Газеталар

Бош мақсадимиз – Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.

Мамлакатимизда ҳуқуқий давлат, демократик жамият барпо этиш, инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий ва устувор қадрият сифатида қарор топтириш борасида кўпгина ютуқлар қўлга киритилди. Буларнинг барчасига Конституциямиз ҳамда қонунларимизда белгилаб қўйилган талаб ва тамойилларни амали±тда оғишмай риоя қилиш орқали эришилди. 

Халқимизда азалдан инсон фарзандига, ўз она юртига ҳурмат ва инсониятга бўлган улуғ муҳаббат ғояси ҳар доим баланд бўлган. Инсон ҳуқуқларига оид таълимотнинг вужудга келиши ва унинг ривожланишида, нафақат Европа давлатларининг, шунингдек, Шарқ мутафаккирларининг ҳам ўз ўрни бор. Шарқнинг буюк шоирлари Алишер Навоий, Ҳофиз Шерозий, Шайх Саъдий ва бошқалар ўз асарларида инсонпарварлик ғояларини тараннум этиб, одамлар ўртасида меҳр, оқибат, адолат ва инсоф бўлишини таъкидлаганлар. Улуғ файласуф Абу Наср Форобий ўзининг «Фозил кишилар шаҳри» асарида инсон ҳуқуқлари ҳақида фикр билдириб, инсон бахтиёр ва тинч ҳаёт кечириши учун зарур бўлган жамият ҳақидаги ғояларни илгари сурган.

Адолат, инсонпарварлик ғояларига Амир Темур салтанати даврида ҳам алоҳида эътибор берилганлигини таъкидлаш жоиз. Маълумки, Соҳибқирон Амир Темурнинг сиёсий-ҳуқуқий қарашларини баён қилган асар «Темур тузуклари»дир. Дунёнинг турли тилларига таржима қилинган ушбу асар, давлатни идора қилиш усуллари, қўшинни ташкил этиш қоидалари, урушларда амалга оширилиши зарур бўлган турли ҳарбий услублар сингари қатор сиёсий, ҳуқуқий, ҳарбий ва ахлоқий ғоялар билан биргаликда инсонни ҳимоя қилиш, унинг қадр-қимматини эъзозлаш тўғрисидаги меъёрларни ўз ичига олган. Инсон ҳуқуқлари мураккаб ва кўпқиррали бўлиб, одамнинг туғилиши ва инсон ҳуқуқларига оид ҳуқуқий нормаларнинг яратилиши билан боғлиқдир.

Маълумки, инсон ҳуқуқларига оид асосий халқаро ҳуқуқий ҳужжат 1948 йилда Сан-Францискода қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидир. Ушбу Декларация муқаддима ва 30 та моддадан иборат бўлиб, унда инсоннинг асосий ҳуқуқлари, қадр-қиммати, шахснинг беназирлиги ва эркаклар билан аёлларнинг тенг ҳуқуқлиги тўғрисидаги қоидалар ўз ифодасини топган. Унда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларни тўрт гуруҳга ажратиб таснифлаш мумкин.

Биринчи гуруҳга шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, иккинчи гуруҳга фуқаровий ҳуқуқлар, учинчи гуруҳга сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлар, ниҳоят, тўртинчи гуруҳга иқтисодий, ижтимоий-маданий ҳуқуқлар киради.

Демократик тараққиёт йўлини танлаган ва жаҳон ҳамжамиятига аъзо бўлган ҳар бир давлат ўз фуқаролари учун юқорида санаб ўтилган ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашни ўз зиммасига олади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳам ҳуқуқий, демократик ва адолатли фуқаролик жамият қуриш йўлидан бориб инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида ижобий ишларини амалга оширмоқда.

1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши халқимиз тарихида туб бурилиш ясади, янги демократик ҳуқуқий давлат қуриш асосини яратди. Бунда бажарилиши лозим бўлган вазифалардан бири – мамлакатда яшовчи ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўла кафолатлашдир. Конституциянинг ҳар бир моддаси инсон учун, унинг моддий ва маънавий талаб, эҳтиёжларини, манфаатларини қондириш учун, халқимизнинг равнақи учун хизмат қилади. Унда биринчи навбатда, шахс манфаати устун деб белгиланган, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият деб муҳрланган. Шунингдек, шахс ва жамият муносабатларининг барча қирралари акс эттирилган. Инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини эътироф этиш, уларга риоя қилиш, таъминлаш, ҳимоялаш, ҳар қандай ноқонуний аралашув ёки чеклашдан муҳофаза қилиш вазифасини давлат ўз зиммасига олган.

Фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва шахсий ҳуқуқлари жаҳондаги ривожланган давлатлар, умумэътироф этилган халқаро ҳужжатлар талабларига монанд равишда кафолатланган. Бош қомуснинг ҳар бир нормасида ўзбек менталитети, тарихи, кўп миллатли халқимизнинг иродаси, инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети ғояларига содиқлиги, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлиги тан олинган ҳолда улуғ халқимиз тафаккури дурдоналари билан бойитилган юксак маънавият ва маърифат ғояларига асосланган.

Мазкур масалада Президентимиз Ислом Каримов «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида ...бугунги шиддатли даврда чинакам маънавиятли ва маърифатли одамгина инсон қадрини билиши, ўз миллий қадриятларини, миллий ўзлигини англаши, эркин ва озод жамиятда яшаш, мустақил давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун фидойилик билан кураша олиши мумкин, деган фикрни илгари сурган.

Жамиятда шахснинг тутган ўрни ва мавқеи, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда бурчлари конс­титуциявий ҳуқуқ нормаларида ўз ифодасини топган. Инсон ва жа­мият, шахс, давлат муносабатларидаги қатор муаммолар ечимини топишда, авваламбор, шахсларнинг ҳуқуқий ҳолатига қанчалик эътибор берилаёт­ганлиги катта аҳамиятга эга. Шахс ҳуқуқий ҳолатининг асослари, унинг таркибий қисмлари ҳар бир тараққий этган мамлакатлар конституциялари ва конституциявий қонунларида мус­таҳкамлаб қўйилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – Конституциянинг асосий принципи, Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-сиёсий тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг асосий йўналиши ва пировард мақсади Юртбошимиз томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган қуйидаги беш стратегик йўналиш белгилаб берилган:

1) инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини вужудга келтириш;

2) инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этган принциплари ва нормалари асосида миллий қонунчиликни такомиллаштириш;

3) қабул қилинган қонунларга оғишмай амал қилиш механизмини ишлаб чиқиш ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида қонун устунлигини таъминлаш;

4) одил судлов ислоҳотини амалга ошириш йўли билан бутун суд тизимини демократлаштириш;

5) аҳоли, айниқса, ёшлар ва мансабдор шахслар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида ҳуқуқий-тарбиявий ишларни тубдан яхшилаш, уларнинг онги ва маданиятини юксалтириш.

Инсон ҳуқуқлари масаласи ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммоларидандир. Инсон ҳуқуқлари жамиятнинг энг олий қадриятидир. Инсон ҳуқуқлари муҳим конституциявий инс­титутдир. «Инсон ҳуқуқлари» – бутун инсониятнинг интилишлари, орзу-умидларини ўзида жамлаган кенг қамровли тушунча. Инсон ҳуқуқлари ҳозирги замон тараққи±тининг асоси ва давр талаби, демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиси, ҳар бир давлатнинг демократик тараққиёти даражасини кўрсатувчи мезондир. Шунинг учун ҳам инсон ҳуқуқлари хал­қаро ҳуқуқда ва миллий ҳуқуқий тизимда муҳим ўрин тутади.

Инсоният ўз тарихий ривожланиши жараёнида инсон ҳуқуқларига оид қонунчилик тизимини яратган. Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик – инсон ва фуқаро ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари ҳақидаги қонунлар мажмуи. Бу қонунлар қаторига инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар ва миллий қонунлар киради.

Ўзбекистон Республикаси ўз Конс­титуциясида инсон ҳуқуқларига оид қуйидаги муҳим халқаро-ҳуқуқий қоидаларни мустаҳкамлаган:

биринчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тан олиш ва ҳимоя қилиш – давлатнинг мажбурияти;

иккинчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тизими халқаро ҳуқуқий андозаларга мос келиши ва бу соҳада халқаро ҳуқуқнинг устунлиги;

учинчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари унга туғилганидан бошлаб тааллуқли эканлиги, яъни табиий ҳуқуқ ғояси ва назариясининг эътироф этилиши;

тўртинчидан, ҳаммага ва ҳар кимга инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларининг тенг ва баробар тааллуқлилиги;

бешинчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари давлат идоралари фаолиятининг мазмунини ташкил этиши;

олтинчидан, фуқароларнинг кафолатланган суд ҳимояси билан таъминланиши;

еттинчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахслар ҳуқуқларининг бузилмаслиги зарурлиги.

Демократик ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаролик жамияти қурилиши барча фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасига дахлдор бўлган билимларни етарли даражада эгаллашларини тақозо этади. Ҳозирги пайтда инсон ҳуқуқлари БМТнинг қарийб 80дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатларида мустаҳкамланган. Эндиликда дунёда инсон ҳуқуқларини халқаро ҳуқуқий нормалар тизими ҳамда уларнинг кафолатлари механизмларини ялпи ҳолатда мус­таҳкамлашга йўналтирилган халқаро гуманитар ҳуқуқ шаклланмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича барча нормаларни бажариш давлат идоралари, жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг мажбурияти ҳисобланади. Унда жамият кенг қатламларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳақидаги билимларга эга бўлиши катта аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларига оид қонунчиликнинг ўзига хос хусусиятларига:

инсон ҳуқуқларини тўла амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш;

одил судловни ривожлантириш;

инсон ҳуқуқларига оид халқаро ва миллий институтларни ривожлантириш;

янги демократик институтларни, жумладан, нодавлат ва нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада ривожлантириш киради.

Конституцияда мустаҳкамланган, юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар ва миллий анъаналарнинг ҳаётга татбиқ этилиши жамиятимизнинг янгиланишига кўмаклашади, мамлакатимиз фуқароларида янгича турмуш тарзи ва тафаккурни шакллантиради.

Хулоса сифатида айтиш жоизки, Конституциямиз ва қонунларимиз шубҳасиз, фуқароларимиз онгида инсон, унинг шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, мустақиллик, эркинлик, масъулият, ўз манфаатларини юрт манфаатлари билан уйғун ҳолда кўриш каби эзгу ғояларни қарор топтиришга хизмат қилади.