ПАЙҲОНГА ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ.
Деҳқонларнинг машаққатли меҳнати ҳамиша таҳсинга лойиқ. Улар меҳнатини қадрлаш, майдонлардаги қишлоқ хўжалиги экинларини турли талафотлардан сақлаш ҳар бир онгли инсоннинг бурчидир. Зеро, бугун кўзни қувнатиб униб-ўсаётган буғдой эртанги мўл-ҳосил гарови, юртимиз ғалла мустақиллигининг ишончли кафолатидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 10 декабрь кунидаги «Қишлоқ хўжалиги экинларини пайҳон қилинишига қарши курашишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни янада жонлантириб юборди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматлари ва уларнинг жойлардаги тизимлари томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини пайҳон қилинишининг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгиланиб, тегишли ташкилий ва амалий ишлар бажарилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ғанишер Эшонқуловнинг маълум қилишича, бугунги кунда жойларда ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўзини-ўзи бошқариш органлари ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги экинларини пайҳон қилиниши ва нобуд бўлишига олиб келган ҳолатларни аниқлаш, айбдор шахсларга нисбатан кескин қонуний чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чорва молларини экинзорлар ҳудудига киришини олдини олиш мақсадида уларнинг атрофини четанлар билан ўраш каби масалалар ҳам назардан четда қолмаяпти. Бу борада амалга оширилаётган ишларни жамлаб бориш, уларни таҳлил ва назорат қилиш мақсадида вилоят ва туман ИИБларида ишчи гуруҳлари тузилган.
2008 йил 12 декабрь куни қишлоқ хўжалиги экинларини пайҳон қилиниши ва нобуд бўлишининг олдини олиш борасидаги ишларни ташкил этиш мақсадида ички ишлар вазирлигининг масъул раҳбар ходимлари жойларга юборилди. Улар томонидан маҳаллий ҳокимликлар, ўзини-ўзи бошқариш органлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказилиб, Вазирлар Маҳкамасининг номи юқорида зикр этилган қарори талаблари асосида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Ғалла экин майдонларини пайҳон қилинишининг олдини олиш мақсадида бугунги кунда республикамиз бўйича 1338 та кузатув гуруҳи тузилган. Ўтказилаётган рейдлар натижасида республикамиз бўйича ғалла экинзорларини пайҳон қилиш билан боғлиқ 980 та ҳолат аниқланди. Етмиш тўрт гектар ғалла майдони пайҳон қилингани оқибатида фермер хўжаликларига қирқ етти миллион сўм миқдорда моддий зарар етказилган. Пайҳонга йўл қўйган 824 нафар фуқарога нисбатан судлар томонидан қонуний чоралар кўрилди.
Мисолларга мурожаат қилайлик. Бухоро вилояти Ромитан тумани ИИБ ҲООБ 93-сонли МТП профилактика инспектори капитан А.Кенжаев томонидан Ромитан тумани “Атторон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги «Меҳриддин» фермер хўжалиги буғдойзорини Р.Ғаффоровнинг 80 бош қўйи пайҳон қилаётгани ҳолати аниқланди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, хўжаликнинг 0,06 гектар ғалла майдони пайҳон қилинган. Натижада 70.800 сўмлик моддий зарар етказилган. Ромитан туман судининг қарорига асосан фуқаро Р.Ғаффоровга жарима солиниб, етказилган зарар тўлиқ ундирилган.
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ИИБ ҲООБ МТП профилактика инспектори капитан К.Одилов ҳам ана шундай ҳолатни аниқлади. Туманинг “Оқсув” қишлоқ фуқаролар йиғини Улоч маҳалласида яшовчи Р.Очилованинг бир бош қора моли «Фазлиддин» номли фермер хўжалигининг 0,04 гектар ғалла майдонини пайҳон қилиб, хўжаликка 40.000 сўм зарар келтирган. Шаҳрисабз тумани суди ушбу ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, Р.Очиловага жарима солди ва етказилган моддий зарарни тўлиқ ундирди.
Тўғри, деҳқон меҳнатини ҳар ким ҳам чуқур тушуниб етавермайди. Бироқ ўзи хўжалик аъзоси бўла туриб, нон-туз еяётган жойига нисбатан беписанд муносабатда бўладиган, лоқайдлиги ортидан нафақат фермерга, балки, алалоқибат ўзига ҳам зиён етказаётганларни кўрганингда афсусланасан киши. Олтиариқ тумани “Қапчуғай” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги «Улуғбек Зафаробод» фермер хўжалиги ишчиси Ғ.Дониёровнинг 20 бош қўйи мазкур хўжаликка тегишли буғдой майдонининг 0,05 гектарини пайҳон қилган. Натижада хўжалик иқтисодига зарар етган. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди қарор чиқариб, Ғ.Дониёровни жаримага тортди ва хўжаликка етказилган зарарни ундан тўлиқ ундирди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Кези келганда яна бир мулоҳаза. Жойлардаги маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари фаоллари ғаллазорларни пайҳон қилинишига йўл қўймаслик борасида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб боришлари зарур.
Бир сўз билан айтганда, Қишлоқ тараққиёти ва фаравонлиги йилида қишлоқларимиз фаравонлиги, дастурхонларимиз тўкинлиги бугун ниш уриб, панжа отаётган майсаларнинг беталафот униб-ўсишига боғлиқ. Қишлоқ хўжалиги экинларини пайҳон қилинишига қарши курашиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.



