Артекда дам олишди
2009 йил 5 октябрда Украина Ички ишлар вазири Ю. Луценкодан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Б. Матлюбов номига мактуб келганди. Унда Украина Ички ишлар вазирлиги томонидан бир қатор МДҲ давлатларининг хизмат пайтида ҳалок бўлган ички ишлар ходимларининг фарзандлари учун «Артек» халқаро болалар марказида дам олишлари ташкил этилгани маълум қилиниб, шу боис Ўзбекистондан хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг беш нафар фарзандлари оромгоҳга таклиф этилганди.
Таклифномага асосан республикамизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган, Ватанимизнинг юксак мукофоти II даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланган республика ИИВ ЖҚ ва ТҚКББ бўлим бошлиғи ўринбосари, подполковник Ҳасан Асадовнинг ўғли Равшан Асадов, II даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланган Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ катта инспектори, капитан Бахтиёр Холмирзаевнинг қизи Ўғилой Авазбекова, «Жасорат» медали соҳиби, Тошкент вилояти ИИБ ходими, старшина Ўктам Раҳматовнинг қизи Муштарий Исматова, «Жасорат» медали соҳиби, Қибрай тумани ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бўлими милиционери, сержант Зоитбек Аҳмедовнинг қизи Гулзина Мирзабекова, Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бошқармаси милиционери, кичик сержант Абдуҳалим Ташқуловнинг қизи Гулҳаё Жумабоевалар республика ИИВ ШТБИХ катта инспектори, майор Бернора Содиқова ҳамроҳлигида қишки таътил даврида «Артек» халқаро болалар марказига бориб, бу севимли оромгоҳда 12 кун дам олиб қайтишди.
– Бизни Киев шаҳрида Украина ИИВ ДАН департаменти бошлиғи, милиция генерал-майори С. Коломиец, бўлим бошлиғи, полковник Н. Хмелевская ва бошқа вакиллардан иборат мезбонлар кутиб олишди, – дейди майор Б. Содиқова. – Дастлаб Украина ИИВ ДАН департаменти раҳбарияти қабулида бўлдик. Департамент раҳбари болаларга Янги йил совғалари топширди, эсдалик учун ДАН эмблемаси туширилган қўл соатлари ҳадя этди. Кейин Киев шаҳридан поездда Қримга жўнадик. Қора денгиз тўлқинлари чайқалиб турган «Артек» халқаро болалар марказига 31 декабрь куни етиб бордик. Дунё миқёсида катта нуфузга эга бўлган «Артек» халқаро болалар марказида бир неча оромгоҳ бўлиб, биз «Янтарный» лагерига жойлашдик. Янги йил байрамини ана шу ерда нишонладик.
Мактаб ўқувчиларининг қишки таътил даврида ташкил этилган дам олиш кунлари болаларда катта таассурот қолдирди. Бу нуфузли оромгоҳда Белорусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Украинанинг барча вилоятларидан хизмат пайтида ҳалок бўлган ички ишлар ходимларининг 100 нафар фарзанди ҳордиқ чиқаришди.
Ўн кун давомида болалар Қрим Автоном Республикасининг Ялта, Симферополь, Севастополь, Гурзур, Алупта шаҳарларига экскурсияга бордилар. Алупка шаҳридаги машҳур граф Воронцов саройини томоша қилдилар. Жаҳоннинг барча минтақаларида ўсадиган дарахт ва гуллар ўстирилаётган Никита ботаника боғида бўлдилар.
Жаҳоннинг биринчи космонавти Юрий Гагарин ташаббуси билан ташкил этилган «Космонавтика» музейи айниқса, болаларда катта қизиқиш уйғотди. У ерда фазогирнинг космосдан ерга қайтиб тушишида фойдаланган парашюти олдида суратга тушдилар. Ўзбекистонлик космонавт Владимир Жонибеков ва биринчи ўзбек космонавти Солижон Шариповнинг портретини кўрган болалар тўлқинланиб, бошқа давлатлардан келган болаларга улар ҳақида сўзлаб беришди.
Болалар ўртасида уюштирилган турли викторина, танловларда Ўзбекистонликлар ҳам фаол иштирок этишди. «Украина тўғрисида нималар биласиз?», «Янги йил тўғрисидаги халқ ижодидан намуналар» танлови шулар жумласидандир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Равшан Асадовнинг Украина тўғрисида маҳаллий болалардан кўра кўпроқ маълумотлар билиши ҳаммани қойил қолдирди. Шунингдек, у бошқа саволларга ҳам ҳаммадан кўп жавоб берди. Равшан Асадов танлов ғолиби деб топилиб, биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.
Болалар латифалар айтишди, шеърлар ўқиб, қўшиқлар куйлашди. Танловда фаол иштирок этган Муштарий Исматова ва Ўғилой Авазбекова ҳам билимдон эканликларини намойиш этдилар. Ўзбек болаларининг рус тилида эркин гаплашишларига кўпчилик ҳавас қилганини кўриб, фахрланиб кетдик. Украин болалари халқ лапарларини ижро этишганида, бизнинг ўқувчилар унга ҳамоҳанг тарзда «Артек»ка атаб тўқиган лапарларини бошқа болалар жўрлигида айтиб беришди.
Ўксик кўнгилларга меҳр бағишлаб, мурувват кўрсатган украиналик ички ишлар ходимларига самимий миннатдорлик билдириб, болажонларимиз Тошкентга қайтиб келишди.
– Ўғлимнинг «Артек» халқаро болалар марказида дам олишини ҳеч ҳам хаёлимга келтирмагандим, – деди марҳум подполковник Ҳасан Асадовнинг турмуш ўртоғи Башора Мирзаева. – Ўғлим Равшанжон бир олам қувонч билан қайтди. Танловларда мукофот олганини тўлқинланиб гапириб берди. Дадасининг хизматларини инобатга олиб, кўрсатилган ғамхўрлик ва эътибор учун ҳукуматимиз, Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Меҳр-мурувват чашмалари ҳеч қачон тинмасин.
«Артек» таассуроти кўп вақт болалар қалбидан ўчмайди. Улар халқимизнинг миллий анъаналари билан бирга бошқа халқларнинг урф-одатларини ҳам қадрлаб, ўсиб-улғайиб, ажойиб касб эгалари бўлиб етишишларига ишончимиз комил.






