Инсон ҳуқуқлари бўйича масъул ходимларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга бағишланган ўқув семинари
2009 йилнинг 23 июл куни Термиз шащри Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси мажлислар залида Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Инсон ҳуқуқларига риоя этилишининг ҳолатини ўрганиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳининг 2009 йилдаги иш режаси 5 банди талабига мувофиқ, Инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилувчи органларининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритаётган ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ва ушбу фаолиятдаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.
Ўқув семинарида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг масъул ходимлари, Тошкент Давлат Юридик институти, вилоят Адлия бошқармаси, вилоят ИИБ, вилоят прокуратураси, Жиноят ишлари бўйича вилоят суди, Ўзбекистон Республикаси МХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакилининг (омбудсман) Сурхондарё вилояти бўйича минтақавий вакили Фуқаролик жамиятини ўрганиш институтининг Сурхондарё вилоят филиали илмий ходимлари, вилоят Адвокатлар палатаси адвокатлари ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Семинар доирасида сўзга чиққан маърузачилар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар томонидан Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятлари, эришилган ютуқлар, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режалар тўғрисида, шунингдек мазкур йўналишда фаолият юритувчи ходимларнинг касбий тайёргарликларини, ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг мақсади ва амалий ижроси хусусида атрофилича сўз юритдилар.
Семинарда иштирок этган вилоят Ички ишлар бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлинмаси бошлиғи подполковник К.Шарипов “Сурхондарё вилояти Ички ишлар идоралари ходимларининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти” мавзусида маъруза қилиб, ички ишлар идоралари томонидан бу йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.
Семинар якунида унда иштирок этувчи органлар ходимларининг ўзаро тажриба ва фикр алмашинувлари, мунозаралар бўлиб ўтди.
Ўтказилган ушбу ўқув семинари бу соҳада фаолият юритувчи ходимларнинг назарий билимлари ва амалий иш кўникмаларининг янада бойишига хизмат қилди.






