“Инсон ҳуқуқларини таъминлашда адлия идораларининг долзарб вазифалари” мавзусидаги семинар ПРЕСС РЕЛИЗИ
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан ЕХҲТининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ҳамкорликда жорий йилнинг 16 февраль куни, Наманган вилоятида “Инсон ҳуқуқларини таъминлашда адлия идораларининг долзарб вазифалари” мавзусида семинар ўтказилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Наманган вилоят адлия ва Ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ушбу тадбир ЕХҲТининг “Юристлар малакасини ошириш марказининг фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган бўлиб, мазкур семинарлар цикли 2009 йил 5 июнда Тошкент шаҳрида “Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича ўқитишнинг долзарб масалалари” мавзусида ўтказилган халқаро конференциянинг тавсияларига асосланиб ташкил этилди.
Тадбирда, суд ва ҳудудий адлия идоралари, нотариат, ФХДЁ, суд департаменти, адвокатура, ички ишлар идоралари вакиллари иштрок этди.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишида, жамиятнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётини янада юксалтириш, демократик ҳуқуқий давлат қуришда муҳим ва самарали ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
“Инсон ҳуқуқларини таъминлашда адлия идораларининг долзарб вазифалари” мавзусидаги мазкур семинарнинг мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:
- адлия вазирлиги таркибидаги ташкилотлар ходимларининг ўз профессионал фаолиятларида инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартларни қўллашлари бўйича билимларини ва амалий малакаларини такомиллаштириш;
- инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва уни ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида адлия идораларининг давлат, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигига оид масалаларни ёритиш;
- адлия идоралари ходимлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган тавсияларни тақдим этиш ҳисобланади.
Мазкур семинар, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини янада таъминлаш борасида семинар иштирокчиларининг бу борадаги билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга, халқаро стандартлар билан танишишга имкон берди.
Кичик гуруҳлар томонидан қилинган тақдимотлардаги таклиф ва тавсияларни, билдирилган фикр-мулоҳазаларни умумлаштириб тегишли хулосалар ишлаб чиқилди.
Тадбирда сўз олган маърузачилар томонидан суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адлия идораларининг роли, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятида инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд органларнинг долзарб вазифалари ва бошқа долзарб масалаларда маърузалар тингланди.
Шу билан бирга, инсон ҳуқуқларини таъминлашда тегишли давлат органларининг маъсулияти, бу борадаги халқаро тажриба, инсон ҳуқуқларига оид қонун нормаларини амалиётга тадбиқ этишда соҳа ходимлари касбий-малакавий тайёргарлигининг ўзига хос жиҳатлари ва бошқа масалалар юзасидан атрофлича сўз юритилди.
Мазкур семинар иштирокчилар учун самарали, савол-жавобларга бой, конструктив руҳда бўлиб ўтди.






