Кундалик хабарлар

Янги Марказ очилди

Республика ИИВ Европада Хавфсиз­лик ва Ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан бир неча йиллардан буён яқин ҳамкорлик қилиб келаяпти. Жумладан, биргаликда «Ўзбекистон Республикаси ИИВ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси имкониятларини оширишга кўмаклашиш» лойиҳаси бос­қичма-босқич амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳанинг учинчи босқичига биноан бошқарма базасида «Инсон ҳуқуқлари ресурс маркази» ташкил этилди. 

Куни кеча ушбу марказнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Иштван Венцель, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудс­ман) Сайёра Рашидова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саи­дов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосарлари, полковниклар Сайфулла Нурматов, Абдукарим Шодиев ва бошқалар иштирок этишди.

Тадбирда, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашишди. Тўпланганлар марказнинг имкониятлари билан танишишди, ички ишлар идоралари ходимларининг, қолаверса, оддий фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги билими ва маданиятини оширишдаги аҳамияти борасида тасаввурга эга бўлишди, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, республика ИИВ ИҲҲҚ ва ЮТБ бошлиғи, подполковник И.Турғунов ушбу марказни ташкил этишда яқинда кўмаклашгани учун ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори И.Венцелга самимий миннатдорлик изҳор этишди. Энг олий қадрият саналмиш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ўзаро ҳамкорлик бундан буён ҳам давом этишига ишонч билдирилди.