Баркамол авлод тарбиясида ички ишлар идоралари ва бошқа давлат ва нодавлат ташкилотларининг роли
Маълумки, 2010 йил давлатимиз раҳбари томонидан “Баркамол авлод йили” деб эълон қилинди. Мазкур йилда ёш авлод вакиллари орасида ички ишлар идоралари ва бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган ишларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш ва бу ишларнинг аҳамиятини ёшларга чуқурроқ етказиш мақсадида, 2010 йилнинг 29 январь куни Сурхондарё вилояти ИИБ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлинмаси ташаббуси билан Термиз шаҳар ИИБ Вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш гуруҳи, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Термиз шаҳар бўлими, Термиз шаҳридаги “Учқун” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамда Термиз шаҳридаги 2-сонли умумий ўрта таълим мактаби маъмурияти ҳамда Сурхондарё вилоят Телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда ушбу мактабда “Баркамол авлод тарбиясида ички ишлар идоралари ва бошқа давлат ва нодавлат ташкилотларининг роли” мавзусида мактабнинг 9-синф ўқувчилари иштирокида очиқ дарс ўтказилди.
Очиқ дарс доирасида сўзга чиққан ички ишлар идоралари ва бошқа ташкилотлар вакиллари “Баркамол авлод” йилида ёшлар орасида давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан амалга оширилиши режалаштирилган тадбирларнинг мақсади, вазифалари ва моҳияти ҳақида сўз юритдилар. Айниқса, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, Ватан ва жамият олдидаги бурч ва мажбуриятлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди. Бунда асосий эътибор Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ва “Таълим тўғрисида”ги Қонунларда бола ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқий нормаларнинг амалиётига қаратилди.
Дарс якунида ўқувчилар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ва қонунларида таълим олиш, вояга етмаганларнинг меҳнат ва эркин касб танлаш ҳуқуқлари, уяли телефонлар орқали тарқатилаётган беҳаёликка ва тажовузкорликка чорловчи видео ва аудио материалларни тарқатиш учун белгиланган жавобгарлик ҳамда уларнинг олдини олиш борасида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилаётган профилактик чора-тадбирлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволар билан мурожаат қилдилар. Очиқ дарсда иштирок этаётган турли идора ва ташкилотлар вакиллари бу борада олиб борилаётган ҳамкорликдаги амалий тадбирларнинг аҳамияти ва самараси ҳақида кенг тушунча берилди.
Очиқ дарс ўқувчиларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билимларини яна бир поғона юксалтиришга ва ҳуқуқий билимларни эгаллашга бўлган қизиқишларининг янада ортишига хизмат қилди.






