Кундалик хабарлар

Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг ўта муҳим йўналиши

Мустақил Ўзбекистон Конституциясида ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Ушбу конституциявий норма Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида ва бош­қа қонунларида янада такомиллаштирилди, ривожлантирилди. 

Шуни қайд этиш керакки, жиноят-процессуал муносабатлар инсон ҳуқуқларига энг кўп дахлдор соҳага оид муносабатлардир. Чунки айнан жиноят-процессуал муносабатларни амалга ошириш чоғида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилиши эҳтимоли ошади. Шунинг учун ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш жиноят процессининг энг муҳим принципларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 18-моддасига мувофиқ, жиноят ишини юритиш бўйича масъул бўлган барча давлат органлари ва мансабдор шахслар жиноят процессида иштирок этаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишлари лозим. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ва мансабдор шахсларнинг ушбу мажбуриятларини бажаришини прокурор ва суд назорат қилади.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва муҳофаза этишда суднинг алоҳида роли ва ўрни бор. Шу сабабдан давлатимиз раҳбари юртимиз мус­тақилликка эришган дастлабки кунларданоқ ўз фаолиятида ҳеч кимга тобе бўлмаган, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларда акс этган умуминсоний ҳуқуқий қадриятларга асосланган демократик суд ҳокимиятини шакллантириш вазифасини қўйди.

Ҳозирги вақтда демократик ҳуқуқий давлатнинг жиноят процессида шахсга янгича муносабатининг принципиал асослари яратилган. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ, ижтимоий манфаатлар устуворлиги ўрнини шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги эгаллаган. Бу эса шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат ҳокимияти учун чекловлар ўрнатиши маъносида индивиднинг давлатдан устунлигини англатади. Демак, шахс ва давлатнинг кучли фуқаролик жамияти принципларига мос келувчи ўзаро муносабатларининг инсонпарварлик тамойили амалга ошади.

Инсон ҳуқуқлари судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар процессуал фаолиятининг вазифасини, шакли ва мазмунини белгиловчи энг муҳим омил бўлиб майдонга чиқади. Инсон ҳуқуқларини судлов ишларини юргизишга эмас, аксинча процессуал қонунчиликни максимал даражада (имкон қадар) инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига мувофиқлаштириш зарур. Бу фундаментал қоида бўлиб, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш ва либераллаштиришнинг янги методологиясининг мазмун-моҳиятини акс эттиради.

Шу муносабати билан Ўзбекистонда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини либераллаштириш босқичма-босқич, тизимли тарзда, изчиллик билан амалга оширилаяпти. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали муҳофаза қилинишини таъминловчи тартиб ва механизмларни жорий этишда одил судлов марказий ўринни эгаллайди. Одил судлов эса инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилишга асосланиши керак.

Президентимиз ўз вақтида: «…прокуратура ваколатларининг бир қисмини судларга ўтказиш ҳозирги замоннинг мантиқий талабидир. Ва бу, энг аввало, инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, дахлсизлигини чеклаш билан алоқадор масалаларга тегишлидир», – деб таъкидланган эди.

2007 йил июнь ойида мамлакатимиз парламенти томонидан «Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Натижада жиноят-процессуал қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини либераллаштириш соҳасидаги долзарб масалалардан бири – эҳтиёт чораларидан бири саналган қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш масаласи ўзининг қонуний ечимини топди. Бу эса судгача бўлган иш юритиш устидан суд назорати ўрнатишнинг устувор йўналишидир.

Давлатимиз раҳбарининг: «… шахсни ушлаб туриш, ҳибсга олиш, шунингдек, бош­қа процессуал мажбурий чораларини қўллаш учун санкция бериш ҳуқуқларини ҳам судларга ўтказиш» борасидаги таклифлари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Жиноят-процессуал кодексини тўлдирувчи қонунни ишлаб чиқишга омил бўлди. Ушбу қонунга кўра, жиноят содир этганликда гумон қилинувчи ёки айбланувчи шахсларни қамоқда сақлаш масаласи фақат суд томонидан ҳал қилинадиган бўлди.

Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини прокуратурадан судларга ўтказишни амалга ошириш бўйича асосий вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 8 августдаги «Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида»ги Фармонида ўз ифодасини топган. Ушбу ҳужжатда ҳақли равишда таъкидланганидек, Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишдан кўзланган асосий мақсад инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, авваламбор асоссиз жиноий таъқибдан ва шахсий ҳаётига аралашувдан ҳимояланиш ҳуқуқини самарали ҳимоя қилишни таъминлашдан иборат.

Фуқаронинг шахсий эркинлик ҳуқуқи Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган. Шахсни унинг айбини аниқлагунга қадар озодликдан маҳрум қилишни талаб этиш учун жиддий, асосли сабаб бўлиши керак. Процессуал мажбурлов чоралари, хусусан қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш устидан суд назоратининг ўрнатилиши уни қўллашда таваккалчиликни камайтиради. Қолаверса, суд кафолати инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларининг энг ишончли ҳуқуқий кафолати ҳисобланади. Қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасининг суд томонидан қўлланилишининг афзаллиги яна шундаки, шахснинг конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини чеклаш ҳақидаги қарор тергов ва прокуратура органларидан мустақил бўлган идора томонидан қабул қилинади. Юқорида зикр этилган қонунни яратиш устида Президентимизнинг бевосита раҳбарлиги остида олимлар ва амалиётчилар тер тўкиб ишлашди. Юртбошимиз инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари кучайиши жараёнида суд назоратининг роли ва аҳамиятини ҳисобга олиб, қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллашнинг процессуал тартибини пишиқ-пухта ишлаб чиқиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

Президентимиз Фармони эълон қилинганидан сўнг прокуратуранинг айрим ваколатларини судларга ўтказиш бўйича кенг жамоатчилик ва хорижий мутахассисларнинг фикрлари ва таклифлари, илмий-амалий ва таҳлилий материаллар ҳар томонлама ўрганилди, умумлаштирилди. Жумладан, ушбу масалани муваффақиятли ҳал этиш мақсадида судгача иш юритиш устидан суд назорати ўрнатилган хорижий мамлакатларнинг қонунчилиги, шунингдек, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз эканлиги, суд қарорисиз улардан маҳрум этишга ёки уларни чеклашга ҳеч ким ҳақли эмаслиги белгиланган умум эътироф этилган халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормалари ўрганилди.

Шуни қайд этиш жоизки, қамоққа олишга ва бу муддатни узайтиришга судлар томонидан санкция берилиши судлов иши юритишнинг дастлабки босқичларида тергов хатоларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича судьялар зиммасига катта масъулият юклайди. Бу эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар диққат марказида бўлган инсоннинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилиниши имконини беради. Шунинг учун қамоққа олишга санкция бериш масаласини ҳал қилиш чоғида махсус билимлар ва кўникмалар зарурлигини назарда тутиб, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизими кадрларини лозим даражада тайёрлаш ва қайта тайёрлашга катта аҳамият берилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида ташкил этилган курсларда судьяларга қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасининг судлар томонидан қўлланилишининг турли жиҳатлари батафсил тушунтирилади.

Ташкилий-ҳуқуқий масалалар жиддий ва пухта ишлаб чиқилгач, Ўзбекистон Республикасининг «Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни 2007 йил 15 июнда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 2007 йилнинг 29 июнида Сенат томонидан маъқулланди. Диққатга молик томони шундаки, мазкур Қонунда ишлаб чиқилган қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини суд томонидан қўллашнинг, шунингдек, қамоқда сақлаш муддатини суд томонидан узайтиришнинг процессуал тартиби жиноят процессида шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг зарур процессуал кафолатларини кўзда тутади.

Биринчидан, Қонун қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллашни қатъий тартибга солади, унинг аниқ доирасини белгилайди.

Иккинчидан, Қонунда бу эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкин бўлган истисно ҳолатлар ҳам аниқ санаб ўтилган. Бундан қонуннинг ушбу нормасини кенг талқин қилишнинг олдини олиш мақсади кўзланган.

Учинчидан, Қонунда қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чораси прокурорнинг ёки унинг розилиги билан терговчининг илтимосномаси бўйича, бошқа бундан кўра енгилроқ эҳтиёт чорасини қўллаш мумкин бўлмаган ҳоллардагина қўлланилиши мумкинлиги белгилаб берилган. Шу тариқа қонун икки шаклдаги назорат, яъни прокурор назорати ва суд назорати амалга ошишини кўзда тутади. Ушбу эҳтиёт чорасининг чеклаш хусусиятига эгалигини ҳисобга олиб, қонун прокурор назорати воситасида терговчининг қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чораси қўлланилишини илтимос қилиб асоссиз мурожаат этишининг олдини олади. Прокурор терговчининг ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномасига розилик бериш чоғида ўзига тақдим этилган материалларда ушбу эҳтиёт чорасини қўллаш учун етарлича асослар мавжудлигини текшириб кўриши шарт. Прокурор илтимоснома билан танишиб чиққач, суриштирув органига ёки терговчига қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган бош­қа эҳтиёт чорасини танлаш (қўллаш) ҳақида кўрсатма беришга ҳақли.

Қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш доирасининг ҳар қандай кенгайиши, қанчалик яхши ниятларни кўзлашидан қатъи назар, унинг ноқонуний деб топилишига олиб келади. Шу тариқа юқоридаги нормаларнинг жорий этилиши тергов органларининг фуқаролар асосли ва қонуний ушлаб турилиши учун масъулиятини ошириш имконини берди. Прокурор илтимосномага рози бўлган тақдирда, уни судга юборади. Илтимосномада қамоққа олиш зарурлигини асословчи далиллар ва қамоққа олиниши керак бўлган шахс ҳақида аниқ маълумотлар кўрсатилиши шарт.

Тўртинчидан, муҳим процессуал кафолатлардан бири шундан иборатки, Қонун қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани ёпиқ судда кўриб чиқишни кўзда тутади. Айбланувчи, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкинлигига қарамай ҳали айбдор деб топилмаганлиги назарда тутилса, бу муҳим аҳамият касб этади. Унинг айбдорлигини суд муҳокамаси ва ҳукмидан ке­йингина тасдиқлаш мумкин. Кўп ҳолларда айбланувчи, айниқса ушланган, лекин ҳали айб эълон қилинмаган, демак, айбдорлиги даргумон бўлган гумон қилинувчи ўзига нисбатан эҳтиёт чораси қўлланилиши судда ҳал этилиши чоғида маълум бўладиган маълумотларнинг кўпчиликка ошкор этилишини исташмайди. Бу уларнинг шаъни, қадр-қимматини ерга уриши, шахсий ҳаётларига дахлдор маълумотларнинг тарқалиб кетишига олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, Қонун қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш чоғида иштирок этиши лозим бўлган шахс­лар рўйхатини белгилаб берди. Булар жиноят процессининг қуйидаги иштирокчиларидир: прокурор, ҳимоячи (агар у ишда иштирок этса), ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчи. Қонунда қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласини судда кўриб чиқиш жараёнида айбланувчи ёки ушланган гумон қилинувчининг иштироки шартлиги кўзда тутилган. Шу тарзда демократик тортишув тамойилига риоя этилади ва жиноят процессининг юқорида кўрсатилган иштирокчиларининг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари таъминланади. Бу эса муҳим процессуал кафолатдир. Фақат айбланувчига нисбатан қидирув эълон қилинган тақдирдагина қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чораси қўллаш тўғрисидаги илтимоснома унинг иштирокисиз кўриб чиқилади. Илтимосномани кўриб чиқиш натижаларига кўра судья қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки буни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Бешинчидан, ушлаб туриш муддати қатъий чегараланган бўлиб, 72 соатни ташкил этади ва томонлар – прокурор, ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчи ва унинг ҳимоячисининг илтимосномасига кўра яна 48 соатга узайтирилиши мумкин. Бу муддат томонлар қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чораси асосли ёки асоссизлигини тасдиқловчи материаллар тақдим этиши учун кўзда тутилган. Ушлаб туриш муддатининг бошқа узайтирилишига йўл қўйилмайди.

Олтинчидан, судьянинг қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки буни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан апелляция тартибида шикоят қилиш мумкин. Қонун ажрим чиққанидан сўнг 72 соат ичида судьянинг ажрими устидан судга шикоят қилиш мумкинлигини кўзда тутади. Шуни қайд этиш керакки, апелляция шикояти ёки протести халқаро амалиётда энг кенг тар­қалган шикоят ёки протест усули ҳисобланади. Шикоят ёки протестларни апелляция тартибида кўриб чиқишнинг афзаллиги шундаки, айни шу жараёнда айбланувчининг иштироки таъминланиши шарт.

Бундай апелляция шикоятлари ёки протестлари келиб тушганидан сўнг 72 соат ичида кўриб чиқилиши лозимлиги белгилаб қўйилган. Ваҳоланки, умумий суд қоидаларига кўра, ишлар апелляция инс­танциясида шикоят ёки протест келиб тушганидан кейин 15 суткадан кечикмай кўриб чиқилади. Юқоридаги ҳолатда бундай қисқа муддатнинг кўзда тутилиши шахс­нинг озодликка бўлган конституциявий ҳуқуқи бузилган бўлса, тезкорлик билан буни бартараф этиш мақсадини кўзлайди.

Еттинчидан, Қонунда айбланувчи ва гумон қилинувчининг қамоқда сақлаш муддатлари чегараси, уларни узайтириш тартиби белгилаб берилгани шахснинг қонуний манфаатларининг муҳим кафолатидир. Жиноятларни тергов қилишда қамоқда сақлаш уч ойдан ортиқ давом этиши мумкин эмас. Қамоқда сақлаш муддати фақат прокурорнинг илтимосномасига кўра беш, етти, тўққиз ойга ва фавқулодда ҳолатлардагина – тергов қилинаётган ишнинг ўта мураккаблиги ҳисобга олиниб – бир йилгача узайтирилиши мумкин. Таъкидлаш жоизки, илгари айбланувчини қамоқда сақлаш муддатини узайтириш ҳақида терговчи илтимоснома киритарди. Энди эса бу ҳуқуқ прокурорга ўтказилган. Натижада даст­лабки тергов жараёни устида назоратни амалга оширувчи прокурорнинг шахсни қамоқда сақлаш муддатига риоя этилиши борасидаги масъулияти кучайди.

Қонунга мувофиқ қамоқда сақлаш муддатини узайтириш зарурати туғилганда, прокурор бу масала юзасидан илтимоснома қўзғатади. Прокурор мазкур илтимосномани қўзғатиш тўғрисидаги қарорида терговнинг чўзилиши сабабларини, сўралаётган қўшимча муддат ичида текширилиши лозим бўлган ҳолатларни кўрсатади. Қамоқда сақлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги прокурорнинг илтимосномаси суд томонидан қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома билан бир хил тартибда кўриб чиқилади. Қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллашга ва унинг муддатини узайтиришга суд томонидан санкция берилиши судьяларга судлов ишларини юритишнинг дастлабки босқичларидаёқ тергов хатоларини аниқлаш ва бартараф этиш, прокурорларга эса бутун эътиборни назорат фаолиятига қаратиш имконини берди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикасининг «Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Јонуни кучга кириши билан дастлабки тергов устидан мустақил суд назорати институти жорий этилди. Бу эса томонларнинг тенг процессуал имкониятларга эга бўлиши борасидаги демократик тамойилнинг амалга ошишини таъминлади, амалда одил судловнинг бошқа барча тамойилларини, шу жумладан, суднинг мустақиллиги ва холислиги, айбсизлик презумпцияси, шунингдек, айбланувчининг самарали адвокат ёрдамига бўлган ҳуқуқи тамойилларини мустаҳкамлади.

Акмал САИДОВ,

юридик фанлар доктори,

профессор.