ВАТАННИ АСРАМОҚ ЭНГ ОЛИЙ БАХТДИР
Ватан ҳимояси. Ушбу сўз замирида жуда катта маъно-мазмун мужассам. Истиқлолимизнинг дастлабки йиллариданоқ Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий армиямизни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимизнинг Қуролли Кучлар ислоҳотига йўналтирилган дастурига оғишмай амал қилинганлиги натижасида эндиликда бу тизим нафақат тўла шаклланди, балки замонавийлашиб, юртимиз, халқимизнинг мустаҳкам қалқони, таянчи ва ифтихорига айланди. Шу боисдан 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни юртдошларимиз томонидан кўтаринки руҳда нишонланиши анъанага айланиб бораяпти. Кўплаб ёшларимизнинг ўз тақдири ва келажагини Ватан ҳимоясига боғлашганининг ўзи ҳам миллий армияга келажак авлоднинг эътибори юксаклигидан далолат беради.
Жорий йилда ушбу сана алоҳида тантана билан нишонланди. Юрт¬бошимиз асос солган Ўзбе¬кистон Республикаси Қуролли Кучлари 20 ёшга тўлди.
Миллий армиямизнинг ушбу айёмини республика ички ишлар идоралари ходимлари ҳам муносиб кутиб олишга тайёргарлик кўришгани ИИВ Маданият саройида бўлиб ўтган тантанада айниқса, яққол кўзга ташланиб турарди. Бу жойга ташриф буюрган вазирлик марказий аппарати шахсий таркиби, ички ишлар идоралари фахрийлари, жойлардаги ИИБлари ходимлари қутлуғ айём билан бир-бирларини муборакбод этишар, юз-кўзларида қувонч балқирди.
Барча иштирокчилар тантана бошланишини интиқлик билан кутмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Б. Матлюбов минбарга кўтарилди. Вазир гулдурос қарсаклар остида йиғилишни очганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи олиб кирилди. Шундан кейин оркестр ижросида Давлатимиз мадҳияси янгради.

Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Б. Матлюбов тизим фахрийлари ва ходимларини ҳамда уларнинг оила аъзоларини муборакбод этар экан, жумладан, шундай деди:
- Шу кунларда мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимизнинг 20 йиллик байрами халқимиз томонидан катта шодиёна билан нишонланмоқда, тинчлигимиз посбонларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда. Тинчлик - энг бебаҳо неъмат. Унинг қадри ва мазмун-моҳиятини англаган юртдошларимизнинг нияти пок, «юртимизда тинчлик ва хотиржамлик бўлсин!» дейишади.
Истиқлолнинг дастлабки йилларидан миллий армиямизни ташкил этиш, мамлакатимиз мудофаа тизимини такомиллаштириш масаласи давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири бўлиб келмоқда. Ўтган даврда замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямизни барпо этиш босқичма-босқич амалга оширилганини алоҳида айтиш жоиз.
Юртбошимиз таъкидлаганларидек, «Армияни том маънода армия қиладиган, ҳар қандай мураккаб вазият ва синовлардан ёруғ юз билан чиқишга асос бўладиган, унинг жанговар қудрати ва ҳарбий маҳоратини юксалтирадиган куч бу - армия сафларида хизмат қилаётган инсонлардир».
Эндиликда ҳарбий соҳадаги ислоҳотлар шарофати туфайли ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш вазифасига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари ҳарбий қисмлари сафларида ҳам иқтидорли, шижоатли кадрлар жуда кўп. Ватан манфаатларига садоқатли, тинчлик-осо¬йишталикни кўз қорачиғидек асраёт¬ган йигит-қизларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Уларнинг хизмат фаолияти давлатимиз, халқимиз томонидан муносиб баҳоланмоқда.
