Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги

Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Ҳолат юзасидан102
Ишонч телефони1102
Вазифалари, функциялари ва ҳуқуқлари

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тўғрисида
НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) ички ишлар органлари тизими фаолиятига умумий раҳбарлик қиладиган ва мувофиқлаштирадиган республика давлат бошқарув органи ҳисобланади.

Вазирлик бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига, қонунда кўзда тутилган айрим масалалар бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўз мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибига киради.

2. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруқлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.

3. Вазирлик ўз фаолиятини бевосита ҳамда ички ишлар органлари орқали, шу жумладан давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар, шунингдек оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширади.

4. Вазирликнинг фаолияти очиқ ва ошкора ҳисобланади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Вазирлик давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва аҳолини мамлакатдаги криминоген вазият, ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳолати, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек Вазирлик ва ички ишлар органлари зиммасига юклатилган бошқа вазифаларнинг амалга оширилиши тўғрисида тизимли равишда хабардор қилиб боради.

5. Вазирлик юридик шахс ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўзининг номи ёзилган муҳрга эга бўлади, шунингдек Вазирлик фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирадиган ва белгиланган тартибда тасдиқланадиган ўз рамзига эга бўлиши мумкин.

2-боб. Вазирликнинг асосий вазифалари ва функциялари

6. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки, конституциявий тузум ҳимоя қилинишини, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш;

халқ билан тизимли манзилли мулоқотни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал этишга ҳар томонлама кўмаклашиш;

вояга етмаганлар ва ёшларни Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган авлодни терроризм, диний экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилишга қаратилган самарали ишларни ташкил этиш;

барча даражадаги ички ишлар органлари бўлинмаларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши бўйича, авваламбор, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, тезкор-қидирув ва эксперт-криминалистика фаолияти, суруштирув ва дастлабки терговни амалга ошириш соҳасидаги фаолиятини назорат қилиш, мувофиқлаштириш ва самарадорлигини таъминлаш;

жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини ҳимоя қилишни таъминлаш, муомалада бўлиши тақиқланган ёки қонун билан чекланган қурол-яроғ, бошқа предметлар ва моддаларни сотиб олиш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилишни ташкил этиш;

йўл ҳаракати хавфсизлиги ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли миграцияси ва паспорт тизими соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни ташкил этиш;

жиноий жазолар ва бошқа жиноий-ҳуқуқий таъсир чоралари ижросини, маҳкумларни тузатиш ва қайта тарбиялаш, шунингдек шахсларни қидириш ишларини ташкил этиш;

ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаблари ва бунга имкон яратадиган шарт-шароитларни тизимли таҳлил қилиш, уларни, шу жумладан қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш орқали бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларда қонун бузилишига муросасизлик муносабатини шакллантириш,  уларга қонунга итоаткорлик хулқ-атворини ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш ҳиссини сингдириш;

ички ишлар органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаш ва жой-жойига қўйиш, шунингдек ходимларини ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали тизимини ташкил этиш.

7. Зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун Вазирлик қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки, конституциявий тузум ҳимоя қилинишини, қонун устуворлиги, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида:

ички ишлар органларининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг бузилиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда ўз вақтида бартараф этиш борасидаги фаолияти самарали ташкил этилишини таъминлаш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунийликни ва қонун устуворлигини таъминлашга доир республика ва идоравий дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, ички ишлар органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини тизимли ва комплекс таҳлил қилиш;

шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, жамиятда фуқаролар тотувлиги ва аҳиллигини сақлашда иштирок этиш;

халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан ҳамкорликни амалга ошириш, шунингдек ушбу соҳадаги халқаро шартномаларга риоя этиш;

давлатга қарашли, алоҳида муҳим, тоифаланган ва бошқа объектлар, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар мол-мулкини ҳимоя қилишни ташкил этиш;

