Сайт харитаси

Календар

Ҳозир сайтда

Хозигри вақтда 887  меҳмонлар сайтда ва биронта ҳам рўйҳатдан ўтганлар йўқ

ЖИНОЯТНИНГ ОҚИБАТИ БИЛАН КУРАШИШ ЭМАС УНИНГ ОЛДИНИ ОЛГАН МАҚСАДГА МУВОФИҚДИР

Бугун мамлакатимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Хусусан, жорий – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш, тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган фуқароларни банк кредитлари билан самарали таъминлашга жиддий эътибор қаратиляпти. Афсуски, ўзининг ноқонуний хатти-ҳаракати билан тадбиркорлик фаолияти ривожига тўсиқ бўлаётган, ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўяётган раҳбар ходимлар ҳам учраб турибди.
Самарқанд  вилояти  ИИБга  якка  тартибда  фаолият  юритаётган  тадбиркорлардан бири ариза билан мурожаат этди. Маълум  бўлишича,  саккиз  кишини  иш билан таъминлаган тадбиркор фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида вилоят акциядорлик тижорат банки «Агробанк»нинг Каттақўрғон шаҳар филиалига жорий йилнинг 6, 13 февраль ва 27 апрель кунлари ўзи, онаси ҳамда турмуш ўртоғи номига чорва моллари харид қилиш учун кредит олишга ариза беради. Бироқ банк филиали раҳбари Ихтиёр Бегматов кредит ажратилишини  пайсалга  солади.  Барча зарур ҳужжатлар тақдим этилганига қарамасдан, аризаларни қабул қилишни ортга сураверади.
Ниҳоят, тадбиркор 27 апрель куни яна И. Бегматовнинг ҳузурига келади. Нафс қулига айланган банк раҳбари бу сафар унга кредит ажратиш учун банкнинг вилоят бошқармаси мансабдор шахсларини «рози қилиши» лозимлигини айтади. Бунинг учун 300 АҚШ доллари беришни талаб қилади.
Буни қарангки, виждони жиғилдонга айланган И. Бегматовнинг бу жиноий хатти-ҳаракати биринчиси эмас экан. Аниқроғи, унга нисбатан  ойлик  маошидан  қисман  олиб қолиш шарти билан жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб икки йилгача раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмаслиги тўғрисида  суд  ҳукми  чиқарилган.  Аммо  вилоят акциядорлик тижорат банки «Агробанк»нинг мансабдор шахслари И. Бегматовни раҳбарлик лавозимидан озод этмасдан, у банкнинг Каттақўрғон шаҳар филиали бошлиғи лавозимида  ўз  фаолиятини  давом  эттиришига имкон яратиб беришган.
«Ўрганган  кўнгил  ўртанса  қўймас» деганларидек, И. Бегматов яна такроран жиноятга  қўл  урди.  Жорий  йилнинг  27 апрель  куни  ўтказилган  тезкор  тадбир чоғида эса 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора сифатида олаётган вақтда қўлга олинди.  Ҳозирги  пайтда  мазкур  жиноят иши  юзасидан  тергов  ҳаракатлари  олиб бориляпти.
«Пайшанба  –  ҳуқуқбузарликлар  профилактикаси  куни»  тадбири  доирасида мутасадди ходимлар ва кенг жамоатчилик иштирокида ўтган йиғилишда мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаб ва омиллари, оқибатлари муҳокама қилинди.
Муҳокамада иштирокчилар эътиборига порахўрлик,  товламачилик,  фирибгарлик каби  жиноятлар  ҳақида  сўз  юритилган видеороликлар намойиш этилди. Бу каби жиноятларга  йўл  қўймаслик  лозимлиги, бундай  ҳолатлар  юз  берган  тақдирда  вилоят  ИИБнинг  «Ишонч  телефонлари»га мурожаат  этиш  зарурлиги  таъкидланди. Шунингдек, фуқароларга вилоят ИИБ ва банк муассасалари ходимлари томонидан турли буклетлар, кредит олиш тартиблари тўғрисидаги маълумотномалар тарқатилди.
Мамнуният  билан  айтиш  жоизки, Ҳуқуқбузарликлар  профилактикаси  куни муносабати  билан  жойларда  ўтказилган учрашувларда  аксарият  фуқаролар  содир этилаётган жиноятларга бефарқ эмасликларини намоён этиб, айбдорларга нисбатан адолатли,  лекин  қатъий  чоралар  кўриш юзасидан фикр-муломаза ва таклифларини билдиришмоқда. Бу Навоий вилоятининг Нурота  туманида  содир  этилган,  қуйида тафсилоти  келтириладиган  бир  жиноят муҳокамасида ҳам яққол намоён бўлди.
Номаълум шахс фуқаро Н. А.нинг бир бош қўйини ўғирлаб кетади. Тезкор тадбирлар натижасида ушбу жиноятни муқаддам судланган А. Ж. содир этгани аниқланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.Туман прокурори, ИИБ бошлиғи ва тергов-тезкор гуруҳи аъзолари ҳамда ҳудуддаги Жарма  маҳалласи  фаоллари,  жамоатчилик вакиллари  иштирокида  жиноятнинг  содир этилиши сабаб ва шарт-шароитлари ўрганилганида, А. Ж. муқаддам икки бор судланиб, жазо муддатини ўтаб чиққани, яшаш жойида профилактик ҳисобда туришига қарамасдан, яна жиноят кўчасига киргани маълум бўлди.
Қолаверса, у муқим иш жойига эга бўлмаган, доимий равишда носоғлом турмуш тарзини кечириб келган. Маҳалла фаоллари ва ҳудудга бириктирилган  профилактика  инспектори томонидан  етарли  даражада  профилактик ишлар олиб борилмаган.
Муҳокама чоғида иштирокчилар ана шу масалаларга аломида тўхталиб, ички ишлар органларининг  ҳуқуқбузарликлар  профилактикаси йўналишидаги фаолиятида кўзга ташланаётган  камчиликларни  бартараф этиш лозимлиги айтилди. Қолаверса, фуқароларнинг  эътиборсизлиги,  лоқайдлиги ҳам жиноятларнинг содир этилишига омил бўлаётгани  қайд  этилиб,  бунга  асло  йўл қўйиб бўлмаслиги таъкидланди.
Бу каби профилактик тадбирлар ўзининг ижобий  натижасини  бериши  шубҳасиз. Зеро, жиноятнинг оқибати билан курашиш эмас, балки унинг олдини олган мақсадга мувофиқдир.

Жасур ШЕРМАТОВ,
лейтенант.

ИИВ хабарлари
Оҳирги ўзгариш: 16.05.2017 17:09