Ташкилий тузилиш

Тергов бош бошқармаси

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тергов бош бошқармаси
 
1963 йилга қадар жиноий ишларга доир дастлабки терговни прокуратура идоралари терговчилари олиб борар эди. 1963 йил 6 апрелдаги Собиқ иттифоқ Олий Кенгаши раёсатининг «Жамоат тартибини сақлаш идораларига дастлабки терговни олиб бориш ҳуқуқини бериш тўғрисида»ги Фармони асосида  Ўзбекистонда  ҳам Жамоат тартибини сақлаш вазирлиги таркибида тергов бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жамоат тартибини сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар милиция бошқармаси, жамоат тартибини сақлаш вилоят бошқармаларида тергов бўлимлари ташкил этилди.
Шунингдек шаҳар-туманларда, темир йўл участкаларида  тергов бўлинмалари ва  тергов гуруҳлари тузилди. Жиноят-процессуал кодексида жамоат тартибини сақлаш идораларининг терговчилари  томонидан  дастлабки тергов  олиб бориладиган жиноят турлари белгилаб қўйилди.
Ўша пайтдаги ички ишлар идораларида олий юридик  маълумотга эга бўлган,  кадрлар етишмаганлиги сабабли ўрта ҳуқуқий маълумотга эга бўлган шахслар истисно тариқасида  тергов ишига жалб қилинар эди. Шунда щам улар жиноий ишларни тергов қилиш соҳасида  амалий ишда  катта  тажриба орттирган бўлиши  шарт эди.
Шундай қилиб, Ички ишлар тергов идоралари 1963 йил 1 июлдан расмий равишда ўз вазифаларини бажаришга киришди ва  Ички ишлар идоралари тергов аппарати фаолияти бошланганига 2006 йилнинг 6 апрелида 43 йил тўлди.
1968 йил 25 ноябрдан  Жамоат тартибини сақлаш Вазирлиги  Иттифоқ Ички ишлар Вазирлигига айлантирилди ва шу йил 23 декабридан бошлаб собиқ Иттифоқнинг барча шаҳар ва туманларда  Ички ишлар бошқарма ва бўлимлари ташкил этилди.
1970 йилга қадар фақат Республика ички ишлар вазирлиги вилоят ва шаҳар бошқармалари таркибида тергов аппарати бор эди, терговчилар шаҳар ва туман ички ишлар бўлинмаларининг бошлиқларига бўйсунмасалар ҳам шу бўлинмалар ҳузурида тергов ишларини олиб боришарди.
1970 йилдан бошлаб шаҳар ва туман бўлимлари таркибида тергов бўлинмалари ва гуруҳлари ташкил этилди. 1972 йилда транспорт ички ишлар бошқармасида ҳам тергов аппарати барпо этилди.
Собиқ шўро тузуми партия ва ҳукуматининг 1965 йил 10 декабрдаги қарорига мувофиқ терговчи лавозимига ишга тайинлаш ёки бўшатиш учун тегишли вилоят, шаҳар ёки район партия қўмитасининг розилиги бўлиши шарт эди. Бу билан  партия ва ҳукуматнинг  жойларда тергов фаолиятига  ўз тазйиқини ўтказиш имконини берар ва терговчиларнинг мустақиллигига  ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб келар эди.
Аминов Акмал Неъматович  Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тергов бошқармасининг биринчи раҳбари бўлган. У 1913 йилда туғилган, Улуғ ватан уруши қатнашчиси, бир қанча орден ва медаллар билан мукофотланган, А.Аминов Ички ишлар вазирлиги Тергов бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлинмалари ишини йўлга қўйишда катта ҳисса қўшди.
1965-1970 йилларда 1923 йилда туғилган Совет иттифоқи қаҳрамони Алексей Александрович Голубенко вазирликнинг Тергов бошқармасига бошчилик қилди. Ўша йилларда Республика ички ишлар идораларининг тергов аппарати махсус хизмат турига айланиб, кўпроқ тергов ишлари юритиладиган бўлди.
1966 йилнинг февралида «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист» фахрий унвони таъсис этилди ва  кўкракка тақиладиган нишон намунаси тасдиқланди.
Республикада терговчилар ичидан биринчи бўлиб ушбу унвонга  1966 йил 22 августда узоқ  йиллар жиноятчиликка қарши кураш соҳасида  меҳнат қилган Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси терговчиси Мирбаҳо Иброҳимов сазовор бўлди.
С.В.Калустьян ва У.Т.Султонов бир қанча йиллар давомида тергов бошқармасига бошчилик қилдилар, кейинчалик улар марказ ўтказган сиёсат натижасида 1984-1985 йилларда ассоссиз равишда айбландилар. Лекин ҳақиқат қарор топди-улар оқланди. У.Т.Султонов эса яна бир неча йил давомида тегов идораларида катта раҳбарлик лавозимларда ишлади ва 1992 йилнинг февралида нафақага чиқди.
1963 йилда терговчиларимиз республика ҳудудида содир этилган жиноий ишларнинг салкам 40 фоизи юзасидан тергов ишларини олиб борган бўлса, 2005 йилда бу кўрсатгич 80 фоизни ташкил этди.
Тергов бошқармасининг фаолияти тўғрисида гапирганда, ўзининг бутун ҳаётини, ёшлигини билими ва кучини шу қийин ва фахрли ишга бағишлаган аёлларимизни эсга олмаслик мумкин эмас. 1967-1968 йилларда тергов бошқармасининг терговчиси, бош терговчиси бўлиб ишлаган Холида Инаятовна Абдуллаева, алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчи полковник Нонна Петровна Абаева,  полковник Қурбонбиби Султонова,  полковник - Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси тергов бошқармасининг катта терговчиси Надежда Павловна Погосовалар ана шундай фидокор аёллардир. Ушбу аёллардан ҳар бирининг меҳнат фаолияти алоҳида китоб ёзиш учун арзийдиган воқеаларга бойдир.
Қ.Султонова ҳамиша катта ҳажмдаги  мураккаб ишлар билан шуғулланадиган тергов-тезкор гуруҳида бошчилик қилади. Кўплаб ёш терговчилар шу талабчан ва масъулиятли аёлдан маҳорат сирларини ўргандилар.
Ўша даврда Н.П.Погосовага «Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган юрист» унвони берилди. Н.П.Абаева эса «Ички ишлар вазирлигининг хизмат кўрсатган ходими» нишони билан тақдирланди. Н.П.Погосова 1963 йилдаёқ «Адлия аълочиси» нишони билан мукофотланиб унга иккинчи сонли гувоҳнома берилганлиги диқ қатга сазовордир.
Шунингдек Андижон вилояти Пахтаобод туман ички ишлар бўлими катта терговчиси  подполковник Ғофуржон Маҳмудов ҳам «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» унвонига сазовор бўлган эди.