Ички ишлар идоралари ходимларининг хизмат ва жанговар тайёргарлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу мақсадда ўтказилаётган турли спорт мусобақалари ва кўрик-танловлар ходимларнинг жисмоний салоҳиятини оширишига, иқтидорларини тўлиқ намоён этишларига хизмат қилаётир.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ППХ ва ЖТСББ Хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарини қўриқлашни таъминлаш бўйича алоҳида милиция батальонида «Намунали отряд», «Намунали гуруҳ», «Алоҳида милиция батальони аълочи милиционери» кўрик-танловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди.
Қарийб бир ҳафта давом этган кўрик-танловда ходимларнинг хизмат ва жанговар тайёргарлиги, сиёсий-ижтимоий билимлари, касбий йўналишлар бўйича тест синовлари, спорт турлари ҳамда ўқ отиш машғулотлари бўйича маҳоратлари синовдан ўтказилди.
Ходимлар жанговар тайёргарлик бўйича баҳсларда қуролни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш ҳамда ўқ отишда керакли балларни тўплашди.
Мусобақанинг жисмоний тайёргарлик даражасини намойиш этиш баҳслари, айниқса, қизиқарли кечди. Унда ходимлар 100 ва 3000 метрга югуриш, тўсинда тортилиш, қўл жанги ва тош кўтариш бўйича ўзаро беллашишди. Шунингдек, улар саф тайёргарлигидан ҳам билимларини синовдан ўтказишди.
Муросасиз баҳслар ишчи гуруҳи ва ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳолаб борилди. Кўрик-танлов якунига кўра «Алоҳида милиция батальони аълочи милиционери» номинацияси бўйича батальон 4-отряд 3-гуруҳ милиционери, сафдор Жамшид Ниёзов энг юқори балл тўплаб, ғолиб бўлди. АМБ олтинчи отряди «Намунали отряд» деб топилди. «Намунали гуруҳ» номинацияси бўйича 1-отряд 3-гуруҳига тенг келадиган бўлмади. Бундан ташқари, кўрик-танловда фаол иштирок этиб, яхши кўрсаткичларга эришган ходимлардан сержант Қобил Мирзаҳмедов (5-отряд 1-гуруҳ), сафдор Аҳрор Хакиров (2-отряд 1-гуруҳ)лар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
– Ички ишлар соҳасини танлаганимдан афсусланмайман, – дейди сафдор Ж. Ниёзов. – Кўрик-танловда ғолиб бўлишим менга янада катта масъулият юклади. Бор куч-ғайратимни юрт осойишталигини, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга бағишлайман.
Кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросимини республика ИИВ ППХ ва ЖТСББ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник М. Каримов кириш сўзи билан очиб, тадбир иштирокчиларини қизғин қутлади ва ғолибларга Фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғаларни топширди.