Кундалик хабарлар

Давлат дастурининг ижросига бағишланган тадбир

Маълумки, 2010 йил давлатимиз раҳбари томонидан “Баркамол авлод йили” деб эълон қилинди. Мазкур йилда ёш авлод вакиллари орасида ички ишлар идоралари ва бошқа давлат ҳамда жамоат ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган ишларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш ва бу ишларнинг аҳамиятини ёшларга чуқурроқ етказиш мақсадида, 2010 йилнинг 03 февраль куни Сурхондарё вилояти ИИБ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлинмаси ва Термиз шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими Вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш гуруҳи ташаббуси билан, Термиз шаҳар прокуратураси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Термиз шаҳар бўлими, Термиз шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимига қарашли Ўсмирлар поликлиникаси, Термиз шаҳридаги “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, Термиз Иқтисодиёт коллежи маъмурияти ҳамда Сурхондарё вилоят “Ишонч” Телевидениеси билан ҳамкорликда ушбу коллежда “Баркамол авлод йили” Давлат Дастури: мақсад, вазифалар, истиқболлар” мавзусида коллеж ўқувчилари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. 

Давра суҳбатида қатнашган идора ва ташкилотларнинг вакиллари “Баркамол авлод йили” Давлат Дастурининг мазмун-моҳияти, ёш авлоднинг тарбиясидаги аҳамияти, Дастурни амалга оширишда давлат ва нодавлат ташкилотларнинг роли, вазифалари ҳақида сўз юритдилар.

Жумладан, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, соғлигини сақлаш, уларнинг давлат ва жамоат ишларида фаол иштирокини таъминлаш, ёшлар маънавиятини ёт мафкуралар ва тубан “оммавий маданият”нинг яширин турли иллатлари ишончли ҳимоялаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил тушунчалар берилди. 

Ўсмирлар поликлиникаси врачининг инсон саломатлигининг даражаси унинг руҳий камолоти даражасини белгилаб беришига бағишланган “Соғ танда – соғлом ақл” номли маърузаси ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

Ўз навбатида ўқувчилар “Баркамол авлод йили” давлат дастури тўғрисида, айнан унинг кенг қамровлилиги, унда белгиланган вазифалар юртимиз келажаги ҳисобланган ёш авлоднинг янада равнақ топишига, ҳар томонлама етук бўлиб етишишлари учун мислсиз даражада хизмат қилажагини эътироф этдилар.

Бу турдаги тадбирлар вилоятнинг бошқа таълим муассасаларида, маҳалларда ва корхона-ташкилотларида ўтказилиши мўлжалланган.