Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги

Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Ҳолат юзасидан102
Ишонч телефони1102
Матбуот хизмати ҳақида.

Абдуллаев Тўлаган Патхуллаевич

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Матбуот хизмати бошлиғи

Телефон: 231 45-50

Ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМдан кўчирма

Ички ишлар органлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ахборотдан фойдаланувчилар учун тақдим этиш тартиби

Ички ишлар органлари фаолиятига оид маълумотларни ахборотдан фойдаланувчилар учун тақдим этиш ваколатига эга бўлган вазирлик соҳавий хизматлари ва ҳудудий ички ишлар органлари:

бош бошқармалари, бошқармалари, мустақил бўлимлари;

вазирлик таълим муассасалари;

вазирлик тизимидаги спорт соғломлаштириш комплекслари;

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ва Транспортдаги ички ишлар бошқармалари;

шаҳар ва туман ички ишлар бошқармалари ва бўлимлари, тармоқ ички ишлар бўлимлари;

шаҳарча, посёлка ички ишлар органлари бўлинмалари ва ички ишлар органлари таянч пунктлари.

Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматлари ва ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқлари ички ишлар органлари фаолиятига оид маълумотларни ахборотдан фойдаланувчилар учун тақдим этиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг доимий назоратини олиб боради.

Ахборот олишга доир сўровни кўриб чиқиш муддати ва тартиби, сўровга қўйиладиган талаблар

Ахборотдан фойдаланувчининг сўрови рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилади.

Оммавий ахборот воситаларининг ички ишлар органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан этти кунлик муддатда кўриб чиқилади.

Агар ахборотдан фойдаланувчининг сўровини кўриб чиқиш ички ишлар органларининг ваколатларига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилади, ахборотдан фойдаланувчи эса бу ҳақда хабардор қилинади.

Расмий нашрларда, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган (чоп этилган) ёхуд расмий веб-сайтларда жойлаштирилган ахборот сўралганда ички ишлар органлари сўровга бериладиган жавобда сўралаётган ахборот эълон қилинган (чоп этилган) расмий нашрнинг, оммавий ахборот воситаларининг номи, чиқарилиш санаси ҳамда рақамини ёки сўралаётган ахборот жойлаштирилган расмий веб-сайтнинг электрон манзилини кўрсатган ҳолда ҳавола бериши мумкин.

Сўров рад этилган тақдирда ахборотдан фойдаланувчига асослантирилган жавоб юборилади.

Жисмоний шахснинг сўровида унинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва сўровнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак. Юридик шахснинг сўровида юридик шахснинг тўлиқ фирма номи, унинг жойлашган эри (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган, сўровнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Ёзма сўровлар ахборотдан фойдаланувчининг шахсий имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак. Сўровни шахсий имзо билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган тақдирда, у қўшимча равишда тузувчининг ҳам фамилияси, исми, отасининг исми қўйилган ҳолда унинг имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.

Ахборотдан фойдаланувчини идентификациялаш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилмаган сўровлар аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

Ички ишлар органлари фаолиятига ёки ваколатига тааллуқли бўлмаган сўров унда қўйилган масалалар юзасидан ахборот тақдим этиш ваколатига кирадиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органига ёки мансабдор шахсга юборилади.

Белгиланган тартибда юборилган сўровлар кўриб чиқилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари вакилларини ички ишлар органлари ҳузурида аккредитация қилиш тартиби

Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари ички ишлар органларининг фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали ўз вақтида ва холисона ёритиш мақсадида ҳамкорлик қилишни сўраб, ўзининг расмий бланкасида раҳбарнинг имзоси қўйилган, муҳр билан тасдиқланган буюртманома билан ички ишлар органларига мурожаат қилган тақдирда, ушбу оммавий ахборот воситалари вакиллари ички ишлар органлари ҳузурида аккредитация қилинади.

Аккредитация қилиш борасида тақдим этилган буюртманомада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

оммавий ахборот воситаларининг номи ва тури;

ихтисослашуви;

тарқалиш ҳудуди;

электрон почта манзили;

телефон ва факс рақамлари;

аккредитацияга тақдим этилган вакилнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

оммавий ахборот воситалари вакили касб вазифаларини бажариш учун ўзи билан бирга олиб юриши зарур бўлган аппаратлар рўйхати.

Буюртманомага батафсил маълумотлар (вакилнинг хизмат мавқеи, паспортига оид маълумотлар, дипломи нусхаси, электрон почта манзили, телефон ва факс рақами) ҳамда белгиланган шаклдаги тўртта фотосурат илова қилинади.

Буюртманома ички ишлар органлари томонидан мурожаат олинган кундан бошлаб, бир ой мобайнида кўриб чиқилади.

