Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси
Ўзбекистон Республикаси Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармаси
Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармаси (кейинчалик – Бош бошқарма) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги тизимига киради ҳамда аҳоли яшаш пунктлари, маданий-маиший, ишлаб чиқариш ва стратегик аҳамиятга эга бўлган объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлайдиган ҳудудий ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятига раҳбарлик қилади ва мувофиқлаштиради.
Бош бошқарма фаолияти негизини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва кўрсатмалари, Вазирлар Маҳкамасининг қарори, ИИВ меъёрий ҳужжатлари ташкил этади.
Бош бошқарма фаолияти қонунчилик, адолат, ишни ташкил этиш тизимини бир бошидан ва умумлашган ҳолда аҳоли яшаш пунктлари, маданий-маиший ишлаб чиқариш объектларида ёнғин хавфсизлигини ташкил этишга асосланган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармаси ўзининг ҳисоб рақамига, Ўзбекистон Республикаси герби туширилган муҳрга Бош бошқарма номига тўлиқ эга бўлган юридик шахс ҳисобланади.
Бош бошқарманинг асосий вазифалари
Бош бошқарманинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
-аҳоли яшаш жойлари, стратегик аҳамиятга эга бўлган объектлар, ижтимоий-маданий, саноат ва бошқа объект ва коммуникацияларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш;
-ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган самарали профилактик ишларни ташкил этиш, аввало мураккаб ва узоқ давом этувчи, мамлакат хавфсизлигига ва иқтисодиётига катта зарар келтирадиган ёнғинларга сабаб бўладиган ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш, ишлаб чиқариш ва бошқа объектларда ёнғинга қарши текширишларни сифатли ўтказиш;
-ёнғинларни, аввало стратегик муҳим объектлардаги, шу жумладан қўпорувчилик-террористик актлар ва бошқа жиноий тажовузлар, табиий офатлар ёки техноген характердаги фавкулотда вазиятлар оқибатида содир бўлган ёнғинларни ўз вақтида олдини олиш ва бартараф этиш;
-ёнғин хавфсизлигини таъминлашда жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўлинмалари ҳамда Давлат бошқарув идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар, Фавқулотда вазиятлар вазирлигининг авария-қутқарув хизматлари, махаллий ўз-ўзини бошқарув идоралари ва фуқароларнинг “Махалла посбони” жамоатчилик уюшмалари билан самарали ҳамкорликни ташкил этиш;
-ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг самарали меъёрий-ҳуқуқий базасини яратиш, юқори малакали ёнғин-техник экспертизасини ташкил этиш, ушбу соҳада лицензиялаштириш ва сертификациялаштиришнинг муқобил ишлаш тизимини яратиш;
-ўз вақтида ёнғинларни олдини олишда, содир бўлган ёнғинларни ёйилиб кетишига йўл кўймасликда ва бартараф этишдаги ташкилий, маъмурий-ҳуқуқий, профилактик ва тартиботнинг амалдаги тизими самарадорлигини таҳлил қилиш, илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш асосида уни такомиллаштириш тадбирларини ишлаб чиқиш;
-замонавий компьютер воситалари ва технологияларини қўллаш орқали, ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини бошқаришнинг улар хизмат қилаётган ҳудудларда самарали диспетчерлик хизмати ва ахборот-компьютер тизимини яратиш;
-ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари шахсий таркибининг юқори жанговар тайёргарлигини ва маънавий-аҳлоқий тарбиялашни таъминлаш;
-ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш, кадрларни танлаш, жой-жойига қуйиш ва тарбиялаш тартибини такомиллаштириш.
Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармасининг асосий вазифалари
Юклатилган вазифаларни ҳал этиш мақсадида Бош бошқарма қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширади:
Ёнғинни олдини олиш ва ёнғин назоратини ташкил этиш доирасида:
-республика иқтисодий тармоқлари масканлари, аҳоли турар жойларнинг ёнғин хавфи ҳолатини таҳлил қилиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва яхшилаш борасида ўз вақтида таклифлар киритиш ҳамда уларни таҳлил қилиш;
-ёнғин хавфини туғдирувчи ҳолатлар юзасидан ўрнатилган тартибда давлат идоралари, ташкилотлар раҳбарларини ҳамда мулкчилик шаклидан қатъий назар корхоналар раҳбарларини, уларнинг тасарруфидаги масканларнинг ёнғинга қарши ҳолати ҳақида хабардор этиш ва улар томонидан чора кўришни таъминлаш;
-республика ёнғин назорати органлари томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузилиши юзасидан маъмурий чора кўриш ишларини тўғри бажарилиши юзасидан назорат ўрнатиши;
-ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида стандартларни ишлаб чиқишда, меъёр ва қоидалар ҳамда меъёрий-ҳуқуқий актларни тайёрлашда қатнашиш ва уларни ҳаётга тўла тадбиқ этиш;
-аҳоли ўртасида, корхоналарда ва мулкчилик шаклидан қатъий назар ташкилотларда ёнғинга қарши чораларни тадбиқ этишда мақсадли ишларни амалга ошириш, масканлардаги ёнғинга қарши ҳолатни таъминлашда раҳбарларнинг жавобгарлигини ошириш;
-Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган, чет эл элчихоналари ва ваколатхоналари илтимосига кўра улар жойлашган бино ва иншоотларни ёнғинга қарши ҳолатини текшириб керакли маслаҳатлар бериш;
-ёнғинлар бўйича суриштирув ва тергов ишларида, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузилиши ҳақида суриштирув ишлари ўтказишда кўмак бериш, керак бўлган ҳолда мустақил равишда суриштирув ўтказиш.
Меъёрий-экспертиза ишлари доирасида:
-лойиҳалаш ташкилотларида ишлаб чиқарилган лойиҳаларни ёнғин хавфсизлиги қоидаларига ҳамда қурилаётган объектларда ёнғинга қарши тадбирларни бажарилишини назорат қилиш;
-ёнғин автоматикаси қурилмаларини лойиҳалашда, жиҳозлашда, созлашда ва техник хизмат кўрсатиш ишларида меъёр ва қоидалар талаблари ижросини назорат қилиш;
-қурилиши тугалланган объектларни давлат қабул қилиш ҳайъатларида қатнашиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишларни бажариш учун тадбирлар рўйхатини тақдим этиш.
Ишлаб чиқарилган махсулотларни ва хизматларни лицензиялаштириш ва сертификациялаш ишлари доирасида:
-Ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда сертификация ва лицензиялаш ишларида иштирок этиш;
-қурилиш материалларини ва анжомларини ёнғинга қарши синовдан ўтказувчи марказларни аккредитация қилиш ва ишларини ташкиллаштириш;
-ёнғин сабабларини ўрганишда ва синов сертификация ишларини олиб борувчи ёнғин синов лаборатория (синов марказлари) фаолиятини мувофиқлаштиради.
Ёнғин ўчиришни ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш доирасида:
-ўта муҳим объектларда содир бўлган ва узоқ давом этувчи ёнғинларни қуршаб олиш ва бартараф этишда ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларининг шахсий таркибини жангавор тайёргарлигини юқори даржада таъминлаш;
-ўта муҳим ва тоифаланган объектларда содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларни ўчириш учун куч ва воситаларни жалб қилиш тезкор режаси ва шунга ухшаш режалар ишлаб чиқиш;
-ўта муҳим ва тоифаланган объектларда мақсадли амалий-тактик машқларни ўтказиш, шу билан бирга корхона ва муассаса рахбарлари билан ёнғин хавфсизлиги саволлари бўйича тажриба ўтказиш;
-ёнғинларни келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, уларни ўчириш тактикасининг таҳлили, профилактик ишларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;
-ёнғин хавфсизлиги бўйича вазирликлар ва маҳкамалар, ташкилотлар ва корхоналар билан ҳамкорлик қилиш.