Республика ИИВ Тошкент олий ҳарбий-техника билим юртида ҳам бундай ёшларнинг пухта илм эгаллашлари учун барча шароитлар яратилган: ўқишни тугатган юзлаб офицер кадрлар ички ишлар идоралари ва ҳарбий бўлинмаларда, ҳуқуқ-тартибот органларида виждонан хизмат қилиб, осойишталикни сақлаш, фуқароларимиз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялашда камарбаста бўлишаяпти.
Ана шундай фидойи ҳамкасбларимиздан бир гуруҳи Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимизнинг 20 йиллиги муносабати билан Президентимизнинг Фармонига кўра, давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланишди. Ушбу давлат мукофотлари мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, барқарорликни таъминлаш йўлида Ички ишлар вазирлиги тизимларида самарали хизмат қилаётган барча ходимлар, ҳарбий хизматчиларнинг фидокорона меҳнатларига берилган муносиб баҳодир. Фурсатдан фойдаланиб, барча ходимларни, уларнинг оила аъзоларини қутлуғ айём билан яна бир бор муборакбод этаман, - деди Б. Матлюбов
Анъанага кўра, Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Б.Матлюбов юксак мукофотларни тантанали равишда ўз эгаларига топширди. Шундан кейин байрам шодиёналари куй ва қўшиқларга уланиб кетди. Унда республика ИИВ Ашула ва рақс ансамбли ҳамда таниқли санъат усталарининг чиқишлари, дилтортар қўшиқлари, рақслари йиғилганларга хуш кайфият бағишлади.
Ушбу ҳаяжонли дамларда вазиримиз қўлидан мукофотларни қабул қилиб олаётган ходимларнинг қувончлари чексиз эди. Улардан баъзиларини суҳбатга чорладик.
- Бугунги тадбирга таклиф қилинганимдан жуда қувонгандим. - Қолаверса, вазиримиз қўлидан давлатимизнинг юксак мукофотларини олишни хаёлимга ҳам келтирмагандим, - дейди Қашқадарё вилояти ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси отряди командири, «Меҳнат-шуҳрати» ордени соҳиби, подполковник Сайфулла Мурадов. - Тўғриси, ҳаяжонимни яширолмадим: шу азиз Ватан тинчлиги, осойишталигини сақлашга озгина бўлсада ўз ҳиссамни қўшганимдан бахтиёрман. Мазкур мукофот зиммамга янада масъулият билан хизмат қилишимни тақозо этади. Барча ҳамкасбларимни ушбу айём билан табриклайман.
- Ватан ҳимоячиси деган тушунчанинг қадри нақадар улу-лиги бугунги тадбирда яна бир бор намоён бўл¬моқда. - Қаранг, эгнидаги либослари ярашиб турган офицер, сержант ва сафдорларга. Уларнинг шижоати, сергак ва зийраклиги она заминимиз ва халқимизни ҳар қандай ёвлардан асрашга қодирликни англатади. Ўғлим, марҳум Ёқубжон Агзамов ҳам Янгийўл шаҳар ИИБда жиноят қидирув хизмати бўлинма бошлиғи лавозимида ишларди. У доимо жиноятчиларга қарши курашишда муросасиз эди. Аммо умри қисқа экан. Айни дамда унинг номидан «Жасорат» медалини республика Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Б. Матлюбов қўлидан олаётиб, фахр-ифтихор тўйдим. Эл осо¬йишталиги йўлида жонини қурбон қилганлар мангуликка дахлдор ва унутилмаслиги мана шу дамда ҳам ўз исботини топиб турибди. Ҳукуматимизга ва республика Ички ишлар вазирлигига минг раҳмат, оиламизни қўллаб-қувватлаб, марҳум фарзандимиз хизматини юксак мукофотга лойиқ топганлиги учун, – дейди Шукуржон Агзамов.
Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантана шукуҳи Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматларида ҳам мард ва жасур, юрт осойишталиги йўлида ҳамиша ҳушёр ходимлар сони тобора ортиб бораётганлигини кўрсатиб турарди. Буни шу муҳташам Маданият саройида йиғилган барча ходимларнинг юз-кўзларидан балқиб турган шижоатдан англаб олиш қийин эмасди.






