Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги

Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Ҳолат юзасидан102
Ишонч телефони1102
Ўзбекистон Республикаси ИИВ: рақамли технологиялар соҳасида тадқиқотлар бўйича илк қадамлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази (ЭКБМ) бошлиғи, подполковник Наил Галипшин ва ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошқарма бошлиғи, подполковник Бахтиёр Бердиалиев Корея Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Рақамли экспертизалар миллий маркази Рақамли экспертизалар дивизиони (NDFC) мутахассислари билан музокаралар олиб боришди.

Мулоқот чоғида компьютер технологиялари соҳасидаги ва интернет тармоғидаги жиноятларга қарши курашиш бўйича ўзаро фойдали ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда меҳмонларга ИИВ ЭКБМ тузилиши, Бош марказ ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари томонидан ўтказиладиган экспертизалар ва тадқиқотлар турлари, Эксперт-криминалистика хизматининг Тергов департаменти билан ўзаро ҳамкорлиги тамойиллари ҳақида батафсил гапириб берилди. ИИВ ЭКБМ раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдида дактилоскопия, ҳужжатларнинг техник экспертизаси, автотехника экспертизаси, баллистика, трасология, физикавий-кимёвий тадқиқотлар ва бошқа анъанавий ҳамда махсус тадқиқотлар билан бир қаторда компьютер экспертизаларини ўтказиш вазифаси ҳам долзарб бўлиб турибди. Ҳозир ИИВда ЭКБМ таркибида компьютер экспертизаларини ўтказиш бўлинмасини тузиш бўйича ташкилий ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда глобаллашув жараёнлари жамият ва давлат ҳаётий фаолиятининг барча соҳаларини қамраб олган. Шунинг учун замон ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда содир этилган ғайриқонуний қилмишларни ва бундай жиноятларга алоқадор шахсларни аниқлашга қодир бўлган мутахассисларга эҳтиёжни келтириб чиқармоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хавотири ўринли. Чунки интернетдан фойдаланувчилар сони кундан-кунга ортмоқда. Мобиль коммуникация қурилмаларининг имкониятлари кенгаймоқда. Бунинг натижасида ҳам ижтимоий тармоқларнинг обуначилари сони кўпаймоқда. Террорчилик ташкилотлари аъзолари ижтимоий тармоқлар орқали ўз сафларига одам ёллаяпти. Бундан ташқари, жиноятчи кимсалар глобал «ўргимчак тўри»да фуқаролар ҳақида жойлаштирилган маълумотлардан фойдаланиб уларнинг, шунингдек юридик шахсларнинг банклардаги ҳисоб рақамларига кириб, пул маблағларини ўмаряпти.
Бу замонавий жиноятчилар қўяётган тузоқлардан бир қисми, холос. Коррупция билан боғлиқ жиноятларга дахлдор шахслар қўллайдиган усуллар ҳам кўпинча ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш билан боғлиқ. Интернетга ин қўйган фирибгарлар ҳақида ОАВ аҳолини мунтазам равишда хабардор қилиб боряпти. Аммо шунга қарамай содда, ишонувчан фуқаролар уларнинг тўрига илиниб қоляпти. Бунинг оқибатида, ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошқарма бошлиғининг сўзларига қараганда, мазкур тоифадаги фирибгарлардан жабр кўрганлардан тушаётган аризалар сони ортмоқда.
Шу муносабати билан Корея Респуб­ликаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Рақамли экспертизалар миллий маркази Рақамли экспертизалар дивизиони мутахассисларининг тажрибаси мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларида катта қизиқиш уйғотиши табиий. Учрашувда ушбу Дивизион директори Чой Жонг Му ва унинг бошқа масъул ходимлари Дивизионнинг ташкил этилиш тарихи ва ривожланиш йўли ҳамда истиқболлари, ташкилот ходимларининг фаолият тамо­йиллари, улар олдида турган вазифалар хусусида гапириб бердилар. Бундан ташқари, улар томонидан тергов ҳаракатларини ва рақамли экспертизаларни ўтказиш усуллари ҳамда услубларини ўргатиш бўйича тренинг ташкил этилди.
Томонлар компьютер экспертизалари соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, Корея Республикаси делегация аъзолари фаолият кўрсатадиган бўлинмада мамлакатимиз мутахассисларини ўқитиш имкониятларини муҳокама қилишди. Мулоқот бир-бирини тушуниш ва ўзаро ишонч руҳида ўтди.

И. САЙФУТДИНОВА.
С. ҲАКИМОВ олган сурат.

14-12-2017 | 915
Сайт харитаси
Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги
Маълумотлардан фойдаланилганда mvd.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт.
© Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2015-2018
Яратувчи:

ИИВ АТА ва АҲБ

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг