Жамоатчилик олдидаги ҳисобот йиғилиши
Маълумки, ҳар қандай жиноятни фош этишдан кўра, унинг олдини олиш, жиноятга йўл қўймаслик афзалдир.
Ички ишлар идоралари таркибида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича сохавий хизматлар ҳам шу мақсад йўлида куну тун меҳнат қиладилар. Улар жойларда аҳоли хавфсизлиги, инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларининг дахлсизлигини таъминлаш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириб келишмоқда. Ушбу хизматнинг энг эътиборли томони шундаки, улар доимий равишда аҳоли кенг қатламлари билан бевосита иш олиб борадилар. Шундай экан, ҳокимият вакили сифатида халқ ва жамият олдидаги масъулликларини тўла ҳис қилган ҳолда, улар ҳам ана шу халқ ва ана шу жамият олдида йил давомида олиб борган хизмат фаолиятлари тўғрисида ҳисобот беришга бурчлидирлар.
2010 йилнинг 13 февраль куни ана шундай эзгу мақсад йўлида Сурхондарё вилояти ИИБ раҳбариятининг ташаббуси билан, вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида «Халқ билан ҳамнафас бўлиш - ички ишлар идоралари ходимлари меҳнати самарадорлигини ошириш гарови» мавзусида Сурхондарё вилояти ички ишлар тизимларидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқарма, бўлим, бўлинма ва гуруҳлари шахсий таркибининг 2009 йилда амалга оширган ишларининг сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти Ҳокимининг ўринбосари П.Мадиев, вилоят прокуратурасининг Ички ишлар идораларида қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш бўлимининг бошлиғи П.Бобоқулов, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосарлари, бошқарма соҳавий хизматлари бошлиқлари, бошқарма ва унинг қуйи тизимларида хизмат қилувчи ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш хизмати инспекторлари, уларнинг яқин қариндошлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилишни Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Т.Саттаров олиб борди. Унда сўзга чиққан вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосарлари, Тергов бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, ЖҚ ва ТҚКБ бошлиғининг 1-ўринбосари, бошқарма Шахсий таркиб бўйича махсус инспекцияси ҳамда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлинмасининг бошлиқлари ва вилоят прокуратурасининг Ички ишлар идораларида қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш бўлимининг бошлиғи ўзларининг маърузалари билан иштирок этишиб, ўтган 2009 йил давомида мазкур соҳа ходимлари томонидан хизмат фаолиятларида эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган хато-камчиликлар тўғрисида сўз юритдилар.
Йиғилишда сўзга чиққан вилоят Ҳокимининг ўринбосари П.Мадиев соҳа ходимларининг ғалла ва пахта ҳосилларини нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишда жамоат тартиби, фуқароларнинг хавфсизлиги, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашдаги хизматларига юқори баҳо бериб, келгусида жамоатчилик билан ҳамкорликдаги ишларни янада жадаллаштириш лозимлигини айтиб ўтди.
Йиғилиш якунида хизматда алоҳида ўрнак кўрсатган бир қатор соҳа ходимлари вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари, вилоят ички ишлар бошқармасининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган бўлсалар, айрим ходимларнинг яқин қариндошларига бошқарма раҳбариятининг ташаккурномалари топширилди.
Мазкур тадбир тавсилотлари маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.






