Талабалар билан учрашув.
Маълумки, Президентимиз И.А. Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 17 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларида эришилган улкан ютуқларни эътироф этиш билан бирга олдимизда турган долзарб вазифаларини ҳам белгилаб бердилар. Шу муносабат билан жойларда ўтказилаётган учрашув ва семинарлар давом этмоқда. Ўтган ҳафта Наманган Давлат университети ўқитувчилари ва талабалари билан ўтказилган учрашув ҳам ана шу мавзуга бағишланди.
Унда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ш. Маҳмудов Президентимизнинг «Ўзбекистон Конституцияси – биз учун демократик тараққиёт йўлида ва фуқаролик жамиятини барпо этишда мустаҳкам пойдевордир» номли маърузаларидан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида батафсил тўхталди.
Вилоят ИИБ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлинмаси бошлиғи подполковник О.Умаровнинг «Ички ишлар идораларида ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш», «Маҳалла» хайрия жамғармаси вилоят бўлими раиси О.Нуриддиновнинг «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – Асосий қомусимиз» мавзуларидаги чиқишлари ҳам учрашув қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Университетнинг 3-босқич талабаси Н. Рўзиматова ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, учрашув семинар ташкилотчиларига талабалар номидан миннатдорчилик изҳор этди.
Савол-жавобларга ва мунозараларга бой ўтган учрашув қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.



