Кундалик хабарлар

Меҳр-саховат тадбири

Тошкент вилояти Бўка туманида жойлашган 15-меҳрибонлик уйида юздан ортиқ етти ёшдан ўн олти ёшгача бўлган, ўн бир миллатга мансуб болалар тарбияланади.

Мазкур меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳар йили «Сен ёлғиз эмассан» ҳамда «Соғлом авлод учун» жамғармалари томонидан ўтказиладиган «Камалак жилоси» кўрик-танловида қатнашиб, соаринли ўринларни эгаллаб келишяпти. 

Ўн ёшли Владимир Волинкин, етти ёшли Бахтиёр Саматов ёш рассомлар кўргазмасининг доимий қатнашчилари. Рақс тўгарагида турли жаҳон рақсларини ўрганаётган қизларни кўриб бир қувонсангиз, тикувчилик, тўқувчилик, спорт тўгаракларида шуғулланаётган болаларнинг ҳаракатларини кўриб яна қувонасиз.

Мазкур меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Бунга Ўзбекистон Республикаси ИИВ хотин-қизлар Кенгаши томонидан хайрия тадбири уюштирилганда яна бир бор амин бўлдик. Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ушбу даргоҳга кўпдан-кўп совға-саломлар билан ташриф буюрган кенгаш аъзолари тарбияланувчилар тайёрлаган концерт дастурини мамнуният билан томоша қилишди.
Ҳар бир бола учун аталган кийим-кечаклар, спорт анжомлари, китоб-дафтарлар, маиший техника жиҳозлари, шахсий гигиена воситалари, юмшоқ ўйинчоқларни қувонч билан қабул қилган болакайлар меҳмонларни бу ердаги шарт-шароит билан таништиришди. Ҳомийлар томонидан тақдим этилган компьютер хонаси, 5 мингдан ортиқ китобга эга бўлган кутубхона, икки-уч ўринли шинам ётоқхоналар, ёруғ спорт тўгараклари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Айниқса, Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати томонидан сув ҳавзаси қуриб берилиши болаларга қувонч бағишлагани катталарни ҳам хурсанд қилди.