Кундалик хабарлар

Бола тарбиясида ҳуқуқий муҳофазанинг роли

2010 йилнинг 31 май куни Сурхондарё вилояти ИИБ мажлислар залида бошқарма аппарати ва сохавий хизматлари шахсий таркиби иштирокида “Бола ҳуқуқларининг ҳимояси – устувор вазифа. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция: уни тадбиқ этиш йўллари” мавзусида семинар бўлиб ўтди. 

Семинарда Термиз Давлат Университети Педагогика кафедрасининг доцент ва ўқитувчилари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Сурхондарё вилояти кенгаши ходимлари ҳамда “Камалак” фондининг вакиллари ўз маърузалари билан қатнашдилар.

Семинар кун тартиби доирасида сўзга чиққан Термиз Давлат Университети Педагогика кафедрасининг мудири, педагогика фанлари номзоди, доцент Муслима Бозорова ўз маърузасида, бугунги юрт ёшларининг тарбиясида мактаб, оила, жамоатчилик ва давлатнинг ўрни ва роли, бу борадаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишнинг йўллари, ёшларнинг билим ва тарбия олишлари учун давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитлар ва қулайликлар, “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури” ва “Баркамол авлод йили” Давлат дастури доирасида белгиланган вазифалар, жумладан таълим стандартларини халқаро андозаларга мослаштириш, таълим жараёнларига илғор инновацион технологияларни жалб этиш бўйича қабул қилинаётган қарорлар, бу соҳага ажратилаётган давлат ва халқаро грантларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлаш, ёшлар психологиясини ёт иллатлардан асраш борасида таълим муассасаларида педагоглар томонидан олиб борилаётган маърифий тадбирлар, бу борадаги илмий изланишлар ва эришилаётган ютуқлар, шунингдек, оила-мактаб-жамоатчилик ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари хусусида батафсил тўхталиб ўтди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Сурхондарё вилоят кенгаши раисининг 1-ўринбосари Санжар Нуриев бу борада “камолотчилар” томонидан олиб борилаётган кенг қамровли, узоқни кўзловчи ва давлат, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берди. Жумладан, ёшларнинг дам олиш, эркин касб танлаш, фан ва техника ютуқларидан фойдаланишларига оид ҳуқуқларини таъминлаш борасида ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ташкилий тадбирларнинг мақсади, вазифалари ва усуллари ҳақида атрофлича сўз юритди. Айниқса, болажонларнинг ёзги оромгоҳларда дам олишлари, маданий ҳордиқ чиқаришлари учун яратилаётган шароитлар, мавжуд имтиёзлар ва режалаштирилаётган маърифий-маданий тадбирлар хусусида маълумот бериб ўтди.

Шунингдек, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан тайёрланган, ўтган давр мобайнида вилоят миқёсида амалга оширилган ишларни акс эттирувчи видеороликлар намойиш этилди. 

Семинар сўнггида сўзга чиққан Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник Ҳ.Х.Бегматов ўз сўзида, ёшлар ҳар қандай давлатнинг, ҳар қандай жамиятнинг келажаги, эртанги кунини белгиловчи асосий ва муҳим ижтимоий гуруҳ саналибгина қолмай, балки миллат ва халқнинг маънавий, маданий, илмий меросини авлоддан-авлодга етказувчи, бугунги хайрли ишларимизнинг давомчиси, эртанги порлоқ келажагимизнинг эгалари ҳисобланиши сабабли ҳам, бугун уларнинг таълим-тарбиясига, интеллектуал салоҳиятини оширишга, уларни ҳар томонлама, ҳам ҳуқуқий, ҳам ижтимоий ҳам мафкуравий жиҳатдан ҳимоя қилиш, уларнинг бахтли келажагини таъминлаш борасида ҳар бир инсон масъул эканлигини, шу боисдан, давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга нисбатан эътиборнинг юксак намунаси намойиш этилаётган бир пайтда ҳар биримиз бу хайрли ишларга ўзимизнинг ҳалол меҳнатимиз, пок виждонимиз, жонкуярлигимиз билан ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Бўлиб ўтган семинар кун тартиби доирасида тингланган маърузалар, билдирилган фикр-мулоҳазалар ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар ёшлар таълим-тарбиясида, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган фаолиятда ижобий силжишга, ҳамкорликнинг такомиллашувига ва тадбирларнинг самарадорлигини оширишига хизмат қилишига шубҳа йўқ.