хорижий давлатлар, халқаро ташкилотларнинг дипломатик, консуллик ва ўзга турдаги ваколатхоналари, бошқа объектлар ҳамда юкларни қонунчиликка мувофиқ қўриқланишини ташкил этиш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этмаслик, қонун бузилиши ҳолатлари бўйича хизмат текширувларини ўтказиш ва ички ишлар органлари ходимларини жавобгарликка тортиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

б) халқ билан тизимли манзилли мулоқотни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал этишга ҳар томонлама кўмаклашиш соҳасида:

ички ишлар органларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш бўйича ишини самарали ташкил этиш, мурожаатларда кўтарилаётган муаммоларга юзаки муносабатда бўлишга йўл қўймаслик чораларини кўриш;

ички ишлар органларининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш соҳасидаги фаолиятини, шу жумладан жойларга чиқиб, мурожаатларда кўтарилаётган муаммолар бўйича зудлик билан тегишли чораларни кўриш орқали назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштиришни амалга ошириш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати учун асос бўлган қонун бузилиши ҳолатлари ва бошқа муаммоларни комплекс ва тизимли таҳлил қилишни амалга ошириш, шунингдек қонун бузилишларини бартараф этиш ва муаммоларни ҳал этишга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни такомиллаштириш, фуқароларни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича аҳоли билан тизимли манзилли мулоқотни йўлга қўйиш, шунингдек аҳолининг ички ишлар органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

юклатилган вазифаларнинг лозим даражада бажарилиши бўйича жамоатчилик назоратини кенгайтириш ва ички ишлар органлари мансабдор шахсларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга оид чора-тадбирларни, хусусан, жамоатчиликка ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботларни тизимли тақдим этиб бориши орқали амалга ошириш;

давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда тўғридан-тўғри ва яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

аҳолига унинг кундалик муаммоларини ҳал этишга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида ички ишлар органлари фаолиятида ижтимоий ва давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантиришни таъминлаш;

в) вояга етмаганлар ва ёшларни Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган авлодни терроризм, диний экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилишга қаратилган самарали ишларни ташкил этиш соҳасида:

ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ва ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қисми ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, ўсиб келаётган авлодни қонунга зид фаолиятга жалб этилишига йўл қўймаслик борасидаги фаолиятини самарали ташкил этиш;

вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълимини олишларига, ишга жойлашишларига кўмаклашиш, шунингдек, манмунли дам олишларини ташкил этиш;

ўсиб келаётган ёш авлоднинг онгида ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларни, халқнинг анъана ва урф-одатларини ҳурмат қилиш, шунингдек мустақиллик ғояларига садоқат туйғусини чуқур сингдиришга топтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

ёшларни терроризм, диний экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан, “оммавий маданият”нинг бузғунчи таъсири, шунингдек бошқа ахборот ва мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилишни ташкил этиш;

вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этишда давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш;

г) барча даражадаги ички ишлар органлари бўлинмаларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши бўйича, авваламбор, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, тезкор-қидирув ва эксперт-криминалистика фаолияти, суруштирув ва дастлабки терговни амалга ошириш соҳасидаги фаолиятини назорат қилиш, мувофиқлаштириш ва самарадорлигини таъминлаш соҳасида:

ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчилик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, шунингдек жиноят ишларини тергов қилиш, криминоген вазиятни прогноз қилиш амалиётига доир фаолиятининг самарадорлигини комплекс ҳамда тизимли таҳлил қилишни ташкил этиш;

ички ишлар органлари фаолиятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчилик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, уларни содир этиш сабаблари ва бунинг учун имкон яратадиган шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирларни режалаштириш ва амалга ошириш;

ички ишлар органларининг жиноятлар олдини олиш, аниқлаш, бартараф этиш ва фош қилиш борасидаги фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш;

давлат, жамоат ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига ҳуқуқбузарликларни содир этиш сабаблари ва бунинг учун имкон яратадиган шарт-шароитларни бартараф этишга доир тақдимномалар, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар киритиш;

