан ортиқ моддий-товар бойликлар олиниб, эгаларига қайтарилди.
Соҳа ходимлари ўтган даврда жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам фидойилик намуналарини кўрсатиб келишмоқда. Ана шундай ходимларимиз мустақиллик йилларида «Меҳнат шуҳрати» ордени, «Шуҳрат», «Содиқ хизматлари учун» ва «Жасорат» медаллари, Фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Айни пайтда соҳани енг ривожланган давлатлардаги каби даражага олиб чиқиш мақсадида изланишлар давом этмоқда. Кўплаб тараққий етган давлатлар билан тажриба алмашилмоқда, уларнинг замонавий техника воситалари, илғор иш услублари соҳага жалб қилиняпти. Масалан, МДҲ давлатларининг қўриқлаш хизматлари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган. Ана шу ҳамкорлик самараси ўлароқ, Тошкент шаҳрида икки марта халқаро семинар-кўргазма ташкил етилди.
ИИВ ҳузуридаги Республика «Қўриқлаш» бирлашмаси ва унинг жойлардаги бўлим ҳамда бўлинмаларининг эл-юрт осойишталигини таъминлаш, давлат объектлари, фуқаролар хонадонини ишончли қўриқлаш, жиноятларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти ҳақида яна кўп тўхталиш мумкин. Шундай бўлса-да, бир нарсага алоҳида эътибор қаратиш лозим. Мустақиллик берган имконият туфайли соҳа нафақат замон талабига мослашди, балки ҳар томонлама ишончли хизматга айланиб, фуқаролар эътиборини қозона олди.

Элмурод ҚЎЗИЕВ,
катта лейтенант.

Мустақилликнинг 25 йиллиги
Оҳирги ўзгариш: 25.03.2017 13:29