Оммавий ахборот воситалари тақдим этган буюртманома ва ҳужжатларни ўрганиш мазкур Низомнинг 2 иловасига мувофиқ Оммавий ахборот воситалари томонидан ички ишлар органлари фаолиятини ёритиш бўйича аккредитация қилиш учун тақдим этилган буюртманома ва ҳужжатларни ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг экспертлар гуруҳи таркиби, 3 иловасига мувофиқ Тошкент шаҳар ИИББ, Тошкент вилояти ИИБ ва Транспортдаги ИИБда тузиладиган экспертлар гуруҳи таркиби, 4 иловасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларида тузиладиган экспертлар гуруҳи таркиби томонидан амалга оширилади. Ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари мурожаат тушган пайтдан бошлаб, ўн кун муддатда экспертлар гуруҳи хулосаси билан расмийлаштирилади.

Экспертлар гуруҳи хулосаси мазкур Низомнинг 5 иловасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтувчи оммавий ахборот воситалари вакилларининг ички ишлар органлари фаолиятига оид ахборотлардан фойдаланиш ва уларни ёритиш борасидаги малакасини ўрганиш бўйича аттестация комиссияси таркиби томонидан, 6 иловасига мувофиқ Тошкент шаҳар ИИББ, Тошкент вилояти ИИБ ва Транспортдаги ИИБда аккредитациядан ўтувчи оммавий ахборот воситалари вакилларининг ички ишлар органлари фаолиятига оид ахборотлардан фойдаланиш ва уларни ёритиш борасидаги малакасини ўрганиш бўйича аттестация комиссияси таркиби томонидан, 7 иловасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларида аккредитациядан ўтувчи оммавий ахборот воситалари вакилларининг ички ишлар органлари фаолиятига оид ахборотлардан фойдаланиш ва уларни ёритиш бўйича малакасини ўрганиш бўйича аттестация комиссияси таркиби томонидан ўрганиб чиқилади.

Мазкур комиссия икки иш куни мобайнида оммавий ахборот воситалари вакилини аттестациядан ўтказиб, уни ички ишлар органи ҳузурида аккредитация қилиш ёки аккредитация қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Аттестация комиссиясининг аккредитация қилиш тўғрисидаги қарорига асосан Аттестация комиссияси котиби томонидан бир ҳафта муддат ичида оммавий ахборот воситаларининг вакилига мазкур Низомнинг 8 иловасига мувофиқ Ички ишлар органи ҳузурида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитация қилиш тўғрисида гувоҳнома расмийлаштириб берилади.

Оммавий ахборот воситалари вакили ушбу гувоҳномадан бир йил мобайнида фойдаланиши мумкин.

Оммавий ахборот воситалари вакилига бериладиган аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома мазкур Низомнинг 9 иловасига мувофиқ Оммавий ахборот воситалари вакилларига бериладиган аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани қайд этиш китобига имзо қўйдириш орқали берилади.

Мазкур китоб ички ишлар органлари котибиятида қайддан ўтказилиб, белгиланган тартибда юритилади.

ОАВ да ва ИИВ Веб-сайтида ёритиладиган ахборотлар рўйхати

Вазирлик соҳавий хизматлари, таълим муассасалари қуйидаги йўналишларни оммавий ахборот воситаларида ва вазирлик веб-сайтида ёритади ҳамда бу борадаги маълумотларни ахборотдан фойдаланувчилар учун тақдим этади:

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси вазирлик тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини, вазирлик томонидан ташкил этилган халқаро тадбирлар, мажлислар, кенгашлар, учрашувлар, матбуот анжуманлари, конференциялар, брифинглар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни;

Ташкилий-инспекторлик бошқармаси вазирлик тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни, ўтказиладиган ҳайъат мажлислари, кенгашлар, учрашувлар, матбуот анжуманлари, конференциялар, брифинглар ва бошқа тадбирларнинг кун тартиби, ўтказиладиган жойи, санасини ҳамда хорижий ва халқаро ташкилотлар билан амалга оширилаётган ҳамкорликни, халқаро шартномалар тўғрисидаги маълумотларни;

вазирлик Котибияти жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг қабул кунлари тўғрисидаги маълумотларни;

Шахсий таркиб билан ишлаш хизмати ишга қабул қилиш шартлари ва бўш иш ўринларини этук мутахассислар билан жамлаш, вазирлик таълим муассасаларига ўқишга кириш учун номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотларни;

Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси ички ишлар органлари ходимлари томонидан шахсга, тинчлик ва хавфсизликка, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши, иқтисодиёт соҳасидаги, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жиноятларига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларгт ва эришилган натижаларни, шов-шувга сабаб бўлган ҳамда «иссиқ изида» фош этилган жиноятларнинг тафсилотларини (суд бўлмагунча айбдорнинг исми фамилиясини кўрсатмаган ҳолда);

Тергов бош бошқармаси ички ишлар органлари ходимлари томонидан шахсга, тинчлик ва хавфсизликка, жамоат хавфсизлиги, жамоат тартибига қарши, иқтисодиёт соҳасидаги, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жиноятлари ва бошқа жиноятларнинг тергов қилиниши, ушбу жиноятларнинг судда кўриб чиқилиб, жазонинг муқаррарлигини таъминлаш борасидаги ҳамда Олий Мажлис Сенатининг амнистия тўғрисидаги қарори ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни;

