Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги

Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Ҳолат юзасидан102
Ишонч телефони1102
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари хизматига қабул қилиш тартиби

Ички ишлар органлари хизматига (кейинги ўринларда хизматга деб юритилади) ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, тегишли маълумотга ва мутахассисликка эга бўлган, ўзининг шахсий ва ишчанлик сифатлари, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ички ишлар органи ходимининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – сафдаги хизмат билан боғлиқ лавозимларга бўйи 170 сантиметрдан паст бўлмаган эркаклар ва 165 сантиметрдан паст бўлмаган аёллар ихтиёрий тартибда, танлов асосида қабул қилинади.
Шунингдек, эркаклар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташи ёхуд олий ўқув юртларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган бўлишлари шарт.

Хизматга кириш истагини билдирган шахслар доимий яшаш жойи бўйича ички ишлар органларига мурожаат этиб қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
ариза;
фуқаролик паспорти нусхаси (асли кўрсатилган ҳолда);
туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси (асли кўрсатилган ҳолда). Далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритилган ёки туғилганлик ҳақида гувоҳнома алмаштирилган ёхуд ‎‎фамилияси, исми, отасининг исми ва бошқа маълумотлар ўзгартирилган бўлса, ФҲДЁ органининг бу ҳақдаги маълумотномаси;
қариндошларининг (ота-она, эр-хотин, ака-ука, опа-сингил, ўғил-қизлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари) фуқаролик паспорти, туғилганлик ҳақидаги, никоҳ қайд этилганлиги ёки бекор қилинганлиги ҳақида гувоҳномалари, ногиронлик гувоҳномаси (агар мавжуд бўлса) ва вафот этганлар бўлса, уларнинг ўлим ҳақида гувоҳномаси нусхалари (мазкур ҳужжатларнинг асли кўрсатилган ҳолда);
3 х 4 см ўлчамдаги олтита фотосурат (бош кийимсиз ва бурчаксиз) ҳамда 9 х 12 см ўлчамдаги иккита фотосурат (бош кийимсиз);
таржимаи ҳоли;
анкета-маълумотнома;
ўқиш, иш (агар ўқиётган ёки ишлаётган бўлса) ва яшаш жойидан тавсифнома ҳамда маълумотнома (яшаш жойидан берилган маълумотномада номзоднинг оила аъзолари кўрсатилади);
маълумоти тўғрисидаги (ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий) ҳужжатлар (асли ва нусхаси);
ҳарбий гувоҳномаси (агар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга топшираётган бўлса ва унда ҳарбий гувоҳнома мавжуд бўлмаса, унинг чақирув участкасида қайд қилинганлиги тўғрисида гувоҳномаси);
086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома;
меҳнат дафтарчасининг асли ёки белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси (агар мавжуд бўлса).
Ички ишлар органларида хизматни ўташнинг хусусиятидан келиб чиқиб, айрим ҳужжатларга аниқлик киритиш учун номзоддан қўшимча равишда зарур ҳужжат ва маълумотлар талаб қилиниши ёки тегишли ташкилотлардан сўраб олиниши мумкин.
Хизматга қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади. Танлов дастлабки ва якуний босқичдан иборат.

Дастлабки танлов тадбирлари қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:
якка тартибдаги суҳбат – номзод биринчи маротаба мурожаат қилган вақтда ўтказилади;
диктант – номзоднинг хоҳишига кўра давлат тилида, қорақалпоқ ёки рус тилларида бир юз эллик сўздан кам бўлмаган матнлар доирасида ўтказилади ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган мезонлар асосида баҳоланади;
психологик ўрганиш – психологик тест синовидан ўтказиш орқали амалга оширилади;
умумжисмоний тайёргарлиги даражасини баҳолаш – йигитлар спорт  тўсинида тортилиш, 100 метрга ва 3000 метрга югуриш, аёллар куч ишлатиш машқлари комплекси, 100 метрга ва 1000 метрга югуриш машқларини бажаради.
Номзодларнинг умумжисмоний тайёргарлик бўйича топширган синовлари қуйидаги жадвал асосида баҳоланади: 

Машқ тури

Баҳолаш тартиби

аъло

яхши

қониқарли

Йигитлар учун меъёрлар

Турникда тортилиш (маротаба)

15

13

11

100 м.га югуриш (сек.)

