Газеталар

ИНСОН ҲУҚУҚИ ДОИМИЙ ҲИМОЯДА

Дарёлар ирмоқлардан бошланади. Улкан мақсад йўлида жипслашган халқни чексиз бир уммонга менгзасак, инсонлар ана шу муаззам денгизнинг асосини ташкил қилади. Оташнафас шоир Абдулҳамид Чўлпон «Халқ – денгиздир, халқ – тўлқиндир, халқ – кучдир» деб бежиз айтмаган. Шу туфайли инсон ҳуқуқлари ғояси сўнгги асрлар мобайнида маърифатли жамиятлар томонидан гуманизмнинг олий кўринишини ифодаловчи мезон сифатида илгари сурилиб келмоқда. 

Хўш, инсон ҳуқуқлари нима? Шахс ҳуқуқлари, фуқаро ҳуқуқ ва бурчлари бир-биридан қайси жиҳатлари билан фарқланади? Бу борадаги хал­қаро ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар нималардан иборат? Улар қайси тамойилларга асосланади? Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлардан қанчалик хабардормиз? Қуйида шу саволларга атрофлича жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Инсон ҳуқуқлари фалсафа, этика, ҳуқуқий ва сиёсий илмлар билан чамбарчас боғланган билимлар маж­муидир. Бу билимлар мажмуининг илдизи қадим-қадимларга бориб тақалса-да, унинг замонавий кўриниши Иккинчи жаҳон урушидан сўнг вужудга келди.

Инсоният бошидан кечирган энг катта уруш сифатида тарихга муҳрланган Иккинчи жаҳон уруши 61 та мамлакатни ўз домига тортди, олти йилу 1 кун давомида миллионлаб кишиларнинг тинка-мадорини қуритди. Қирқта давлат ҳудудини қамраб олган бу даҳшатли уруш ҳаракатларида 110 миллион киши қўлига қурол тутди. 50 миллиондан зиёд одам қурбон бўлди. Фашизм ва милитаризм балоси яна миллионлаб инсонлар қалбига битмас-туганмас Қам-андуҳ, жароҳат солиб кетди. Ана шу улкан йўқотишлар дунё аҳлини бошқача яшашга, тинчлик ва эзгулик йўлида кучларни бирлаштиришга даъват этди. Бундан ўзгача бўлиши мумкин эмасди ҳам.

Дарҳақиқат, инсоният маълум бир тарихий даврни бошидан кечиргач, босиб ўтилган йўлга, яқин мозийга бир қур назар ташлайди: эришган ютуқларини сарҳисоб қилади, аламли мағлубиятларини таҳлил чиғириғидан ўтказади, тузатилмас хатолардан сабоқ чиқаради. Шу тариқа келажакда бундай даҳшатларнинг содир бўлишига йўл қўймаслик, топталган инсон қадр-қимматини халқаро миқёсда тиклаш ва жаҳон ҳамжа­миятининг бирдамлигини таъминлаш зарурати 1945 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсис этилишига олиб келди. Энг муҳими, БМТ Уставининг 1-боб, 1-моддасидаёқ «Инсон ҳуқуқларига, унинг ирқи, жинси, тили ва динидан қатъи назар, асосий эркинликларига ҳурматни рағбатлантириш ва ривожлантириш» қатъий белгилаб қўйилди. Бинобарин, бу тамойиллар халқаро ҳамжамият олдидаги асосий мақсадлардан бирига айланди.

«Инсон ҳуқуқлари» иборасининг мазмун-моҳияти расман илк маробата 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ўзининг аниқ ифодасини топди. 1966 йилда қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактлар юқорида номи зикр этилган декларация билан қўшилиб, БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид ягона умумий ҳужжатини ташкил қилади. Ушбу ҳужжатлар мажмуи Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга 1966 ва 1989 йилларда қабул қилинган Факультатив протоколлар билан биргаликда Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро билл номи билан машҳур.

Инсон ҳуқуқлари, моҳият-эътибори билан алоҳида инсоннинг асосий ҳуқуқларидир. Улар шахс ва ҳокимият идоралари, айниқса давлат муассасалари билан бўладиган муносабатларнинг моҳиятини белгилаб беради. Инсон ҳуқуқлари фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар, шунингдек, халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш, тинчликка ривожланиш, тенглик ва тоза табиий муҳитга бўлган ҳуқуқларини ўз ичига олган жамоавий ҳуқуқлар мажмуидир.

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

– яшаш ҳуқуқи;

– қийноқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ва шахс қадр-қимматини камситувчи муомала ва жазо турларидан эркин бўлиш ҳуқуқи;

– қуллик, қарамлик ва мажбурий меҳнатдан халос бўлиш ҳуқуқи;

– озодлик ва шахсий хавфсизлик ҳуқуқи;

– озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг инсоний муомалада бўлишга бўлган ҳуқуқи;

– ҳаракатланиш эркинлиги;

– одил судловга бўлган ҳуқуқ;

– орқага қайтиш кучига эга бўлган жиноят қонунчилиги қўлланилишининг тақиқланиши;

– қонун олдида инсон сифатида тан олинишга бўлган ҳуқуқ;

– шахсий дахлсизлик ҳуқуқи;

– фикрлаш, виждон ва дин эркинлиги;

– қарашлар ва сўз эркинлиги;

– урушнинг тарғиб этилиши ва миллий, ирқий ҳамда диний адоватга даъват этишнинг тақиқланишига бўлган ҳуқуқ;

– намойишлар ўтказиш ҳуқуқи;

– турмуш ва оила қуриш ҳуқуқи;

– давлат бошқарувида иштирок этиш, сайлаш ва сайланиш, давлат идоралари хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи;

– камситилишлардан холи бўлиш ва қонун олдидаги тенглик ҳуқуқи.

 Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар:

– меҳнат ҳуқуқи;

– иш жараёнида оқилона ва адолатли шарт-шароитлар яратиб берилишига бўлган ҳуқуқ;

– касаба уюшмалари ташкил этиш ва уларга бирлашиш ҳуқуқи;

– ижтимоий таъминот ҳуқуқи;

– оиланинг ҳимоя қилиниши;

– муносиб турмуш кечириш, хусусан, етарли озиқ-овқат ва кийим-кечак, уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи;

– тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи;

– таълим олиш ҳуқуқи.

Жамоавий ҳуқуқлар қуйидагилардан иборат:

халқларнинг

– ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи;

– ривожланишга бўлган ҳуқуқи;

– ўз табиий бойликлари ва ресурс­ларидан эркин фойдаланиш ҳуқуқи;

– тинчликка бўлган ҳуқуқи;

– тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи;

– миллий, этник, диний ёхуд тил бўйича озчиликни ташкил этадиган гуруҳлар ҳуқуқлари;

– туб жой аҳолисига мансуб халқ­ларнинг ҳуқуқлари.

«Инсон ҳуқуқлари: парламент аъзолари учун қўлланма» асари муаллифи Манфред Новак шундай ёзади: «Инсон ҳуқуқлари давлат ҳокимиятини чеклаш баробарида, давлат томонидан ҳар бир шахс инсон ҳуқуқларидан тўла-тўкис фойдалана олиши мумкин бўладиган муҳитнинг яратиб берилиши учун ижобий чора-тадбирлар кўрилишини тақозо этади».

Бинобарин, ўзини ҳурмат қилган, демократик тараққиёт йўлини танлаган ҳар қандай давлат инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масъулиятини зиммасига олади. Ўзбе­кистон Республикаси мустақилликка эришгач, демократик ҳуқуқий давлат қуриш, эркин ва фаровон жамият барпо этиш йўлидан бориб ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига садоқатини амалда намоён этиб, хал­қаро ҳуқуқий ҳужжатлардан биринчи бўлиб Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига қўшилди (1991 йил 30 сентябрь).

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий принципларга баҚишланган биринчи бўлим 13-моддасида қуйидаги умуминсоний Қоялар ўз ифодасини топди: «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади».

Асосий қонунимизнинг иккинчи бўлими бевосита инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларини ўзида акс эттирган.

Истиқлол йилларида мамлакатимиз инсон ҳуқуқларига доир 70 га яқин халқаро ҳужжатга қўшилди. БМТ томонидан бу соҳада қабул қилинган олтита асосий халқаро шартнома изчил ва қатъий бажариб келинмоқда. Республикамизда инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 200 дан ортиқ қонун қабул қилинди.

Жамиятда инсон ҳуқуқларини таъминлаш шахс ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан бошланади. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон ва унинг манфаатлари учундир.

Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини барпо этиш шароитида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги конституциявий кафолатлар тизимини ҳаётга татбиқ этиш жадал бормоқда. Сўнгги йилларда қонун чиқарувчи ҳокимият демократик принциплар асосида такомиллашди. Айниқса, жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши, ўлим жазосининг бекор қилиниши, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши, шунингдек, адвокатура институтининг ислоҳ қилиниши мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлар бўлди. Республикамизда амалга оширилаётган бундай кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва уларнинг ҳаётбахш самаралари хорижлик нуфузли мутахассислар ҳамда инсон ҳуқуқларига ихтисослашган халқаро ташкилотларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда.

Юртимизда инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминловчи ва кафолатловчи миллий институтлар механизми яратилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлигида ташкил этилган инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича миллий институтлар тизими шулар жумласидандир.

Табиийки, бу улкан ўзгаришларнинг аҳамиятини ва маъно-мазмунини аҳолининг барча қатламларига етказиш, уларни тарҚиб-ташвиқ қилиш ҳуқуқий маданият борасида юзага келган муаммоларни ечишда беқиёс роль ўйнайди. Бугунги кунда ҳуқуқ ҳимояси мавзусига ихтисослашган йигирмадан зиёд газета ва журналлар чоп этилмоқда. Инсон ҳуқуқлари соҳасида узлуксиз таълим ҳамда маърифий тарҚиботдек сермасъулият вазифани уддалашда ҳуқуқшунослар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ва журналистлар фаоллик кўрсатишмоқда. Айниқса, қонун ижодкорлиги ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари йўналишларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академияси, Тошкент давлат юридик институти профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари, шунингдек, тадқиқотчиларнинг таҳлилга бой расмий ҳамда илмий шарҳ ва мақолалари матбуотда эълон қилинмоқда.

Оч одам мусиқани қорни билан эшитади, деган гап бор. Ўз фуқароларининг тинчлигини, хавфсизлигини, юртининг барқарор ривожланишини таъминлай олмаётган, сиёсий инқироз ёқасида турган давлатларнинг кўпини кўряпмиз. Олис-яқиндаги айрим мамлакатларда авж олган сиёсий найрангбозликлар, ҳокимият учун кураш, этник низолар, ўзаро биродаркушлик урушлари, терроризм ва қашшоқлик сингари бало-қазолар ҳамон фуқароларнинг силласини қуритмоқда. Бошбошдоқлик, парокандалик ҳукм сурган жойда, афсуски, инсон шаъни, қадр-қиммати хусусида гапиришга ҳожат қолмайди.

Шунингдек, дунё миқёсида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро вазиятга баҳо беришда айрим ҳолларда бирёқламалик ёхуд, аксинча, икки хил стандарт бўйича ёндашувни ҳам кузатишимиз мумкин. Бундай қарашлар замирида, шуб­ҳасиз, айрим сиёсий марказларнинг ғаразли мақсадлари ётганини илҚаш қийин эмас. Ҳолбуки, инсон ҳуқуқлари бирор-бир сиёсий гуруҳ ёхуд кучларнинг қўлидаги воситага айланиб қолмаслиги керак.

Яратганга шукурки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, дастурхонларимиз тўкин. Мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати йилдан-йилга ошгани сайин инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ишончли кафолати янада мустаҳкамланмоқда. Янги барпо этилаётган шинам уй-жойлар, таълим ва соҚлиқни сақлаш муассасалари, йўллар, кўприклар, боҚ ва хиёбонлар, яратилаётган янги иш ўринлари – буларнинг барча-барчасидан кўзланган мақсад ягона: юртимизда инсон манфаатларини, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборатдир.

Бир сўз билан айтганда, ¤збе­кистонда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Олий қадрият ҳисобланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш доимий эътиборда.