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ижобий тажрибаларни, профилактика хизмати фаолиятининг самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни, ҳуқуқбузар-ликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар, муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар, бу борада эришилган ютуқларни ҳамда Олий Мажлис Сенатининг амнистия тўғрисидаги қарори ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни;

Ахборот маркази вазирлик расмий веб-сайтида жойлаштириладиган ахборотлар рўйхатини;

Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси паспорт тизими талаблари, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ва унга кириш учун зарур бўлган ҳужжатлар, доимий ва вақтинча яшаш, турган жойи бўйича ҳисобга олиниш учун рухсатномаларни бериш ҳамда расмийлаштириш тартиби, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш қоидалари тўғрисидаги маълумотларни;

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси республикада йўл-транспорт ҳодисалари ва унинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва эришилаётган ютуқларни;

Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ёнғин хавфсизлигининг аҳволини ҳамда республикада ёнғинлар ва уларнинг оқибатларини олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларни;

Жазони ижро этиш бош бошқармаси жазони ижро этиш муассасаларида яратилган шарт-шароитлар, бу эрда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг содир этган жиноятидан пушаймонлиги ҳақидаги фикрлари, Олий Мажлис Сенатининг амнистия тўғрисидаги қарори ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни;

Моддий-техника таъминоти бошқармаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказиладиган очиқ танловлар (тендерлар) ва ким ошди савдолари тўғрисидаги маълумотларни;

вазирликнинг барча соҳавий хизматлари ва таълим муассасалари кураторликни амалга оширувчи Ички ишлар вазири ўринбосари билан келишган ҳолда мазкур хизматлар иш тартиби, фаолияти, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида амалга оширилаётган ишларни ва бу борада ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва кенг жамоатчилик билан ташкил этилган ҳамкорликни;

вазирлик таълим муассасалари мазкур олий таълим муассасасига номзодларни ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартиб қоидаларини, таълим муассасаларида амалга оширилган ислоҳотларни, Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг ижроси борасида амалга оширилаётган ишларни, ўтказилаётган илмий-амалий конференциялар, семинарлар, матбуот анжуманлари ва брифингларни ҳамда бошқа тадбирларнинг тафсилотларини.

Ҳудудий ички ишлар органлари Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ва Транспортдаги ички ишлар бошқармалари бошлиқлари билан келишган ҳолда Низомнинг 6 банди талаблари асосида ҳудудий ички ишлар органлари фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ва вазирлик веб-сайтида ёритади ҳамда бу борадаги маълумотларни ахборотдан фойдаланувчилар учун тақдим этади.

Ахборот хизмати ички ишлар органларининг фаолияти тўғрисида ахборот тарқатишнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа усулларидан ҳам фойдаланиши мумкин.

Ички ишлар органларининг фаолияти тўғрисида эълон қилиниши (чоп этилиши) мумкин бўлган ахборотлар материаллар

Ички ишлар органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот жумласига қуйидагилар киради (давлат ва хизмат сирларига эга бўлган ҳужжатлар бундан мустасно):

Вазирликнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

Вазирлик томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ва бошқа ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек ушбу ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги маълумотлар;

Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан қабул қилинган Давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурлар, уларнинг амалга оширилиши тўғрисидаги маълумотлар;

ички ишлар органлари томонидан олиб бориладиган статистик маълумотлар;

ички ишлар органлари томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирлар;

фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ўтказиладиган мажлислар, учрашувлар, конференциялар, матбуот анжуманлари, брифинглар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар;

ҳуқуқбузарликларнинг умумий, махсус, якка тартибдаги ҳамда виктимологик профилактикасини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумотлар;

профилактика (катта) инспекторларининг маъмурий ҳудудда аҳоли билан ўтказадиган ҳисобот учрашувлари тўғрисидаги маълумотлар;

ички ишлар органларининг давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа органлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, юридик шахслар, шунингдек хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги тўғрисидаги маълумотлар;

амалга оширилишида ички ишлар органлари иштирок этаётган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисидаги маълумотлар;

ички ишлар органларига ишга ва ўқишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотлар;

ички ишлар органлари томонидан ўтказиладиган (ташкил этиладиган) очиқ танловлар (тендерлар) ва ким ошди савдолари тўғрисидаги маълумотлар;

ички ишлар органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот жумласига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.

Ички ишлар органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш, агар мазкур ахборот қонунда белгиланган тартибда давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган бўлса, бундай маълумотлар чеклаб қўйилади.

22-06-2017 | 686
Сайт харитаси
Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги
Маълумотлардан фойдаланилганда mvd.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт.
© Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2017
Яратувчи:

ИИВ АТА ва АҲБ