Пресс релизлар

2008 йил 30-31 октябр куни Фарғона вилоятида ўтказиладиган Инсон ҳуқуқларини химоя қилиш соҳасидаги давра суҳбати тўғрисида



Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш юзасидан ички ишлар идораларининг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва Давлат органлари, миллий институтлар, нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги” мавзусидаги  давра суҳбатларининг ўтказиш юзасидан

 ПРЕСС-РЕЛИЗ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги Фармони  талабларини амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг сентябрь-декабрь ойларида  Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ҳамкорликда  тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ушбу масалада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш бўлимининг имкониятини кучайтириш”  лойиҳаси доирасида “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш юзасидан ички ишлар идораларининг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва Давлат органлари, миллий институтлар, нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги  мавзусидагибир қатор “давра суҳбатлари”  ўтказиш режалаштирилган.
Ушбу “давра суҳбатлари” давомида ички ишлар идоралари ходимларининг малакасини ошириш,  инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мавзусига бағишланган семинар-тернинглар ўтказиш, ҳужжатлар ва адабиётлар чоп этиш ҳамда ички ишлар идораларини бошқа давлат идоралари, судлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ҳамкорлик механизмининг самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилиш назарда тутилган.
Ушбу тадбир фуқароларнинг конституцион ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш юзасидан  мамлакатимизда олиб борилаётган кўп қиррали давлат сиёсатининг,  суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган  ислоҳатларининг ва Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг янги босқичлари билан ўзаро уйғунлашиб кетади.  Бундан бир неча йил олдин инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий институтларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, шу жумладан ички ишлар идоралари билан  ҳозирги пайтдагидек фаол ҳамкорлик қилиши мумкинлигини  тасаввур ҳам этиб бўлмасди. Шу ўринда жаҳон амалиётида фуқаролик жамияти институтларининг полиция тизими билан  амалий  фаолияти бўйича ўзаро ҳамкорлиги  тўғрисидаги мисоллар унчалик кўп эмаслигини, аммо уларнинг айримлари орасидаги “тинч” муносабатлар  мавжуд ( масалан, европада қисман немис ва поляклар тажрибаси) эканлигини қайд этиб ўтмоқчи эдик. Шу сабабли ушбу муносабатлар фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини ҳимоя қилиш меҳанизмидаги муоммаларни ечилишида янги услубларни жорий этишга,  инсон ҳуқуқларини  таъминловчи демократик институтларни ривожланишига, амалдаги қонунчиликни самарадорлигини оширишга хизмат қилади ва мансабдор шахслар ҳамда ҳар бир фуқаро учун  қизиқарли ва фойдали ҳисобланади. 
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни ички ишлар идоралари фаолиятидаги самарадорлигини янада юқори босқичга кўтариш мақсадида 2008 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида  янги   Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси ташкил  этилди. Шунингдек барча қуйи ички ишлар идоралари тизимида ҳам ушбу бошқарманинг бўлим ва бўлинмалари тузилиши эса фуқароларнинг ҳар қандай мурожаатларини қонунда белгиланган муддатларда, тез ва самарали кўриб чиқилишини кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 15 июлдаги “Ўлим жазосини бекор қилиниши  муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва  “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга берилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлари  жорий йилнинг 1 январидан бошлаб кучга кирди.
Мамлакатимизда ушбу  гуманизм ғоялари билан суғорилган қонунларнинг самарали ишлаши борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишлар ички ишлар идоралари, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва бошқа давлат институтлари, суд-ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар ҳамда кенг жамоатчилик билан  ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Шу боис, ўтказилиши режалаштирилаётган икки кунлик “давра суҳбатлари” суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган шу буюк ўзгаришларни тушунтиришга йўналтирилган бўлиб, ички ишлар идораларининг судлар,  давлат идоралари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бошқа институтлар билан ҳамкорлик фаолиятидаги муаммоларни муҳокама этиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ушбу ҳамкорлик механизми самарадорлигини оширишга ҳамда  ҳудудий ички ишлар идораларининг шу йўналишдаги фаолиятини такомиллаштиришга, шунингдек, “Хабеас корпус” институти қоидаларини жорий этишга ва ички ишлар идоралари ходимларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги тажрибасини оширишга ҳам қаратилгандир. 
“Давра суҳбатлари”да Олий Мажлиснинг Сенати ва қонунчилик палатаси, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар, Адлия вазирликлари, Олий Мажлис омбудсмани, Инсон ҳуқуқлари бўйича республика Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги амалдаги қонун ҳужжатларни мониторинги, Фуқаролик жамиятини ўрганиш, Тошкент Давлат юридик институтлари, Халқаро иқтисодиёт ва дипломатия университети, республика Хотин-қизлар қўмитаси, Адвокатлар ассоциацияси, “Маҳалла” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, оммовий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек ИИВнинг марказий аппарати ва худудий ички ишлар идоралари вакиллари қатнашадилар.
“Давра суҳбати”нинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳамкорлик  Битимини имзолаш маросими бўлиб ўтади.      
 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

ва юридик таъминлаш бошқармаси