13.2

14.0

14.7

3000 м.га югуриш (дақ.сек.)

12.00

12.45

13.35

 

Қиш мавсумида

1000м.га югуриш (дақ.сек.)

3.30

3.45

4.00

10х10 метрга югуриш (сек)

22

24

26

Аёллар учун меъёрлар

100 м.га югуриш (сек.)

16.2

16.8

17.3

1000 м.га югуриш (дақ.сек.)

4.00

4.15

4.35

Комплекс куч ишлатиш машқлари
(1-дақиқа, маротаба)

38

34-37

30-33

 

Қиш мавсумида

400 метрга югуриш (дақ.сек.)

1.35

1.45

1.55

10х10 метрга югуриш (сек)

32

36

40

Дастлабки танловдан муваффақиятли ўтган номзодларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва текшириш ишлари амалга оширилади ва номзоднинг ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилганидан сўнг, хизматга яроқлилик даражасини аниқлаш учун ҳарбий-тиббий комиссиясига йўлланма берилади.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқаролар, ички ишлар органларида хизматни ўташга тўсқинлик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари бўлган фуқаролар хизматга қабул қилинмайди.
Номзоднинг ҳужжатларини ўрганиш давомида уни хизматга қабул қилинишига тўсқинлик қилувчи салбий маълумотлар аниқланган тақдирда, номзодни хизматга қабул қилиш рад этилади.
Номзоднинг ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилиб, у ҳарбий-тиббий комиссия томонидан хизматга яроқли деб топилганда, номзод якуний танловга қўйилади.

Якуний танлов тест синови шаклида ўтказилади. Тест 3 та яъни,  умумийтаълим, сиёсий-ижтимоий ва она тили йўналишларидан, ҳар бир йўналиш бўйича 36 та, жами 108 та саволдан иборат бўлади.
Танловларда иштирок этадиган номзодлар сони чекланмайди. Якуний танловда бир лавозимга (ўринга) камида иккита номзод иштирок этади. Танловда энг юқори балл тўплаган номзодлар хизматга қабул қилинади.  
Дастлабки ва якуний танловдан ўта олмаган номзодларга бир йил давомида яна икки маротаба қайта синов топширига рухсат этилади.

Якуний танловдан муваффақиятли ўтган номзодлар, қабул комиссиясининг қарори эълон қилингандан сўнг, баённомада кўрсатилган хизмат йўналишлари бўйича лавозимларга тайинланади.

Ички ишлар органларидаги лавозимлар:
офицерлар таркиби лавозимлари – олий маълумотга эга  фуқаролар;
сержантлар таркиби лавозимлари – ИИВ олий таълим муассасаларининг Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларини битирган фуқаролар;
сафдорлар таркиби лавозимлари – 11-синф маълумотига эга ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумотга эга фуқаролар ҳисобидан жамланади.
Захирадаги офицерлар сафдор ва сержантлар таркибидаги лавозимларга қабул қилинмайди.
Хизматга қабул қилинган ходимларга уч ойдан ортиқ бўлмаган дастлабки синов муддати ўрнатилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби

Ички ишлар вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга ўн етти ёшдан йигирма уч ёшгача бўлган, ўрта ва ўрта-махсус маълумотли, бўйи 170 сантиметрдан паст бўлмаган эркаклар ҳамда ИИВ Академиясига бўйи
165 сантиметрдан паст бўлмаган аёллар қабул қилинади.
Шунингдек, ички ишлар органларининг сафдор ва сержантлар таркибида хизмат қилаётган ходим ва ҳарбий хизматчилари йигирма беш ёшгача қабул қилинишлари мумкин.
ИИВ Тошкент олий ҳарбий-техник билим юртига ўқишга ўн саккиз ёшдан йигирма бир ёшгача бўлган эркаклар қабул қилинади.
ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курсларига ўқишга – ички ишлар органлари хизматига қабул қилиш учун белгиланган талабларга жавоб берадиган, олий маълумотли (тиббиёт хизматининг фельдшер ҳамда кинология лавозимлари учун тегишли ўрта-махсус маълумотга эга бўлганлар қабул қилиниши мумкин) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ихтиёрий равишда қабул қилинади.
Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун аризалар (билдиргилар) қабул йилидан олдинги йилнинг 15 ноябридан қабул йилининг
15 февралига қадар доимий яшаш жойи бўйича ички ишлар органлари томонидан қабул қилинади.
Ўқишга кирувчиларнинг ҳужжатлари ички ишлар органлари хизматига қабул қилинувчи номзодлар каби расмийлаштирилади.

Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга номзодларни танлаш учун қуйидаги тадбирлар амалга оширилади.
Ҳарбий профессионал йўналиш – ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматчиларга ҳамда умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари орасида тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилиб, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришга энг иқтидорли, ҳар томонлама камол топган, тайёргарлик кўрган ва Ватанга садоқатли ёшларни жалб этилади.
Танловнинг кейинги босқичи яъни дастлабки танлашда - олий ҳарбий таълим муассасаларига киришга қарор қилган фуқаро ёки ҳарбий хизматчига тегишли маълумотларни, унинг таълим муассасасидаги ўзлаштириши даражасини аниқлаш, индивидуал-психологик хусусиятларини, жисмоний тайёргарлиги ва соғлиғи ҳақидаги маълумотларни дастлабки тўплаш ва ўрганишдан иборат.
Ҳарбий-профессионал танлаш - июнь ойида олий ҳарбий таълим муассасаларида ўтказилиб, бунда якка тартибдаги якуний суҳбатда узил-кесил кўриб чиқиш учун номзоднинг асосланган ва психофизиологик хусусиятларини, тайёрланганлиги ва кўникмаларини, шунингдек соғлиғи ва умумжисмоний тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолда унинг танланган ҳарбий мутахассисликни эгаллаб олишга тайёрлигини аниқлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:
ҳужжатларни ўрганиш;
психофизиологик ўрганиш;
тиббий кўрикдан ўтказиш;
ёзма иш (диктант);
компьютер техникасини ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражасини текшириш.
Юқорида кўрсатиб ўтилган тадбирлар натижасида номзодлар томонидан тўпланган баллар махсус ташкил этилган комиссия томонидан ўрганиб чиқилиб, якуний суҳбат натижаларига кўра юқори натижаларга эришган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовига қўйилади.
Номзодлар тест синовларини ўзлари танлаган уч тилдан бирида ўзбек, қорақалпоқ, рус тилларида топширишлари мумкин. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кирувчи абитуриентлар учун мутахассисликлар бўйича тест топшириш фанларининг

РЎ Й Х А Т И

Олий таълим муассасалари

Мутахассисликлар

Тест ўтказиш
бўйича фанлар

ИИВ Академияси

-Тергов фаолияти;
-Оператив-қидирув фаолияти;
-Жиноятларни олдини олиш фаолияти;
-Эксперт-криминалистика фаолияти.

Тарих

Она тили ва адабиёти

Чет тили

Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби

-Ёнғин хавфсизлиги;

Математика

Кимё

Она тили ва адабиёти

Чет-тили

Тошкент
олий ҳарбий-техник билим юрти

-ИИВ  қўшинлари  тактик қўмондонлиги;
-ИИВ  қўшинлари  тактик- тарбиявий қўмондонлиги.

Тарих

Математика

Чет-тили

- Жазони ўташ режимини ташкил этиш (юриспруденция).

Тарих

Она тили ва адабиёти

Чет-тили

-ИИВ  корхоналарида техник  назорат ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш муҳандислиги.

Математика

Чет-тили

Она тили ва адабиёти

-Аниқловчи ва қўриқловчи электрон тизимларидан фойдаланиш техник-муҳандислиги.

Физика

Математика

Чет-тили

20-06-2017 | 3034
Сайт харитаси
Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги
Маълумотлардан фойдаланилганда mvd.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт.
© Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2017
Яратувчи:

ИИВ АТА ва АҲБ

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг