Ҳамкорликнинг янги босқичи
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия қўшма қироллигининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси раҳбари жаноб Тони Уильямс бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ташриф буюришди. Меҳмонларни ИИВ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник И.Турғунов қабул қилди.
И. Турғунов бошқарманинг асосий вазифалари ва бугунги кунда ички ишлар идоралари томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш аҳволи ҳамда бу йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.
ИИВнинг инсон ҳуқуқлари масалаларидаги халқаро ҳамкорлиги ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси (UNDP), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори (OSCE), ЮНИСЕФ, Халқаро қизил ҳоч қўмитасининг минтақавий вакили, Конрад Аденауэр номидаги Германиянинг ҳуқуқ соҳасидаги халқаро ҳамкорлик (IRZ-Shiftung), Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки фондлари ва бошқалар билан ўрнатилган ҳамкорлик доирасида инсон ҳуқуқларига оид кўплаб лойиҳалардаги иштироки алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, меҳмонларга мамлакатимизда фаолият юритаётган маҳалла институтларининг ўрни, ички ишлар идоралари билан биргаликда осойишталикни таъминлашда ҳамжиҳатлик ўрнатилганлиги, милиция таянч пунктларининг асосий қисми ўзини ўзи бошқариш органлари билан бир бинода жойлашгани айниқса, ҳар жиҳатдан ҳамкорлик қилиш учун қўл келаётганлиги айтилди. “Маҳалла посбони” жамоат тузилмаси ҳақида меҳмонларга атрофлича тушунча берилиб, уларнинг профилактика инспекторлари билан ҳудудда тинчлик ва осойишталикни сақлаш борасида олиб бораётган ишлари республика раҳбарияти томонидан эътироф этилаётганлиги қайд этилди.
Подполковник И. Турғунов икки давлат халқлари азалдан ўзаро дўстона алоқада бўлиб келаётганини, маданият, фан ва иқтисодиёт бўйича яқин ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади.
Ўз навбатида жаноб Тони Уильямс самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этиб, Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги муносабатлар бундан буён ҳам ривожланиб боришига ишонч билдирди. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш борасида Буюк Британиядан экспертларни таклиф этган ҳолда семинар, тренинглар ўтказиш орқали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасида тажриба алмашиш бўйича таклифлар киритди.
Суҳбат чоғида келажакда амалга оширилиши мўлжалланган бир қатор тадбирлар бўйича ҳам фикр алмашилди.






