Газеталар

БОЛАЛАР ҚУВОНСА – ОЛАМ ЯШАРАР

Нимаики яхши нарсалар бўлса фарзандларга раво кўради. Қалблари чашма сувидек тиниқ, ҳар бир қараши, сўзларида беғуборлик уфуриб турувчи болажонлар – эртамиз давомчилари. Диёримизда Наврўз шодиёналари давом этаётган паллада кексаларни зиёрат қилиш, етим, ногирон болаларга меҳр кўрсатиш каби тадбирлар ташкил этилаяпти. Ўксик кўнгилни шод этиш нақадар савобли иш эканлигини сўз билан ифодалаш қийин.  

Наврўз тантаналари давом этаётган шу кунларда Чирчиқ шаҳридаги 14-Меҳрибонлик уйида Баркамол авлод йили муносабати билан ўтказилган тадбирда ҳам меҳридарё, саховатли халқимизнинг бу олижаноб фазилати янада теранроқ намоён бўлди. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Хотин-қизлар кенгаши аъзолари вазирликнинг мустақил бош бошқармалари, бошқармалари, ўқув муассасалари ва Бирлашган таҳририяти вакиллари билан ҳамкорликда мазкур Меҳрибонлик уйига ташриф буюришди.

Тадбирда сўзга чиққан вазирлик Хотин-қизлар кенгаши раиси, полковник Қ.Султонова Президентимиз томонидан 2010 йилни Баркамол авлод йили деб эълон қилинганлиги ва бу борада амалга оширилаётган ишлар замирида аввало, ёш авлодни, бардам-бақувват, соғлом инсон бўлиб вояга етиши учун қилинаётганини алоҳида таъкидлади. Бунга жавобан болалар яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз орзу-ниятларига етишиши учун намунали хулқ эгаси, чуқур билим соҳиби бўлиши даркорлигини айтди.

Меҳмонлар ИИВ Тергов бош бош­қармаси, Хотин-қизлар кенгаши, Республика «Қўриқлаш» бирлашмаси, ТОҲТБЮ, Ахборот маркази ва ИИВ Бирлашган таҳририяти томонидан тарбияланувчиларга атаб олиб келинган плазмали телевизор тўплами, турли кийим-кечак, спорт анжомлари, китоблар, ўйинчоқ ва қандолатчилик маҳсулотларини бирин-кетин болажонларга топширишди. Совғаларни қўлларига олган тарбияланувчиларни кузатар эканмиз, уларнинг чеҳрасидаги табассум, мамнуниятни кўриб кўнгиллар тоғдек кўтарилди.

Қувончини яширолмай ҳаяжонланаётган болажонлар миннатдор бўлиб, ўзларининг бадиий дастурини ҳавола этдилар. Улар томонидан миллий анъаналаримиз ўз аксини топган дастурлар намойиши тадбирга ўзгача шукуҳ бахш этди. Шунингдек, болажонларга шодлик улашиш мақсадида вазирлик ИИВ Ашула ва рақс ансамблининг хонандалари ҳам уларга концерт дастурларини намойиш этишди. Болажонлар дилдан яйраб, рақсга тушишди.

– Ҳар қандай йилнинг хосияти кўкламнинг илк нафасидан маълум бўлганидек, биз ёруғ келажагимизни ёш авлодимиз тимсолида кўрамиз, – дейди республика ИИВ Хотин-қизлар кенгаши раиси, полковник Қурбонбиби Султонова. – Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек: «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт».

– Тўғриси, Меҳрибонлик уйи тарбия­­ланувчилари кўзидаги қувонч, шодлик бизни жуда руҳлантириб юборди, – дейди ИИВ ШТБИХ катта инспектори, майор Б.Содиқова. – Мурувват, саховат, эзгулик айёми болажонлар қалбида бир умр қолади, албатта.

– Меҳрибонлик уйида юзга яқин болалар тарбияланади, – дейди маскан директори Фарида Кенжаева. – Бундай хайрли тадбирлар ўғил-қизлар қалбида она-Ватанга садоқат, ватанпарварлик, юртни севиш, уни ардоқлаш, асраш каби фазилатларини уй­ғотса ажабмас. Бу тадбирни уюштирганлар, меҳр ва саховат кўрсатганларга ташаккур билдирамиз.

Ота-оналарнинг турли сабабларга кўра фарзандларидан воз кечиши, ташлаб кетиши, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилиши боис мазкур даргоҳда тарбияланаётган уч ёшдан ўн олти ёшгача бўлган болаларнинг дилига малҳам, ўксик қалбларига далда бериш, ҳаётларини тўғри изга солиш, йўл-йўриқ кўрсатиш, бахтли бўлишларига имкон яратиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан кенг қамровли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

– Ёшим ўн олтида, – дейди тарбияланувчи Шерзод Бозоров. – Бугунги тадбирдан жудаям хурсанд бўлдим. Детектив китобларни қизиқиб ўқийман. Ички ишлар идоралари ходимларига ҳавас қиламан. Келажакда шу касбни эгаллаш ниятим бор.

Бу ерда болалар компьютер сирларини ўрганишади. Уларнинг жисмоний бақувват бўлишлари учун спорт тўгараклари фаолият кўрсатиб турибди. Шунингдек, тарбияланувчилар бўш вақтларида расм чизиш, бичиш-тикиш, каштачилик, нақш ишлаш, юмшоқ ўйинчоқлар ясаш билан машғулдирлар. Масканда ҳукуматимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароитлар айтиш жоизки, ҳар қандай оилалардан асло фарқ қилмайди. Кенг, ёруғ ётоқхоналар, шинам ошхона ва бошқа хоналар фикримизга далил бўла олади. 

Ҳа, бағрикенг халқимиз келажак авлодга ғамхўр. Уйғониш, яшариш, нафосат, меҳр-оқибат айёми барча юрт­дошларимизга қутлуғ келганидек,   мурғак қалб соҳибларига ҳам эзгулик улашди.