Кундалик хабарлар

Фуқаролик жамияти институтларининг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги фаолиятини ўрганишга бағишланган ўқув машғулоти

2010 йилнинг 10 май куни Сурхондарё вилояти ИИБда бошқарма Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлинмасининг ташаббуси билан бошқарма аппарати ва соҳавий хизмат ходимлари иштирокида “Фуқаролик жамияти институтларининг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги фаолияти” мавзусида ўқув машғулоти ўтказилди. 

Мазкур ўқув машғулотини Сурхондарё вилояти ИИБ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлинмасининг бошлиғи подполковник К.Ш.Шарипов олиб борди.

Маърузачи кун тартибидаги мавзунинг ўрганилиши бугунги кунда ички ишлар идоралари ходимларининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш борасидаги фаолиятида муҳим аҳамият касб этишини, чунки фуқаролик жамияти институтларининг вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишларини пухта билиш ҳар бир ходимнинг нафақат сиёсий ва ҳуқуқий билимлари доирасининг кенгайишига, балки хизмат тайёргарлигининг ошишига ҳам хизмат қилишини айтиб мавзунинг асл моҳиятини тўлароқ очишга киришди.
Жумладан, “Фуқаролик жамияти”нинг ҳуқуқий - ташкилий асослари, уни тузиш тартиб ва қоидалари, молиялаштириш тартиби, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолиятининг асосий йўналишлари ва мезонлари, унинг давлат идоралари билан ўзаро муносабатларининг турлари ва принциплари, жамият тараққиётини такомиллаштириш ва давлат бошқарувини назорат этишдаги ўрни, бу борадаги қонунчиликнинг халқаро ҳуқуқий андозаларга мослигининг даражаси, бевосита ички ишлар идоралари фаолиятида фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликнинг асослари ва устувор йўналишлари, бу борадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари хусусида сўз юритди.
Шунингдек, фуқаролик жамиятини ўрганиш институтининг мақсад ва вазифалари ҳамда унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги фаолиятининг асосий мезонлари, унинг ҳуқуқни муҳофаза этувчи давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигининг қирралари, жамиятни янада демократлаштириш борасида тутган ўрни ва бугунги кундаги долзарб вазифаларни бажаришда олиб бораётган ишлари ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтди.
Ўқув машғулоти якунида сўзга чиққан бошқарма бошлиғининг ўринбосари полковник Ҳ.Х.Бегматов, ходимларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари даражасини оширишга бағишланган шу каби ўқув машғулотларини келгусида вилоятнинг шаҳар-туман ИИБлари шахсий таркиби орасида ҳам ўтказилишини ташкил этиб бориш мақсадга мувофиқлигини қайд этди.