Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги

Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Ҳолат юзасидан102
Ишонч телефони1102
25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни

Мамлакат осойишталиги, равнақи йўлида фидойилик кўрсатиш шу юрт фарзандиман деган ҳар бир инсоннинг бурчи. Айниқса, ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимлар кунни тунга улаб халқимиз тинчлиги, осойишталигини асрашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Ички ишлар вазирлигининг Маданият саройида бўлиб ўтган тантанали тадбирда бу алоҳида қайд этилди. 

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов кириш сўзи билан очиб, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар жараёнида қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, айниқса профилактика инспекторларининг хизмат ва яшаш шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганини, шу кунга қадар 1551 нафар профилактика инспекторига барча қулайликларга эга бўлган хизмат уй-жойи ва узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида шахсий автомашиналар тантанали равишда топширилганини таъкидлади. 

Юртимиз осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ички ишлар органлари ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлмоқдалар. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармон бунинг яққол тасдиғидир. Бундан ташқари Ички ишлар вазирининг буйруғи билан бир қатор ходимлар “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқ, эсдалик қўл соати ва пул мукофоти билан тақдирландилар. Шунингдек, бир қатор ходимларга “полковник” махсус унвонлари берилди.

Мукофотлар ИИВ Маданият саройида бўлиб ўтган тадбирда тантанали равишда топширилди.

– Бугунги кунда соҳага бўлган юксак эътибор натижасида фаолиятимизда бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани ички ишлар бўлими профилактика бўйича катта инспектори, “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби Темур Юсупбаев. – Албатта, хизмат фаолиятимиздан келиб чиқиб, бир қатор ҳамкасбларим қатори мен ҳам юксак мукофот билан тақдирландим. Ушбу ишончни оқлаш, халқимиз тинчлигини сақлаш йўлида хизмат қилиш энг муқаддас бурчимиздир. Бу мукофот менинг кейинги хизмат фаолиятимда катта масъулият юклайди. 

Байрам тадбирида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа ходимлари, ички ишлар органлари фахрийлари, хизмат бурчини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари иштирок этишди. Санъаткорларнинг чиқишлари тадбирга байрамона кайфият бағишлади. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Матбуот хизмати 

 

25-10-2017 | 334
Сайт харитаси
Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги
Маълумотлардан фойдаланилганда mvd.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт.
© Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2017
Яратувчи:

ИИВ АТА ва АҲБ

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг