Кундалик хабарлар

Инсон саломатлиги – бош мезон.

Инсон ўзини жамиятнинг фаол аъзоси сифатида намоён этиши учун аввало соғлом бўлишига жуда дахлдор. Бутун жамиятда соғлом муҳит барқарор бўлиши учун эса ҳар бир инсон ўз соғлигига жавобгар, масъул эканини чуқур ҳис этиши, онгли равишда шунга ҳаракат қилиши керак бўлади. Ҳукуматимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар негизида инсон омилининг, аҳоли саломатлигининг бош вазифа қилиб қўйилгани ҳам бежис эмас.

 

- Биргина жорий “Қишлоқ тараққиёти фаровонлиги йили”да чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли саломатлигини тиклаш, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Республикамизнинг олис қишлоқ ва овулларида ҳам замонавий асбоб ускуналар билан жиҳозланган қишлоқ врачлик пунктлари қурилиб фойдаланишга топширилди. Бу каби олға силжишлар ИИВ тизимларида фаолият кўрсатаётган тиббиёт муассасаларида ҳам ўз аксини топмоқда. Биргина Навоий вилояти ИИБ Тиббиёт бўлими поликлиникасини оладиган бўлсак бугун ҳар бир шифокор тўлиқ замонавий даволаш ускуналари билан таъминланган. Шинам ва қулай хоналарда беморларга малакали тиббий ёрдам имконияти мавжуд. Бактериологик ва клиник лабораториялар, рентген ва флюрография хоналари ишлаб турибди. Бошқарма Тиббиёт бўлими шифокорлари бутун билим ва тажрибаларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг саломатлигини асрашга сарф этишяпти. Шу ўринда ходимлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлигини эътироф этиш жоиз. Жумладан, 26-28 октябр кунлари Навоий вилоятида Республика ИИВ томонидан Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда илмий-амалий семинар ташкил этилди. «Сил касаллигини ташхислаш, даволаш усуллари ва профилактикаси» мавзусида ўтказилган мазкур семинарда Навоий вилояти ИИБ Тиббиёт поликлиникаси, ЖИЭКалониялари фтизиатрлари, умумий амалиёт шифокорлари иштирок этишди.

Иштирокчилар уч кун давомида фтизиатрия фанида учраётган муаммолар, сил касаллигини вақтли аниқлаш, яъни, замонавий “ДОТС” даволаш программаси ва муолажада қўлланиладиган янги технологиялардан фойдаланиш борасидаги билимларини малакали мутахассислар орқали янада мустаҳкамлаб олишди. Музокара ва дебат усулида ўтган уч кунлик илмий-амалий семинар якунида иштирокчилардан ўтилган мавзулар бўйича синовлар олиниб, иштирокчиларга сертификат топширилди.

Сўнг сўз ўрнида: Сил ўта юқумли ва инсон ҳаёти учун хавфли касалликлардан. Шу сабаб ҳам бу хасталикка чалинган беморлар давлат томонидан бепул дори-дармонлар билан таъминланади. Фуқароларимиз эса ўз саломатликларига бефарқ бўлмасалар, ўзининг бирор – бир дардга чалинганлигини сезган заҳоти шифокор мурожаат қилишса касалликни даволаш осон кечади. Кекса аждодларимизнинг “Касални даволагандан кўра олдини олган афзал” ёки “Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади” деган пурмаъно гаплари бугун яна бир бор ўз исботини топмоқда.

Умуман, ҳаёт соғлом тана ва соғлом руҳ билан ширин. Бунинг сирини билиш ва унга амал қилиш эса ўз қўлимизда.