Навбат республика босқичига
Андижон шаҳрининг «Боғишамол» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 1-сонли милиция таянч пункти профилактика катта инспектори, капитан Омаджон Бердиқулов бой тажрибага эга. У фаолиятини 2000 йилда патруль-пост хизматида оддий милиционерликдан бошлаган эди. Кейинроқ Андижон шаҳрининг турли ҳудудларида профилактика инспектори лавозимида фаолият кўрсатди. Илгари хизмат қилган маҳаллалар аҳли ҳали-ҳануз О.Бердиқуловнинг номини ҳурмат билан тилга олишади. У Боғишамол маҳалласида ҳам фаоллар, жамоатчилик вакиллари билан яқин ҳамкорликда ишлаб мақташга арзигулик ютуқларни қўлга киритмоқда.
- 2011 йил мобайнида бешта оилани ажрашишдан сақлаб қолдик. Милиция таянч пунктининг Омаджон Бердиқулов бошчилигидаги осойишталик посбонлари билан бирга ўтказаётган профилактик тадбирларимиз, тарғибот-ташвиқот ишларимиз ўз самарасини бераяпти, – дейди маҳалла оқсоқоли Абдуманнон Зулунов.
Оқсоқолнинг ҳақлигини шундан ҳам билса бўладики, тўрт мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Боғишамол маҳалласида 2011 йил мобайнида бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Маҳалла ҳудудида таълим-тарбия муассасалари, кичик корхоналар, тўқимачилик фабрикасидан ташқари, «Бобур» номидаги истироҳат боғи ҳам жойлашганини маълумот ўрнида қайд этиб ўтишни истардик. Ҳуқуқбузарликлар сони ҳам сезиларли даражада камайди. Айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Ҳудудда осойишталикни таъминлашда капитан О.Бердиқуловга маҳалла посбонлари сардори А.Мўминов яқиндан ёрдам беради. Шу ўринда маҳалла фуқаролар йиғини билан бир бинода жойлашган ушбу милиция таянч пунктида самарали фаолият кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
Юқорида қайд этилган барча жиҳатлар ҳисобга олиниб ушбу маскан «Намунали милиция таянч пункти» конкурс-кўргазмасининг вилоят босқичида Қолиб деб топилди. Бу ютуқ ғолибларни янги муваффақиятлар сари руҳлантиради, деб ўйлаймиз. Андижон вилояти ИИБ вакиллари конкурс-кўргазманинг республика босқичида ҳам муносиб равишда қатнашиб, совринли ўринлардан бирига сазовор бўлишади, деб умид қиламиз.






