Ёшлар билан учрашувлар.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамкорлигида мазкур билим даргоҳида «Баркамол авлод – юрт таянчи» мавзуида конференция бўлиб ўтди. Унда республика Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари, университет ходимлари ва талабалари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Анжуманни университет маънавий-ахлоқий тарбия ишлари бўйича проректори Н. Досанов кириш сўзи билан очди. Кун тартибидаги мавзу юзасидан республика ИИВ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник И. Турғунов, бошқарма бош юрисконсульти, майор С. Шеров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакили (Омбудсман)нинг бош мутахассиси А. Абдураҳмонов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош маслаҳатчиси И. Саиповлар маъруза қилишди. Шунингдек, тадбирда республика Ички ишлар вазирлиги вакиллари томонидан гиёҳвандлик, ёшларнинг жиноят кўчасига кириб қолишлари, унинг аянчли оқибатлари акс этган видеофильм намойиш этилди. Конференция доирасида ёшларнинг дунёқараши, тафаккури ва билим савиясини янада ошириш борасида ички ишлар идоралари ходимлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътиборни кучайтириш атрофлича муҳокама қилинди. Савол-жавоб тарзида ўтган анжуманда талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди. Пойтахтимизнинг Собир Раҳимов тумани политехника касб-ҳунар коллежида ҳам «Баркамол авлод – келажак пойдевори» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда ИИВ ИҲҲҚ ва ЮТБ бошлиғи, подполковник Илҳом Турғунов, Тошкент шаҳар ИИББ ИҲҲҚ ва ЮТБ бошлиғи, полковник Азиз Эрназаров, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўрта махсус таълим маркази директори ўринбосари Зайниддин Худойбердиев, Ёшлик талабалар шаҳарчаси ҳокими ўринбосари Самиғжон Ҳакимов иштирок этишди. Давра суҳбатини Зайниддин Худойбердиев кириш сўзи билан очиб, «Баркамол авлод йили» Давлат дастури ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар, ёшлар камолотини кўзлаб ўтказилаётган бу каби тадбирларнинг аҳамияти ҳақида сўзлади. Подполковник И. Турғунов ички ишлар идоралари ходимларининг ёшлар орасида жиноятчиликка қарши кураш борасида амалга ошираётган ишлари ҳақида тўхталиб ўтди. Полковник А. Эрназаров, подполковник Д. Каримовлар ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда оммавий ахборот воситаларининг, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ички ишлар идораларининг роли мавзуида маъруза қилдилар. – Ёшларнинг комил инсон бўлиб вояга етишларида тарбия биринчи ўринни эгаллайди. Бу борада таълим-тарбия муассасалари, ота-оналар ва маҳалла-кўйнинг аҳиллиги асосий омил бўлади, – деди Ёшлик талабалар шаҳарчаси ҳокими ўринбосари Самиғжон Ҳакимов. Республика ИИВ Матбуот маркази томонидан тайёрланган «Зулмат аро ёхуд панжара ортидан репортаж» номли видеофильм намойишидан сўнг коллеж ўқувчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар. Давра суҳбати ошкора, самимий руҳда ўтди.






