Инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида
Мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг таркибий қисми сифатида ички ишлар идоралари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Аввало, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, уларнинг ҳар бири ўз фаолиятида қонунларга, давлатимиз Конституцияси ва халқаро ҳуқуқий меъёрларда кафолатланган инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурмат билан ёндашмоқлиги зарур.
Маълумки, юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади инсон ҳуқуқлари ва унинг эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган. Республикамиз Конституциясида Инсон ҳуқуқлари ва унинг кафолатлари олий қадрият сифатида мустаҳкамлаб қўйилган. Уларга қатъий равишда риоя этилишини таъминлаш бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан бир қаторда ички ишлар идоралари зиммасига ҳам юксак масъулият юклайди. Ана шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, инсон ҳуқуқлари ҳимояси республика Ички ишлар вазирлиги фаолиятининг энг муҳим ва асосий йўналишларидан бири саналади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2008 йил 1 майдаги «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар ластури тўғрисида»ги Фармони юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва уларни ҳимоя қилиш масаласига юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодаси бўлди. Мазкур фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда 2008 йил 12 сентябрда республика Ички ишлар вазирлигида Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси, жойларда эса шунга мувофиқ равишда тегишли мутахассислар билан жамланган бўлим ва бўлинмалар ташкил этилди.
Мазкур бошқарманинг асосий вазифаларидан бири инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида давлат, нодавлат ташкилотлари, миллий институтлар ва халқаро ташкилотлар билан яқин алоқаларни йўлга қўйишдан иборат. Шу ўринда Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ИИВ ўртасида ўрнатилган мустаҳкам ҳамкорлик хусусида тўхталмоқчимиз. Қисқа вақт мобайнида мазкур ташкилот билан кўплаб ишлар амалга оширилди. Жумладан, «Ички ишлар идоралари ходимлари учун халқаро андазалар», «Ички ишлар идоралари ходимларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаши бўйича эслатма» рисолалари, “Фуқаролар мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга бағишланган махсус плакатлар, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи мансабдор шахсларнинг ахлоқ кодекси тавсиялари босилган календарь чоп этилди.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ИИВ ҳамкорликда вазирликнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2008-2009 йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ ички ишлар идоралари ходимлари инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро андазалар бўйича ўқитиладилар. Юқорида қайд этилган тадбирлар режасига кўра Тошкент шаҳридаги «Пойтахт» меҳмонхонасида “Инсон ҳуқуқларининг назарий асослари ва халқаро андазалари” мавзусида туркум семинар-тренинглар бўлиб ўтди. ИИВ ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки жамғармаси (Варшава-Польша) вакиллари ички ишлар идоралари ходимларини инсон ҳуқуқлари бўйича мавжуд халқаро андазалар билан яқиндан таништирдилар.
Семинар-тренинглар очилиш маросимида иштирок этган ИИВ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник И.Турғунов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, элчи И.Венцель ва бошқалар сўз олиб, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Тадбир қатнашчилари бу борадаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Айниқса ИИВ ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Ўтган йил давомида ИИВ турли ташкилотлар, шу жумладан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан инсон ҳуқуқлари ҳимоясига бағишлаб 230 дан зиёд анжуманлар, конференциялар, давра суҳбатлари ўтказди. Мазкур тадбирлар оммавий ахборот воситаларига кенг ёритилди.
— Бу галги семинар-тренинг бизга инсон ҳуқуқларининг назарий асослари ва бу борадаги халқаро андозалар билан яқиндан танишиш имконини берди, - дейди семинар-тренинг иштирокчиси Тошкент шаҳар ИИББ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлими бошлиғи, полковник А.Эрназаров. – Биз уч кун давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки жамғармасидан ташриф буюрган мутахассислар С.Цыбульски и Б.Хмелевска томонидан тақдим этилган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тизим, жумладан, БМТ ва Европа Кенгашининг ишлаш принцплари, ички ишлар идораларининг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги роли ва бошқа кўплаб қизиқарли мавзулардаги сабоқларни тингладик. Семинар қатнашчилари инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро андазалар ва уларнинг хусусиятлари, муҳим жиҳатлари борасида қизғин баҳс ва мунозараларга киришдилар, фикр алмашилди.
“Инсон ҳуқуқларининг назарий асослари ва халқаро андазалари” мавзусида туркум семинар-тренинглар иштирокчиларига махсус сертификатлар топширилди.
Бу каби семинар-тренинглар республикамизнинг бошқа минтақаларида ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.
ИИВ Матбуот маркази