жиноятлар, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида уюшган жиноий гуруҳлар ва ҳамжамиятлар фаолиятининг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган тезкор-қидирув тадбирларини  ташкил этиш;

қонунчиликка мувофиқ ички ишлар органлари терговига тегишли бўлган жиноятларни ўз вақтида ва тўлиқ фош этиш ҳамда ҳар томонлама тергов қилишни таъминлаш;

ички ишлар органларида суриштирув ва дастлабки терговни амалга ошириш жараёнида қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

тезкор-қидирув тадбирлари ва тергов ҳаракатларини техник-криминиластик таъминлаш, ахборот-маълумотнома ва криминалистика ҳисоби, картотека ҳамда коллекциялар юритилишини ташкил этиш;

маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни юритиш, қонунда назарда тутилган ҳолларда маъмурий жазони қўллаш тўғрисидаги қарорлар бажарилишини ташкил этиш;

д) жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини ҳимоя қилишни таъминлаш, муомалада бўлиши тақиқланган ёки қонун билан чекланган қурол-яроғ, бошқа предметлар ва моддаларни сотиб олиш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилишни ташкил этиш соҳасида:

кўчалар ва бошқа жамоат жойларида содир бўладиган воқеа-ҳодисалар, ҳуқуқбузарликларни, жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини комплекс ва тизимли таҳлил қилишни ташкил этиш;

жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек шартномавий-ҳуқуқий асосда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш хизматларини кўрсатишни ташкил этиш;

ички ишлар органлари ваколатига киритилган масалалар юзасидан ўрнатилган тартибда лицензиялаш ва рухсатнома туридаги ҳужжатларни бериш, шунингдек лицензия ҳамда рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш;

оммавий тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда, шунингдек аҳоли гавжум бўладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирлар амалга оширилишини назорат қилиш, вазирлик ва идораларнинг бу борадаги фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш ҳамда мувофиқлаштириш;

фуқароларга тегишли ва хизмат қуроллари ҳамда уларнинг ўқ-дорилари, саноат учун мўлжалланган портловчи материаллар, шунингдек пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва улар прекурсорларининг муомалада бўлиши соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ҳамда бартараф этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда аҳоли билан жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш;

е) йўл ҳаракати хавфсизлиги ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли миграцияси ва паспорт тизими соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни ташкил этиш соҳасида:

йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек миграцияни назорат қилиш ва паспорт тизими талабларига риоя этилиши самарадорлигини комплекс ҳамда тизимли таҳлил қилиш;

йўл ҳаракати хавфсизлигини, шу жумладан йўл-транспорт ҳодисалари ва йўл ҳаракати қоидалари бузилиши профилактикаси, шунингдек уларга қарши курашишни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни содир этишга дахлдор бўлганларни ва уларнинг шахсини аниқлаш;

ёнғинларнинг олдини олиш ва профилактикаси, аҳоли пунктлари ва иқтисодиёт тармоқлари объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашга доир дастурлар ҳамда бошқа комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ёнғиндан сақлаш бўлинмаларини ўт ўчириш техникаси ва бошқа техника воситалари билан таъминлаш соҳасида ягона техника сиёсатини амалга ошириш;

ёнғинларни ўчиришни, ёнғин ҳудудида қолган одамларни, жисмоний ва юридик шахслар мол-мулкини қутқаришни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш, шунингдек ёнғинлар ва улар оқибатлари ҳисобини юритиш;

давлат ёнғин назоратини амалга ошириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар ва фуқароларга аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш ҳамда ёнғинларнинг олдини олиш тадбирларини ўтказиш тўғрисида кўрсатмалар киритиш;

паспорт тизими қоидалари ва Ўзбекистон Республикасида бўлиш тартибига риоя этилиши устидан назоратни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикасига кириш ва чиқиш учун зарур ҳужжатлар, доимий ва вақтинчалик яшаш учун рухсатномаларни бериш ва расмийлаштириш ишларини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масаласи бўйича мурожаатлари кўриб чиқилишини ташкил этиш;

