Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги

Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Ҳолат юзасидан102
Ишонч телефони1102
Фаолиятни тубдан ўзгартириш – бугунги кун талаби

Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, айрим ҳудудларда жиноятлар сезиларли камаймагани, баъзи жиноят турлари ошгани танқид қилинди. Айниқса, қотиллик, ўғирлик, фирибгарлик ва хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятларнинг ошгани кузатилган маҳаллалардаги муҳитни соғломлаштириш, жиноятчиликка қарши курашишда маҳалла маъсуллари, профилактика инспекторлари, ҳокимлик, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакилларининг маъсулиятини ошириш, зарур чора-тадбирлар кўриш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Президентнинг халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида ҳам вилоятда хизмат қилаётган профилактика инспекторлари учун етарли шароит яратилаётганига қарамасдан кутилган натижага эришилмаётгани танқид остига олинганди.

Танқиддан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник А.Мирзаев танқид остига олинган Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳридаги Ғарб мачит, Иштихон туманидаги Ўзбекистон, Оқдарё туманидаги Пўлатдархон маҳаллалари мутасаддилари, ҳокимлик, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда аҳоли билан учрашди, жойларга бориб ҳақиқий ҳолатни кўздан кечирди.

Каттақўрғон шаҳридаги Ғарб мачит маҳалласида бўлиб ўтган учрашувда жиноятчилик аҳволи яна бир бор таҳлил қилиниб, жамоатчилик билан ҳамкорликда ишлар яхши йўлга қўйилмагани айтиб ўтилди. Ишсизлик, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил фуқаролар, нотинч оилалар, ичкиликбозликка ружу қўйганлар, келишмовчилик кузатилаётган хонадонлар рўйхати тузилган бўлса-да, улар билан бевосита самарали иш юритилмагани олиб борилаётган профилактик ишларни пучга чиқаргани қайд этилди.

Худди шундай учрашув Иштихон туманидаги Ўзбекистон маҳалласи мутасаддилари ва тумандаги барча маҳаллалар раислари иштирокида давом этди. Таҳлилларга кўра, маҳаллада профилактик ҳисобда турувчилар сони 28 нафарни ташкил этади. Ҳудудда жорий йилда турли кўринишдаги 20 та жиноят содир этилган.

Хўш, бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик, ҳуқубузарликларнинг олдини олиш борасида маҳаллада қандай ишлар қилинмоқда? Мутасадди раҳбарлар танқиддан тўғри хулоса чиқаряптими?

Таъкидлаш лозимки, жиноятларнинг олдини олиш, содир этилганларини тез фурсатда фош этиш жамоат жойлари, дўкон ва гузарларга кузатув мосламаларининг ўрнатилиши муҳим ўрин тутади. Муқаддам туман ҳудудидаги бозорлар, гавжум жойларга 60 та замонавий видеокамера ўрнатилган эди. Жиноятчиликка қарши самарали курашиш мақсадида Ўзбекистон маҳалласи ҳудудида қўшимча 21 та кузатув камераси ўрнатилди. Жамоатчилик масканлари, тунги постлар ва навбатчилик гуруҳлари тузилиб, уларнинг фаолияти кучайтирилди. Янги спорт тўгаракларини ташкил этиш, уларга ёшларни жалб этиш чоралари кўрилмоқда.

Учрашувларда шунингдек, аниқ ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” асосида иш кўриш, секторларга мутасадди раҳбарларнинг иш юритиш тартибини тубдан ўзгартириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси

01-12-2017 | 441
Сайт харитаси
Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги
Маълумотлардан фойдаланилганда mvd.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт.
© Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2017
Яратувчи:

ИИВ АТА ва АҲБ

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг