Кундалик хабарлар

Фуқароларнинг яшаш ҳуқуқи кафолати

2008 йил 1 январдан ўлим жазосининг бекор қилиниши мустақил Ўзбекистон тарихида унинг демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги изчил ва собитқадамлик билан интилишида бутун бошли даврга татигулик босқич бўлди. Мамлакатимизда Конституция ва шахснинг асосий ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари устуворлиги ғояси билан йўғрилган демократик ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий муносабатлар тизими шаклланмоқда. 

Ўзбекистон мустақил тараққиётининг дастлабки кунларидан ана шу тарихий масалани ҳал этиш сари қадамлар қўйди. Ўлим жазоси та­йинланиши мумкин бўлган жиноятлар доираси торайиб бориши тенденцияси яққол кўзга ташланди. Истиқлол йилларида бундай жиноят турлари 33 тадан 2 тагача қисқарди. 2008 йил 1 январдан эса мазкур жиноий жазо тури Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигидан бутунлай чиқариб ташланди.

Франциянинг ЕХҲТ ҳузуридаги делегацияси маслаҳатчиси Ф. Де Тушенинг фикрича, ўлим жазосининг бекор қилиниши оқилона қарор ҳисобланади, Ўзбекистон мураккаб, аммо зарур вазифани бажаришга киришган. Олий жазо чорасини уни қўллашга мораторий эълон қилмасдан, киритмасдан бутунлай бекор қилишга тайёрлиги Ўзбекистон томонининг суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш масаласига принципиал ва яхлит ёндашувидан дарак беради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2005 йил 28 январдаги қўшма мажлисидаги маърузасида жазолар тизимидан ўлим жазосини чиқариб ташлаш мамлакатимизда ўтказилаёт­ган ислоҳотларнинг муҳим амалий натижаларидан бири эканини алоҳида таъкидлаган эди. Белгиланган вазифалардан, халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормаларидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг инсоннинг яшаш ҳуқуқини эълон қилувчи ва мустаҳкамлаб берувчи қоидаларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президенти 2005 йил 1 августда «Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида»ги Фармонни имзолади. Ушбу Фармонга мувофиқ ўлим жазосини бекор қилишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан қабул қилиниши лозим бўлган қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармойишига асосан Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги мутахассисларидан, шунингдек, мамлакатимизнинг илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари экспертлари ҳамда олимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2007 йил 15 июнда қабул қилинган ҳамда Сенати томонидан 2007 йил 29 июнда маъқулланган «Ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунда ўз аксини топди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу Қонунни тайёрлашда асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳар томонлама ўрганилди ва ҳисобга олинди. Шунингдек, Европадаги (Франция, Германия, Австрия, Польша, Швейцария, Швеция, Голландия, Дания ва бошқалар), Осиёдаги (Япония, Корея, ХХР в.б) ва МДҲга аъзо (Россия Федерацияси, Украина, Беларусь Республикаси, Молдова, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон в.б) қатор мамлакатларнинг ҳуқуқни қўллаш тажрибаси ва қонунчилиги кенг ўрганилди.

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларига жиноий жазолар тизимидан ўлим жазосининг чиқариб ташланиши, унинг умрбод ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилиши, уларнинг ижро этиш тартиби ва шартлари билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни кўзда тутади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексидан ўлим жазоси чиқариб ташланиб, умрбод ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилди, шунингдек, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тушунчасини ва уни қўллаш доирасини белгиловчи норма киритилган. Озодликдан узоқ муддатга маҳрум қилиш 20 йилдан зиёд бўлиши, аммо 25 йилдан ошмаслиги белгилаб қўйилган.

Жиноят кодексининг 51-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Унда умрбод озодликдан маҳрум қилишга қуйидагича таъриф берилган: «Умрбод озодликдан маҳрум қилиш фавқулодда жазо чораси бўлиб, маҳкумни махсус тартибли жазони ижро этиш колониясига жойлаштириш орқали жамиятдан муддатсиз ажратиб қўйишдан иборатдир».

Шуни қайд этиш керакки, умрбод озодликдан маҳрум қилиш: биринчидан: аёлга; иккинчидан, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсга; учинчидан, олтмиш ёшдан ошган эркакка тайинланиши мумкин эмас.

 

Россия, Украина, Беларусь, Молдова, Грузия, Озарбайжон, Япония, Корея, ХХР, Франция, ГФР, Австрия, Польша, Швейцария, Голландия, Дания, АҚШ ва Бельгия каби хорижий давлатлар жиноят қонунчилигининг таҳлили шуни кўрсатадики, уларнинг 7 тасидагина умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси қайси тоифадаги шахсларга нисбатан қўлланилишини белгиловчи нормалар мавжуд. Масалан, Россия Федерацияси Жиноят кодексига мувофиқ, умрбод озодликдан маҳрум қилиш аёлларга, шунингдек ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга ва суд ҳукми чиққан пайтида олтмиш ёшга тўлган эркакларга тайинланмайди. 12 та давлатда умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазони қайси тоифадаги шахсларга нисбатан қўлланилмаслиги белгиланмаган.

Дунё жиноий-ҳуқуқ амалиётида жиноий жазолар тизимида умрбод озодликдан маҳрум қилишнинг ўрнини белгилашда турли ёндашувлар мавжуд. Баъзи мамлакатларда (Россия Федерацияси, Беларусь, Молдова, Грузия, Озарбайжон, Хитой, Франция, Польша в.б) умрбод озодликдан маҳрум қилишга мустақил жазо тури сифатида қаралса, бошқа мамлакатларда (Қозоғистон, Япония, Корея, Германия, Швеция, Дания, АҚШ) озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазоларнинг бир тури ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жиноий жазонинг мустақил тури сифатида белгиланган.

Таъкидлаш лозимки, умрбод ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари фақат икки турдаги жиноят: биринчидан, жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (ЖК 97-моддасининг иккинчи қисми); иккинчидан, терроризм (ЖК 155-моддасининг учинчи қисми) учун белгиланган.

Хорижий мамлакатлар суд амалиёти шуни кўрсатадики, умрбод озодликдан маҳрум қилиш юқорида зикр этилган ўта оғир жиноятлардан ташқари тажовуз, геноцид, давлат хавфсизлигига қарши жиноятлар, жосуслик, қўзғолон кўтариш, номусга тегиш, мол-мулкка ўт қўйиш, босқинчилик ва шу каби жиноятлар учун ҳам тайинланади. Масалан, умрбод озодликдан маҳрум қилиш Россия Федерациясида – 6 та, Германияда – 7 та, Японияда – 9 та, Данияда – 10 та, Бельгияда – 11 та, Швецияда – 13 та, Беларусь Республикасида – 14 та, Озарбайжонда – 16 та, Қозоғистонда – 17 та, Францияда – 18 та, Кореяда – 19 та, Молдовада – 24 та ва ХХРда – 66 та ўта оғир жиноят учун тайинланади.

Қонунда умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларга нисбатан афв этишнинг қўлланилиши ёки қўлланилмаслигининг ўзига хос томонлари, шарт­лари белгиланган. Бу БМТнинг умрбод озодликдан маҳрум қилишга оид 1995 йилги тавсияларининг асосий принципларини ўзида тўла акс эттиради. Масалан, «Ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, умр­бод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганлар жазонинг 25 йилини, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганлар тайинланган жазонинг 20 йилини амалда ўтаганларидан сўнг афв қилинишини сўраб илтимоснома билан мурожаат этишлари мумкин.

Агар умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкум қатъий тузалиш йўлига ўтса, ўрнатилган тартибни бузгани учун интизомий жазоланмаган бўлса, меҳнатга ва таълимга виждонан муносабатда бўлса, тарбиявий тадбирларни ўтказишда фаол қатнашса – 20 йил жазо муддатини, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкум эса – та­йинланган жазонинг 15 йилини амалда ўтаганидан кейин бундай ҳуқуққа эга бўлади. 

Қайд этиш жоизки, Қонуннинг юқорида кўрсатилган нормалари бир томондан маҳкумнинг жавобгарликдан асоссиз озод этилишига ва бу соҳада ўзбошимчаликка йўл қўймайди. Иккинчи томондан, ушбу нормалар ва механизмлар маҳкумни тузалиш йўлига ўтишга ундайди, уни эркин ҳаётга қайтиш умидидан маҳрум этмайди. Шуни таъкидлаш лозимки, умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан муддатидан олдин шартли озод этиш қўлланилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексининг 51 ва 473-моддаларига киритилган ўзгартишлар жиноий жазо сифатида умр­бод озодликдан маҳрум этиш тайинланиши мумкин бўлган жиноятларни содир этганликда гумон қили­наёт­ган ва айбланаётган шахсларнинг ишлари бўйича ҳимоячининг иштироки шартлигини, судьянинг умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахсга афв этилиши ҳақида илтимос қилиш ҳуқуқини тушунтириш мажбуриятини кўзда тутади.

Жиноят-ижроия кодексининг тегишли моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ўлим жазоси тариқасидаги жазони ижро этиш талабларига оид нормаларни чиқариб ташлаш ҳамда умрбод озодликдан маҳрум этишни озодликдан маҳрум этишга алмаштирганда, уни ижро этиш хусусиятларини белгилаш билан боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг V бўлими янги таҳрирда баён этилган. Унда умрбод озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазони ижро этиш тартиби ва шарт­лари белгилаб берилган. Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар махсус сақлаш шароитларига эга бўлган махсус тартибли колонияларда сақланиши, жазони қаттиқ (дастлабки 10 йил), одатдаги (жазонинг камида 10 йилини ўтагандан кейин) ва енгиллаштирилган (жазонинг камида 15 йилини ўтагандан кейин) шароитларда ўташлари қонунда кўзда тутилган. Бунда, сақланиш шароитлари ҳисобга олинган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олиш, учрашувлар олиш, телефон орқали сўзлашув, посилка, йўқлов ва бандерол олиш ҳуқуқлари, уларнинг меҳнатини ташкил этиш, уларга нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби белгиланади. Россия Федерациясида ҳам жазони ижро этишнинг шундай тартиби қўлланилади.

Қонунга мувофиқ умрбод озодликдан маҳрум қилинган битта маҳкумга тўғри келадиган яшаш майдони нормаси тўрт квадрат метрдан кам бўлиши мумкин эмас. Ушбу Қонуннинг умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ижро этиш тартиби ва шартларига тааллуқли қоидалари БМТнинг 1955 йилда бўлиб ўтган Конгресси томонидан қабул қилинган ва ЭКОСОСнинг 1957 йилдаги Резолю­цияси билан маъқулланган Маҳкумлар билан муомала қоидаларининг минимал стандартларига тўла мувофиқ келади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимининг изчиллик билан либераллаштирилаётгани хорижлик олимлар ва амалиётчилар томонидан кенг ва батафсил муҳокама қилинмоқда. Жумладан, Стратегик ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори В. Наумкин (Россия) шундай дейди: «Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши собиқ иттифоқ ҳудудида ўта муҳим воқеа бўлди. Ўзбекистоннинг бундай қарори Ўзбекистонни нодемократик давлат деб ҳисоблайдиганларнинг сўзлари асоссиз эканлигини кўрсатди. Мамлакатнинг фавқулодда жазо чорасидан воз кечиши унинг хал­қаро европача стандартлар томон, ҳа, айнан европача стан­дарт­лар томон ҳаракатланаётганини англатади, чунки АҚШда ўлим жазоси мавжуд. Олий жазо чорасининг бекор қилиниши қонун, ҳуқуқ-тартибот тантанасини ўзида ифодалайди.

«Европа – Берлин дўстлик жамияти» раиси В. Фурман (ГФР) Ўзбекистонда, шу жумладан суд-ҳуқуқ ва бошқарув тизимида босқичма-босқич амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. Ушбу янгиланишлар, ўзгаришлар мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг бошқа соҳалари янада ривож топишига хизмат қилади, ушбу жараёнда ўлим жазосининг бекор қилиниши Ўзбекистон раҳбарияти томонидан ташланган муҳим қадам деб ҳисоблайди.

Жиноят содир этган шахс қонунга мувофиқ жавобгар бўлиши шарт, содир этилаётган жиноий хатти-ҳаракатларга нисбатан бепарво бўлиш жамият учун аянчли оқибатларга олиб келади. Айни пайтда суд-ҳуқуқ тизимининг самарадорлиги, жамият ҳаётининг соғломлиги ва ривожи жазонинг қаттиқлиги билан эмас, балки муқаррарлиги билан белгиланади.

Ўлим жазосининг бекор қилиниши, бу жазога, унинг ким томонидан қўлланилишидан қатъи назар, йўл қўйиш мумкин бўлмаган зўравонлик деб қараш ижтимоий онгга, пировард натижада жамиятнинг ҳар бир аъзосининг дунёқарашига ижобий таъсир кўрсатади. 

Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўҚрисида тарихий қарор қабул қилингани мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, фуқароларнинг яшашга бўлган конституциявий ҳуқуқи таъминланишининг энг муҳим кафолатидир.

Акмал Саидов.

юридик фанлар доктори, профессор