ж) жиноий жазолар ва бошқа жиноий-ҳуқуқий таъсир чоралари ижросини, маҳкумларни тузатиш ва қайта тарбиялаш, шунингдек шахсларни қидириш ишларини ташкил этиш соҳасида:

белгиланган тартибда жиноий жазолар ва бошқа жиноий-ҳуқуқий таъсир чоралари ижросини, шунингдек маҳкумларни тузатиш ва қайта тарбиялаш ишларини ташкил этиш;

жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш, жиноятларни бартараф этиш ва фош этиш, ҳуқуқ-тартибот ҳамда қонунийликни таъминлашга доир тадбирларни амалга ошириш;

жазони ижро этиш муассасаларининг ишлаб чиқариш, моддий-техник базасини ривожлантириш ва такомиллаштириш, маҳкумлар бандлигини таъминлаш учун янги иш ўринлари яратишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб, жиноий жазодан қочиб юрган шахсларни, бедарак йўқолган ва қонунчиликда назарда тутилган ҳолатларда бошқа шахсларни қидиришни, шунингдек шахси аниқланмаган мурдалар шахсини аниқлашни ташкил этиш;

хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан белгиланган тартибда шахсларни халқаро қидириш, ҳисбга олинганларни олиб келишни таъминлашда ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш;

з) ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаблари ва бунга имкон яратувчи шарт-шароитларни тизимли таҳлил қилиш, уларни, шу жумладан, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш орқали бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш соҳасида:

ички ишлар органлари фаолиятини юридик таъминлаш ва уларнинг қонун ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида қонунийликка риоя этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳуқуқбузарликларни содир этиш сабаблари ва шарт-шароитлари бўлган омилларни аниқлашни таъминлаш, шунингдек уларнинг тизимли таҳлилини амалга ошириш;

қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ҳуқуқбузарликларни содир этиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этишга доир таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, шунингдек уларни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига белгиланган тартибда киритиш;

ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, улар зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини юритиш;

и) жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларда қонун бузилишига муросасизлик муносабатини шакллантириш, уларга қонунга итоаткорлик хулқ-атворини ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш ҳиссини сингдириш соҳасида:

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларда қонун бузилишига муросасизлик муносабатини шакллантириш, уларга қонунга итоаткорлик хулқ-атворини ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш ҳиссини сингдириш мақсадида аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича ички ишлар органларининг мувофиқлаштирилган ишини ташкил этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари, Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний” жамғармаси ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ички ишлар органларининг аҳоли ўртасидаги ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ишларига жалб қилиш;

аҳоли ўртасида ҳуқуқий билимни тарғиб қилиш ва қонунчилик нормалари мазмун-моҳиятини, шунингдек мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларини тушунтиришда иштирок этиш;

ҳуқуқбузарликлардан жабрланган шахслар, ғайриижтимоий хулқли, ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил ва содир этган шахсларнинг ижтимоий реабилитация ҳамда ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларини қабул қилишни амалга ошириш ва ташкил этиш, уларнинг мурожаатларини қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва ҳал этишни таъминлаш;

аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича ахборот, ташкилий ва бошқа чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширилишини таъминлаш;

аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ишларини амалга оширишда оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш;

к) ички ишлар органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаш ва жой-жойига қўйиш, шунингдек ходимларини ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали тизимини ташкил этиш соҳасида:

ички ишлар органлари ходимларини танлаш, ўрганиш ва жой-жойига қўйишни, раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш ва улар билан ишлашни ташкил этиш;

кадрлар билан ишлаш ҳолатини таҳлил қилиш ва баҳолаш, уни янада такомиллаштириш ва ички ишлар органларининг кадрлар салоҳиятини кучайтириш бўйича устувор йўналишларни бегилаш;

ички ишлар органлари ходимлари томонидан мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, корупция ҳолатлари ва қонунга зид бошқа хатти- ҳаракатлар содир этилишини ўз вақтида аниқлаш, бартараф этиш ва профилактикасини амалга ошириш;

