Кундалик хабарлар

Ҳамкорликнинг янги қирралари

Республика Ички ишлар вазирлигига Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жованни Риччулли ташриф буюрди. Уни республика ИИВ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник И. Турғунов қабул қилди. 

Ўзаро суҳбат чоғида подполковник И. Турғунов юксак мартабали меҳмонга ИИВ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармасининг тузилиши, асосий вазифалари ҳамда фаолият йўналишлари ҳақида гапириб берди.

– Маълумки, вазирликнинг мазкур тузилмаси давлат ва нодавлат ташкилотлари, миллий институтлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада ривожлантириш масалаларини чуқур ўрганади. Бошқарма ходимлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилишда фаол қатнашишдан ташқари, муҳим қонун лойиҳаларига таклифлар, тўлдиришлар тайёрлайдилар. Халқаро ҳамкорликка ҳам етарлича эътибор қаратилмоқда. Бундан кўзланган пировард мақсад жиноят содир этган шахсларни аниқлаш, жиноий таъқиб этиш, тергов қилиш ва жазолашдан иборат, – деди И. Турғунов ўз маърузасида.

Шуни таъкидлаш керакки, вазирлик раҳбарияти ходимларга халқаро ҳуқуқ асослари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро тизимини ўргатишга алоҳида эътибор бериб келмоқда. Республика ИИВ Академиясида ташкил этилган «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш назарияси ва амалиёти» кафедраси эса самарали фаолият кўрсатмоқда. ЕХҲТ билан ҳамкорликдаги лойиҳа асосида жорий йилда қатор конференциялар ва семинар-тренинглар ўтказилиши режалаштирилган. ЕХҲТ кўмагида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки фонди экс­пертлари иштирокида ички ишлар идоралари ходимлари учун «Инсон ҳуқуқларининг назарий асослари ва халқаро стандартлари» мавзусида туркум семинар-тренинглар ўтказилди. Бу борада амалга оширилган ишлар рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин.

Жаноб Жованни Риччулли ўз навбатида самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этиб, икки томонлама алоқалар янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди. Меҳмон маҳалла институти, профилактика инспекторларининг маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик, ёшлар вакиллари билан доимий ва самарали ҳамкорлиги масалаларига ҳам қизиқди.

Шунингдек, учрашувда меҳнат миграцияси соҳасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, глобал тус олган одам савдоси муаммоси ҳам муҳокама этилди. Ушбу жиноятнинг аксар ҳолларда хал­қаро жиноий гуруҳлар томонидан содир этилиши ва салбий оқибатлари ҳисобга олиниб, унга қарши курашда Ўзбекистон ва Италия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришлари лозимлиги таъкидланди.

Ўзаро суҳбат чоғида бошқа долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилиб, келгусидаги ҳамкорликдаги вазифалар белгилаб олинди