Кундалик хабарлар

Маҳалла тинч, гузар обод

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги Оқолтин маҳалласи гузаридаги ташландиқ бино таъмирланиб, кўркам тус олганини кўрганларнинг дили ёришди. Бу ерда маҳалла фуқаролар йиғини, 92-милиция таянч пункти жойлашган. Янги мебеллар билан жиҳозланган шинам, ёруғ хоналарда ишлашга нима етсин!
Маҳаллада яратилган шарт-шароитлар, жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни нафақат туман, балки бутун вилоятга намуна қилиб кўрсатса арзийди. Шунинг учун ҳам бу маскан «Намунали милиция таянч пункти» республика кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб деб топилди.

Профилактика инспектори ҳамда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори алоҳида хизмат хоналарида иш олиб боришаяпти. Улар замонавий компьютер жамланмалари билан таъминланган. Бундай қулай шарт-шароит хизматда яхши натижалар қўлга киритилишида муҳим омил бўлмоқда.
Кейинги йилларда бу ҳудудда жиноятчилик кескин камайди. Профилактика инспектори, майор Ойбек Мамадалиев ўз ишини яхши биладиган, касбига садоқатли ходим. Унга маҳалла оқсоқоли, «Маҳалла посбони» жамоат тузилмаси раҳбари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи яқиндан ёрдам бермоқда.
Маскан атрофида болалар спорт майдони, сартарошхона, гўшт растаси ва бир нечта савдо дўконлари мавжуд. Тадбиркорлар яна маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари очишни режалаштиришган.
Ўтган йили тўрт киши профилактик ҳисобга олинди. Улар орасида оилавий жанжалкаш, ичкиликка ружу қўйган, фарзанд тарбиясига салбий таъсир қилувчи ота-оналар бор. Профилактика инспектори ҳудудда яшовчи ҳар бир фуқарони яхши билади, айниқса, жиноят қилишга мойил шахсларни назаридан қочирмайди.
Маҳалла ҳудудида «Тозалаш», «Арсенал», «Ўсмир», «Орият», «Назорат», «Турмуш» каби тезкор-профилактик тадбирлар самарали ўтказиб келинаётгани боис жиноятларнинг камайишига эришилмоқда. Ўтган йили муқаддам судланганлар, вояга етмаганлар ва аёллар томонидан  жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. 2011 йилнинг ўзида майор Ойбек Мамадалиев томонидан бир неча жиноят аниқланиб, очилди.
- Ойбек Мамадалиев ўз касбига меҳр қўйган, фидойи, тиниб-тинчимас ходимлардан ҳисобланади. У профилактик ишларга маҳалла фаоллари, посбонлари, мактаб жамоасини ҳам жалб этади. Ўз ҳудудидан ташқари яна бошқа маҳаллалардаги тадбирларда фаол иштирок этяпти. Унинг кўп йиллик иш тажрибаси ҳудудда осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда қўл келмоқда, - дейди туман ИИБ бошлиғи ўринбосари, майор Шароф Ўролов.
Милиция таянч пунктига кимдир ҳуқуқий масалада, бошқа бири паспорт олиш, яна бири бошқа юмушлар билан мурожаат этади. Энг муҳими, керакли маслаҳат олиб, бу ердан мамнун бўлиб чиқиб кетади. Бир сўз билан айтганда, Мирзаобод туманидаги 92-милиция таянч пункти фуқароларнинг оғирини енгил қиладиган, муаммоларини ҳал этадиган, қолаверса, уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маънавиятини ошириб борадиган намунали масканга айланган.