ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИ ЙЎЛИДА
Ҳар доим, ҳар қандай шароитда инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш долзарб мавзулигича қолади. Чунки, инсон манфатлари ва унинг дахлсизлиги барча нарсадан муҳим.
Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кўзга кўринарли ишлар амалга оширилди. Айниқса, 1995 йил Ўзбекистонда Омбудсман институтининг ташкил топиши республикамиз фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Яна шуниси аҳамиятлики Мустақил давлатлар Ҳамдўстлиги ичида республикамизда биринчилардан бўлиб ушбу институти ташкил этилди ва Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўзбек моделини ишлаб чиқди. Дунёда биринчи Омбудсманнинг ташкил топганига икки юз йил бўлди. Юртимизда унинг фаолиятига ҳал кўп бўлгани йўқ. Аммо, шунга қарамай бугун биз Омбудсманнинг ижтимоий ҳаётимизга жадал равишда кириб бораётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бугун Ўзбекистон Омбудсмани Осиё давлатлари Омбудсманлари Ассосацияси ҳамда Европа давлатлари Ассосацияси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шунингдек, яқин вақларда Жанубий Корея ва Тайланд давлатлари билан ҳам ҳамкорлик шартномалари имзоланиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Омбудсмани ҳозирда юртимиз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга мамлакатимизда шахс манфаатларини қўллаб-қувватлаш юзасидан аҳоли ўртасида кўплаб тадбирлар, учрушув ва маърузалар ташкил этиб келмоқда.
Мана бир неча йилдирки Омбудсман институти Жазони ижро этиш бошқармасида кўплаб учрашув ва тадбирларни ўтказиб келмоқда. Айниқса маҳкумларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ва уларга бериладиган имтиёзлар юзасидан жазони ижро этиш муассасаларида кўплаб йи¢илишлар ташкил этилмоқда. Бу йиғилишлардан ходимлар ва маҳкумлар ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан керакли маълумотларга эга бўлмоқдалар.
Жорий йилнинг 1 февраль куни Жазони ижро этиш Бош бошқармаси мажлислар залида шундай учрашувлардан бири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари М.Усмонов билан давра суҳбати ташкил этилди. Маърузачи юртимизда Омбудсман институтининг олиб бораётган фаолияти тўғрисида тушунтиришлар бериш билан бирга, хорижий мамлакатларда ушбу институт фаолияти билан ҳам таништирди. Шунингдек, Омбудсманнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан алоқалари ва ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари юзасидан ахборот берди.
Шундан сўнг шахсий таркиб эътиборига Ўзбекистон Республикаси Омбудсманининг фаолияти ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди. Филъмда фуқаролар билан ишлаш ва мурожаатларни кўриш чиқиш тартиби ҳамда бир қанча фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини Омбудсман орқали таъминлаганлиги кўрсатиб берилди.
Маърузачи ўз нутқида: - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқларини бўйича вакили (Омбудсман) республикамиз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга республикамизда вақтинча истиқомат қилаётган чет эл фуқароларининг ҳам (агар шу мамлакат билан Омбудсмани билан шартнома тузилган бўлса) ҳуқуқларини ўз ҳимоясига олади. Шунингдек, чет элдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам ўз ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун шу мамлакатнинг Омбудсманнига мурожаат қилишлари мумкин. Зеро, барча Омбудсман ташкилотлари фаолияти миллий қонунчилик ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосланган ҳолда иш олиб боради, – дея таъкидлади.
Тадбир сўнгида Бош бошқарма ходимлари Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ўринбосаридан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.



