Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги

Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Ҳолат юзасидан102
Ишонч телефони1102
Ўқув-амалий машғулотлар самара беради

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги ПҚ-2991-сон «Ёнғин хавфсизлиги соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ аҳоли, тадбиркорлар, давлат органларининг ёнғинларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш борасидаги кўникма ва малакаларини тизимли равишда такомиллаштириб бориш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти профессор-ўқитувчилари таркиби томонидан ҳар йили республиканинг ҳар бир маъмурий ҳудудларида объектлар раҳбарларини ёнғин хавфсизлиги асосларига ўқитиш учун комплекс сайёр ўқув-амалий йиғинлари ташкил этиш ва натижаси бўйича тест синовлари ўтказиб, тегишли намунадаги сертификатлар бериш белгилаб қўйилган.

Кўрсатиб ўтилган тадбирларнинг ижросини таъминлаш юзасидан объектлар раҳбарларини ёнғин хавфсизлиги асосларига ўқитиш учун комплекс сайёр ўқув-амалий йиғинлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ўтказилди. Эндиликда Тошкент шаҳрида жойлашган таълим муассасалари, меҳмонхоналар, савдо объектлари, тиббиёт муассасалари, дам олиш масканлари ва бошқа 200 дан ортиқ давлат аҳамиятига молик ўта муҳим ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган, ҳаёт маромини таъминловчи ҳамда тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган объектларнинг раҳбар ходимлари ўқув машғулотларни ўтамоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти бошлиғи генерал-майор А.Қўлдошев, Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари полковник С.Зупаровлар сайёр ўқув йиғинлар ўтказилиши бўйича қатнашчиларига тушунчалар бериб ўтишди.
Сайёр ўқув-амалий йиғинларни юқори савияда ўтказиш учун институтининг малакали профессор-ўқитувчилари жалб этилган. Йиғинлар 10 кун давом этиши, ўқув-машғулотлар давомида ёнғин ўчириш амалий-тактик кўргазмали машқлари ўтказилиши ҳам режалаштирилган бўлиб, тадбирларга Ички ишлар, Фавқулотда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, шунингдек бошқа ташкилот ва муассасалар жалб этилган.



- Ёнғин хавфсизлиги борасида ўтказилаётган шундай ўқув машғулотларни ўтказилиши биз учун жуда муҳим. Айниқса ўқув жараёнларини Ёнғин хавфсизлиги институти профессор ўқитувчилари томонидан олиб борилаётганлиги, амалий машғулотларда шартли ёнғинни ўзимиз ўчиришимиз учун шароитлар яратилиб берилаётганлиги ўқув машғулотларини жуда юқори савияда ташкиллаштирилганлигини кўрсатиб турибди, – дейди “LASEN GROUP” масъулияти чекланган жамиятга қарашли “МISS” автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчаси директори Элмира Аҳмедова.
Институт профессор-ўқитувчилари томонидан Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати шахсий таркиби билан ҳам ёнғинлар профилактикасининг илғор шакл ва усулларини жорий этиш, ёнғин ўчиришга жалб қилинадиган куч ва воситаларни бошқариш ҳамда улардан самарали фойдаланиш, ёнғин назорати ва ёнғинларни ўчириш соҳасига замонавий илмий-техника ютуқлари ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, ёнғинлар профилактикаси ва ёнғинларни ўчиришда юзага келаётган муаммоли вазиятлар, уларга сабаб бўлувчи шарт-шароитларни таҳлили амалга оширилиб, уларнинг ушбу борада орттирган билим ва кўникмаларини аниқлаш учун тест синовлари олиб борилди.



Шунингдек, ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ходимлари, Ёнғин хавфсизлиги институти профессор ўқитувчилари билан ҳамкорликда республиканинг барча ҳудудларида, маҳаллаларда, ташкилот ва муассасаларда тарғибот ва ташвиқот ишларини уюшқоқлик билан олиб бормоқдалар. Фуқароларга ёнғин хавфсизлиги талаблари, ёнғинни олдини олиш ва бартараф этиш, ёнғин содир бўлганда фуқароларни эвакуация қилиш йўллари ва бошқа масалаларда тушунчалар берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти Матбуот хизмати

14-09-2017 | 288
Сайт харитаси
Ўзбекистон Республикаси
Ички Ишлар Вазирлиги
Маълумотлардан фойдаланилганда mvd.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт.
© Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2017
Яратувчи:

ИИВ АТА ва АҲБ

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг