Ёвузлик ва фахшни тарғиб қилувчи дисклар савдосига чек қўйилди
Республикамизда амалдаги қонунларга биноан миллий қадрятларимизга тўғри келмайдиган ва халқимиз маънавиятига мутлақо ёд бўлган порнографик мазмундаги видео махсулотларни тайёрлаш, уни сотиш ва тарқатиш таъқиқланган. Бироқ шунга қарамай зўровонлик ва вахшийликни тарғиб қилувчи ахлоқий бузуқ, беҳаё мазмундаги кинофильмлар, дисклар савдоси билан шуғулланувчи кимсалар афсуски учраб туради.
Мўмай даромад топиш илинжида айрим кимсалар келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг дунё қарашига, тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ноқонуний видео махсулотлар савдоси билан шуғулланаётганликлари ташвишланарли хол албатта. Ёвузлик ва фахшни тарғиб қилувчи порнографик фильмларни кўриб улғаётган ёшлардан нимани кутиш мумкин.
Яқинда вилоят Ички ишлар бошқармаси хуқуқбузарликларни олдини олиш бўлими ва Давлат солиқ бошқармаси хамкорлигида ўтказилган рейд давомида Самарқанд шаҳри Даҳбет кўчасида жойлашган видеомахсулотлар савдоси билан шуғулланувчи дўкон кўздан кечирилганда расталардаги DVD дисклар орасидан 6 дона порнографик, 54 дона дахшатли манзараларни ва ёвузликни акс этувчи кино фильмлар борлиги аниқланди.
Савдо муассасасида сотилаётган аксарят дискларнинг муқовасидаги халқимиз менталитети ва удумларимизга умуман тўғри келмайдиган ялонғоч тасвирларни кўриб ташвишланасан киши. Олиб борилаётган тарғибот - ташвиқот ишлари ва кўрилаётган амалий чора – тадбирларга қарамай айрим кино видео махсулотлари савдоси билан шуғулланувчи кимсалар турли порнографик фильмларнинг яшрин савдосини тўхтатишмаяпти. Мазкур дисклардаги одоб – охлоққа муносиб бўлмаган жирканч видеолавҳалар ва фильмларни қайта-қайта кўриш ёшларда фахшга, зўравонликка мойиллик уйғотмайдими? Бундай ҳолатларга барҳам бериш фурсати етди, назаримизда.