ички ишлар органлари ходимларининг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини ташкил этиш;

ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнини ташкил этиш;

ички ишлар органлари таълим муассасаларида илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни таъминлаш;

ички ишлар органлари ходимлари билан маънавий-тарбиявий ишларни, уларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортишни ташкил этиш;

ички ишлар органлари ходимларининг қонуний фаолиятига аралашиш ҳолатларига барҳам бериш чораларини кўриш;

ички ишлар органлари ходимларининг соғлиғини сақлаш, меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни уй-жой билан таъминлаш, хизмат мажбуриятларини бажариш муносабати билан ички ишлар ходимлари ёки уларнинг яқин қариндошлари мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш, давлат пенсия таъминоти, давлат суғуртасини, шунингдек ходимлар ва уларнинг оиласига қонунга мувофиқ ижтимоий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш;

ички ишлар органларининг жанговар ва сафарбарлик тайёргарлигини таъминлаш;

ички ишлар органларининг даволаш-профилактика, спорт, соғломлаштириш, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш.

Вазирлик қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

3-боб. Вазирликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

8. Вазирлик зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни  бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат органларига кўриб чиқиш учун қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш масалалари бўйича ўрнатилган тартибда таклифлар киритиш;

фуқароларни уларнинг розилиги билан ҳамкорликка жалб этиш, шунингдек ички ишлар органларига ёрдам берган ва жамоат тартибини сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва коррупцияга қарши курашишда ўрнак кўрсатган фуқароларни рағбатлантириш;

давлат органлари, бошқа ташкилотлар ёки манфаатдор шахсларга ҳуқуқбузарликларни, шунингдек уларнинг содир этилишига имкон яратган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш;

бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари билан ҳамкорликда қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқариш;

жиноятлар тафсилотлари, уларни содир этган шахсларни аниқлаш ҳамда шахсларни қидириш учун давлат органлари томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан бепул фойдаланиш;

ташкилотлар ва фуқаролардан ички ишлар органлари фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотни бепул олиш, қонунда бошқача тартиб ўрнатилган ҳоллар бундан мустасно;

жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва фош этиш мақсадида техника ва махсус воситалардан фойдаланган ҳолда ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базасини яратиш;

ички ишлар органлари фаолиятини ёритиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, расмий эълонларни чоп этиш, ички ишлар органлари зиммасига юклатилган вазифалар бўйича бошқа материалларни жойлаштириш учун қонунга мувофиқ босма ва электрон оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш;

икки томонлама ва кўп томонлама келишувлар асосида хорижий мамлакатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жамоат бирлашмалари ва халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш билан боғлиқ тадбирларни ўтказиш учун вазирлик ва идораларнинг мутахассисларини жалб этиш;

жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш учун давлат унитар корхоналари ташкил этиш тўғрисида таклифлар киритиш;

ички ишлар органлари бўлинмаларининг рамзларини, шу жумладан фарқловчи кўкрак нишонларини таъсис этиш.

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

9. Вазирлик ички ишлар органлари зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавобгардир.

4-боб. Вазирлик фаолиятини ташкил этиш

10. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига биноан тасдиқланадиган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимидан озод этиладиган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири (кейинги ўринларда – вазир) бошчилик қилади.

