Газеталар

Огоҳликка даъват.

Қарши Давлат университетида “Ёшлар терроризм ва гиёҳвандликка қарши” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят маънавият - тарғибот маркази, Адлия, Ички ишлар бошқармалари, Қарши шаҳар ИИБ, диний идора ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, университет профессор ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этишди. Тадбирни вилоят маънавият–тарғибот маркази раҳбари Лола Соадатова очиб берди. 

Маълумки, ёшларимизни ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол инсон қилиб тарбиялаш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифалардан бири саналади. Бугунги кунда ёшларни турли диний оқимлардан, аср вабоси номини олган гиёҳвандликнинг жирканч иллатларидан асраш учун мамлакатимизда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбирда сўз олганлар бугунги кунда вилоятимиз ҳудудида содир этилаётган турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларни чуқур таҳлил этар экан, улар орасида ёшларимизнинг борлиги ўта ачинарли ҳолат эканлигини қайд этишди. Айниқса, айрим ёшларимиз гиёҳванд моддаларни олиб юриш, сотишга аралашиб қолаётганлиги билан боғлиқ жиноятлар аниқ мисоллар асосида иштирокчиларга тушунтирилди.

Юртбошимизнинг жорий йилни “Баркамол авлод йили” деб эълон қилиши ҳамда бу борада давлат Дастурида ишлаб чиқилиб, ёшларимизга бўлган эътиборнинг кучайтирилгани, пировардида соғлом авлодни вояга етказиш, ёшларни давр талаблари даражасида ҳуқуқий билимдон қилиб тарбиялаш, етук инсон бўлиб вояга етишлари асосий мақсаддир.   

Йиғилиш якунида Ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланиши, олди сотдиси ва аянчли оқибатлари акс эттирилган видеофильмни ёшлар бефарқ томоша қила олишмади. Талабалар фильда акс эттирилган ҳар бир ҳолат юзасидан фикр - мулоҳазаларини билдириб, ўзларини қизиқтирган барча саволларига мутахасислардан жавоблар олишди.