Газеталар

Аёл манфаатлари давлат ҳимоясида.

Сурхондарё вилояти Ҳокимлигининг катта мажлислар залида Термиз шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда хотин – қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, халқ таълими ва ФҲДЁ бўлимлари мудирлари, меҳнат бўлимлари бошлиқлари, “Маҳалла” жамғармалари ҳамда қишлоқ фуқаролар йиғинлари раислари, барча масжидларнинг имом-хатиблари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Термиз шаҳар ва туманлар кенгашларининг раислари, оммавий ахборот воситалари ҳамда вилоятнинг алоқадор ташкилотларининг, шу жумладан Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармасининг раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-3434-сонли Фармонининг 2010 йил 4 ойи давомидаги ижроси ва фармон талабларини амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирлари дастури бажарилишини мувофиқлаштириш бўйича доимий комиссияларнинг фаолиятини ўрганиш натижаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Акбарова Фарида Шорахимовна ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ишчи гуруҳи аъзоси Махфуза Назаровалар ҳам қатнашдилар.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-3434-сонли Фармонининг ижроси бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича тузилган маълумотнома тўлиқ ўқиб эшиттирилди.

Шундан сўнг, бу фаолиятда муайян камчиликларга йўл қўйган ҳудудий комиссияларнинг ахборотлари тингланди.

Йиғилишда вилоятда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар батафсил муҳокама қилинди. 

Жумладан, вилоят аҳолисининг 51 % дан кўпроғини аёллар ташкил этишини ҳисобга олган ҳолда, бугунги кунда аёлларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги роли, аёлларни иш билан таъминлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, тадбиркорлик ва фермерлик фаолияти билан шуғулланувчи аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш, касаначилик ва халқ амалий санъати билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятини ишончли муҳофаза этиш, аёллар учун қўшимча иш ўринларини яратиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, аёлларнинг репродуктив саломатлигини яхшилаш, аёллар ўртасида содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқубузарликларнинг профилактикаси, уларни одам савдоси жиноятининг қурбонига айланишларининг олдини олиш, айниқса қишлоқ жойларида яшовчи қизлар ва хотинларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш бўйича қўшимча ўқув курсларини, тренингларни ташкил этиш, бу борада давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг иширокини рағбатлантириш, оилада бола тарбияси билан машғул бўлган аёлларни иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан қўллаб–қувватлаш, гендер ҳуқуқининг таъминланиши ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга масъул бўлган идораларнинг бу борадаги масъулиятларини янада ошириш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Шунингдек, айни вақтда вилоятда фаолият кўрсатаётган 673 нафар диний маърифат ва маънавий –ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг иш фаолиятлари, ютуқ ва камчиликлари муҳокама этилди. Бунда асосан оилаларнинг барқарорлигини таъминлаш, фаровон ва соғлом турмуш-тарзини шакллантириш бўйича олиб борилаётган маърифий тадбирларнинг сифати ва таъсирчанлиги, аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Бундан ташқари ФҲДЁ, Соғлиқни сақлаш, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа алоқадор идораларнинг ёш оилаларнинг вужудга келишида эрта ёшдан турмушга беришга чек қўйиш ва никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг мажбурийлигини таъминлаш масалалари бўйича ҳамкорликларини янада мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилди.    

Йиғилиш якуни билан бу борадаги фаолятни янада такомиллаштириш, олиб борилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор муҳим қарорлар қабул қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.