Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни муҳофаза этиш – давр талаби.
2009 йилнинг 06 июн куни Сурхондарё вилоят ИИБ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлинмаси ҳамда Термиз тумани ИИБ раҳбарияти билан ҳамкорликда Термиз туманидаги «Намуна коммунал уй-жой қурилиш коллежи»да «Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни муҳофаза этиш –давр талаби» мавзусида семинар ўтказилди.
Семинарда Сурхондарё вилоят ИИБ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлинмаси, Термиз тумани ИИБ раҳбарияти ва ходимлари, Термиз тумани Ҳокимлиги қошидаги «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг фаоллари, Термиз тумани Халқ таълими бўлими мудири, шунингдек, Термиз туманидаги «Намуна коммунал уй-жой қурилиш коллежи»нинг ўқитувчи ва мураббийлари ҳамда талаба ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Семинарда сўзга чиққан маърузачилар Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг асосий кафолатлари белгиланганлиги ва унинг давлатимиз томонидан муҳофаза этилиши билан боғлиқ тушунчаларни изоҳлаб, ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлида ушбу ҳуқуқларни таъминлаш, муҳофаза этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканлиги ҳақида сўз юритдилар. Шу билан бир қаторда, Инсоннинг Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига хавф солаётган теророрчи гуруҳларнинг жиноий қилмишлари кескин танқид этилди.
Терроризмнинг салбий оқибатлари ва унга қарши кураш барчамизнинг бурчимиз эканлиги ҳақида тўхталиб, бунга Конституциямиздан бир қатор мисоллар келтирилди. Семинар доирасида коллеж ўқувчилари ўртасида «Инсон ҳуқуқлари билимдони» кўрик танлови ўтказилиб, талаба ёшларнинг бу борадаги билимлари савол-жавоб тариқасида ўрганилди. Кўрик танлов натижалари бўйича, унда фаол иштирок этган ўқувчи ёшлар Термиз тумани ИИБ раҳбарияти томонидан тайёрланган фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилдилар.
Семинарда қатнашган ўқитувчилар ва ўқувчи ёшлар юқорида кўрсатилган ҳуқуқ ва эркинликларнинг ҳимоя қилиниши билан боғлиқ бўлган ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олдилар.