Ўта муҳим ва тоифаланган объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш доирасида:
-ўта муҳим ва тоифаланган, маданий - маиший, саноат ишлаб чиқариш, мувофиқлаштириш объектларида ёнғинни олдини олишга ва кучайтиришга қаратилган чора - тадбирларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга тадбиқ этиш;
-кўрсатиб ўтилган объектларда ёнғинларни қисқа вақт ичида қуршаб олиш ва ўчириш, бирламчи авария қутқарув ишларини ташкиллаштириш;
-корхоналар раҳбарияти, мухандис - техник ходимлари, ишчи ва хизматчиларга ёнғинни олдини олишга қаратилган меъёр, қоида ва талабларни ўргатиш;
-корхоналарнинг ёнғинга қарши ҳолати тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш, уларни ўзгартириб бориш, биринчи ўринда қилиниши лозим бўлган ёнғинни олдини олиш чораларини режалаштириш ва бажарилишини амалга ошириш;
-ахоли яшаш пунктлари ва халқ хўжалиги объектларини қўриқланишини ўрнатилган тартибда қабул қилиш ҳақидаги маълумотларни тайёрлаш;
-стратегик аҳамиятга эга бўлган муҳим объектлар ҳақидаги тезкор-хизмат ва маълумотларни тайёрлаш.
Ёнғинларни олдини олиш ва бартараф этиш бўйича янги усуллар ва техник воситаларни ишлаб чиқиш доирасида:
-ИИВ Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби билан ҳамкорликда технологик жараёнларда ёнғинларни олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича янги усулларни ва техник воситаларни ишлаб чиқиш ва уларни кўллаш бўйича тадқиқотлар ўтказиш, ёниши қийин бўлган қурилиш ва бошқа материалларини яратиш, шунингдек шахсий таркибнинг ҳимоя воситалари ҳамда ёнғин ўчириш техникаси, ёнғинни ўчириш техникаси воситаларини замонавийлаштириш;
-Мамлакатимизда ва чет элларда ишлаб чиқилаётган қурилиш конструкциялари ва материаллари, асбоб - ускуна ва қурилмаларни меъёрий ҳужжатлар (қурилиш меъёрлари ва қоидалари, ГОСТ, республика ва саноат стандартлари, техник шартлар ва бошқалар)га мослигини, ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб беришини назорат қилиш;
-Ёнғин хавфсизлиги бўйича муаммоларни ҳал қилиш бўйича давлат ва илмий - техник дастурларда иштирок этиш;
-қурилиш конструкциялари, модда ва материаллар, саноат қурилмаларини ёнғин хавфсизлиги талабларига мос қилишини сертификат текширувларини ўтказиш;
-мамлакатимизда ва чет элларда ишлаб чиқарилаётган махсулотларни ёнғин хавфсизлиги талаблари мослигини тасодифий танлаш йўли билан назорат қилиш.
Кадрларни таъминлаш доирасида:
-ИИВ ўқув юртларига ўқишга кирувчи, ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари хизматига турли соҳа мутахассисларидан номзодларни сифатли танлаш;
-буйсунувчи бўлинмалар шахсий таркибини касбий тайёргарлигини, малакасини оширишни ташкил этиш ва уни доимий ривожлантириш;
-ёнғин хавфсизлиги бошқарма ва бўлинмаларида тарбиявий ишларни ташкиллаштириш ва уни доимий ривожлантириш;
-буйсунувчи бўлинмаларда республика қонунларига риоя қилинишини назорат қилиш.
ДАВЛАТ ЁНFИН ХАВФСИЗЛИГИ ХИЗМАТИНИНГ СТРУКТУРАСИ.
ЁНГИН ХАВФСИЗЛИГИ БОШ БОШҚАРМАСИДА ХИЗМАТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати (ДЁХХ) қуйидаги таркибдан иборат:
-Ўзбекистан Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармаси (ЁХББ),
-Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоятлар ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси (ЁХБ),
-Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги туман (шахар) ички ишлар бўлими Ёнғин хавфсизлиги бўлим (бўлинма) лари,
-Ёнғин хавфсизлиги отряд (қисм) лари.
Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармаси қуйидаги асосий бошқарма ва бўлимлардан иборат:
-жанговар тайёргарлик ва ёнғинни ўчиришни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси,
-ёнғинни олдини олиш ва ёнғин назоратини ташкил этиш бошқармаси,
-алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси,
-ахборот таҳлил ва услубий таъминот бўлими,
-кадрларни танлашни, касбий тайёргарлигини ташкил этиш ва ижтимоий —ҳуқуқий ҳимоялаш бўлими.