11. Вазир:

ички ишлар органлари тизимига умумий раҳбарликни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кўриб чиқиши учун ташкилий-штатлар, молиявий-иқтисодий, моддий-техник ва ички ишлар органлари зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа масалалар юзасидан таклифларни ўрнатилган тартибда киритади;

Вазирлик ва унинг бўлинмалари тузилмасига уларнинг жами чекланган штатлар сони доирасида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади;

мол-мулк ва объектларни қўриқлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш  ва қонунда назарда тутилган бошқа фаолият йўналишлари бўйича хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар асосида тушадиган маблағлар ҳисобидан Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Вазирликнинг тегишли бўлинмалари ходимларининг қўшимча штат бирликларини киритади;

ўз ваколати доирасида Вазирлик бўлинмаларининг ташкилий тузилмаларини тасдиқлайди;

ўз ваколати доирасида Вазирлик бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, шунингдек ҳудудий ички ишлар органлари тўғрисидаги намунавий низомларни тасдиқлайди;

давлат органлари, ташкилотлари ва аҳоли, шунингдек халқаро ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда Вазирлик номидан иш кўради;

Вазирликка берилган ваколатлар доирасида буйруқлар, фармойишлар ва бошқа ҳужжатлар чиқаради, уларнинг бажарилиши назоратини ташкил этади;

ўзининг ўринбосарлари ваколатларини белгилайди, улар ўртасида мажбуриятларни тақсимлайди, Вазирлик тизимининг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини, Вазирликнинг айрим участкалари фаолияти ва ички ишлар органлари ишига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ҳамда бошқа мансабдор шахсларнинг жавобгарлик даражаларини белгилайди;

ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқларининг қонунчилик талабларини бузган ҳолда қабул қилган қарорларини (ёзма кўрсатмаларини) бекор қилади;

ички ишлар органлари ходимларига ўрнатилган тартибда махсус унвонлар беради, Ўзбекистон Республикаси Президентига ички ишлар органлари генераллари таркибига унвонлар бериш ҳақида тақдимнома киритади;

Вазирлик стипендиясини таъсис этади, Вазирликнинг олий таълим муассасалари тингловчилари ва курсантларига бундай стипендия миқдорини ва тўлаш шартларини белгилайди;

ички ишлар органлари ходимлари, Вазирликнинг олий таълим муассасалари тингловчилари ва курсантларини рағбатлантириш ҳамда уларга нисбатан интизомий жазолар қўллаш масалаларини ҳал этади, Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари ва давлат мукофотларига тақдим этади;

Вазирлик зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

12. Вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва озод этиладиган етти нафар ўринбосар, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга эга.

Вазир бўлмаган ҳолларда унинг вазифасини биринчи ўринбосар бажаради.

Мажбуриятлар тақсимотига мувофиқ вазир ўринбосарлари Вазирлик фаолиятининг аниқ йўналишларига раҳбарлик қилади.

Вазирнинг топшириғи бўйича унинг ўринбосарлари ўз ваколатлари доирасида фармойишлар ва кўрсатмалар чиқаради.

13. Вазирликда вазир (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозими бўйича), шунингдек Вазирликнинг асосий фаолият йўналишларини амалга оширувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъат аъзоларининг сони ва шахсий таркиби Вазирнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат ушбу Низомда белгиланган асосий вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади.

Ҳайъат мажлисларига Вазирлик ваколатига кирадиган масалаларни кўриб чиқиш учун бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисда таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Вазир ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчилик пайдо бўлган тақдирда вазир мустақил равишда қарор қабул қилади, келиб чиққан келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот беради.

Ҳайъатнинг фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.

14. Вазирликда ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш масалаларини комплекс ҳал этиш учун кенгашлар ва комиссиялар тузилиши мумкин. Кенгашлар ва комиссиялар таркиби, шунингдек уларнинг низомлари Вазир томонидан тасдиқланади.

15. Ҳудудий ички ишлар органлари юридик шахс ҳисобланади ва ўз фаолиятини Вазир томонидан тасдиқланадиган низомларга асосан амалга оширади.

Ҳудудий ички ишлар органларига Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бошлиқлар раҳбарлик қилади, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан вазир билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири бундан мустасно.

Ҳудудий ички ишлар органлари жойлардаги давлат ҳокимияти органларидан мустақил ва бевосита Вазирликка бўйсунади.

20-06-2017 | 1635
Сайт харитаси
Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги
Маълумотлардан фойдаланилганда mvd.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт.
© Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2017
Яратувчи:

ИИВ АТА ва АҲБ

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг