Газеталар

Одам савдоси - глобал муаммо.

Қарши иқтисодиёт касб – ҳунар коллежида “Одам савдоси – умумжаҳон миқёсидаги муаммо” мавзуида ҳуқуқий - маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят маънавият тарғибот маркази, Ички ишлар бошқармаси “Замон” минтақавий тадқиқот маркази, ОАВ вакиллари ҳамда коллеж ўқитувчи ва талабалари иштирок этди. Тадбирни вилоят маънавият- тарғибот маркази раҳбари Лола Содатова очди. 

Жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётган одам савдоси деб аталмиш иллат, инсоннинг эркинлиги, тенглиги ва шахсий дахлсизлигига путур етказиши, уни турли хўрлик ва камситишларга дучор этиши, бу жиноий фаолият ортида мажбурий меҳнат, қуллик,  мажбурий донорлик, харбий тўқнашувларда фойдаланиш, фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбурлаш каби қабихликлар ётишини кўпчилик яхши билади. Жамият томонидан эъзозланган юксак ҳурмат ва эҳтиромга эга бўлган, инсоният ҳаётининг давомийлигини таъминлайдиган, ёш авлодни тарбиялаб вояга етказадиган аёллар ҳамда ҳимояга муҳтож болаларнинг бу жиноятнинг қурбонига айланаётганлиги, ачинарлидир. Таҳлилларга қараганда одам савдосидан жабланаётганларнинг кўпчилигини, аниқроқ қилиб айтганда саксон фоизини аёллар ва ёш болалар ташкил этмоқда.

Йиғилишда иштирокчилар инсон шани, қадр қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий бу жиноят ҳақида фикр билдириб, қатъий эътиқод ва қарашларга эга бўлган, маънавий таҳдидларга четдан кўрсатиладиган таъсирларга қарши туришга қодир бўлган ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлашди.

Шунингдек, одам савдоси жиноятининг ҳавфи ва аянчли оқибатларидан огоҳ этувчи, бу иллатга қарши курашга чорловчи, одам савдоси қурбонига айланиб қолганларнинг оилалари бағрига қайтарилиши ва уларни қўллаб қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида “Одам савдоси-инсон ҳуқуқлари поймоли” номли видеофилъм намойиш этилди. Тадбир иштирокчиларининг мавзу юзасидан саволларига мутахасислар батафсил жавоб берди.