Кундалик хабарлар

НАВБАТ – РЕСПУБЛИКА БОСҚИЧИГА

Юртимизнинг барча гўшаларида тинчлик-осойишталикни сақлаш, фуқароларимиз ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ички ишлар идоралари ходимлари, айниқса, жойлардаги профилактика инспекторларининг ҳиссаси беқиёс. Айни кунда республикамизда 3500 дан ортиқ милиция таянч пунктлари фаолият кўрсатмоқда. Қувонарлиси, мазкур масканларнинг уч мингга яқинида маҳалла қўмиталари, яраштириш комиссиялари, хотин-қизлар кўмитаси, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, посбонлар билан бир бинода баҳамжиҳат фаолият олиб боришмоқда. Шунингдек, уларда спорт майдончалари, кичик бизнес марказлари ва бошқа касбга йўналтирувчи тўгаракларнинг мавжудлиги аҳолининг, айниқса, ёшларнинг бўш вақтларини фойдали ишларга жалб қилишда муҳим ўрин тутмоқда. Ўлар бир милиция таянч пунктлари қошида барпо этилган барча қулайликларга эга инфратузилмалар ҳудуднинг ободонлиги, турмуш фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қиляпти.  – Ички ишлар идораларида ўтказилган ислоҳотлар натижасида профилактика хизматининг моддий-техника таъминоти мустаҳкамланиб, ходимларнинг касбий тайёргарлиги ошириб борилмоқда, – дейди ИИВ ҲООББ бошлиғи ўринбосари, подполковник Ғанишер Эшонқулов. – Натижада уларнинг тезкорлиги, ҳаракатчанлиги ва ўзига бўлган талабчанлиги, масъулият ҳисси ортиб, жиноятларнинг олдини олиш, содир этилганларини фош этишда ижобий ютуқларга эришилаяпти. Профилактика инспекторларининг хизматлари халқнинг кўз ўнгида бўлганлиги, фуқаролар ишончини нечоғли оқлагани, ҳудуддаги тезкор вазиятни яхшилаш учун жамоатчилик билан ҳамкорлиги қай даражада эканлигини баҳолаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳушёрликни оширишда жамоатчилик диққат-эътиборини, фаоллигини янада кучайтириш мақсадида ҳар йили анъанавий «Намунали милиция таянч пункти» кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.Кўрик-танловнинг вилоят босқичлари якунланиб, ғолибликни қўлга киритган милиция таянч пунктлари, профилактика инспекторлари якуний танловга йўлланма олишди. Саноқли кунлардан сўнг кўрик-танловнинг республика босқичи ўтказилиб, тузилган ишчи гуруҳи аъзолари томонидан уларнинг энг яхшилари танлаб олинади. Фахрий ўринларга лойиқ деб топилганлар автомашина, қимматбаҳо совғалар ва дипломлар билан тақдирланишади. Ўар йилгидек бу йилги танлов ҳам тўрт босқичда ўтказилади. Танловда белгиланган номинациялар бўйича совриндорлар ҳам махсус талаблар асосида белгиланади.