Инсон ҳуқуқлари кафолатлари - бош мақсадимиз/
Ички ишлар идораларида фаолият кўрсатаётган ходимлар томонидан инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада ҳар бир ходим олдига қатъий вазифалар қўйилган. Уларни мукаммал бажарилишини таъминлаш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Жумладан, ўтган ҳафта Наманган вилояти ИИБ 12-сонли тергов ҳибсхонаси ходимлари билан ташкил этилган учрашув-семинар ҳам шу мавзуга бағишланди.
Тадбирни тергов ҳибсхонаси бошлиғининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари майор М.Охунов очиб, ходимлар фаолиятига қисқача тўхталиб ўтди. Аввал Омбудсманнинг вилоятдаги минтақавий вакили О.Нуритдинов «Омбудсманнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги роли», вилоят ИИБ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлинмаси юристконсульти подполковник А.Дадабоев «Озодликдан маҳрум этиш муассасаларида маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш», «Диёнат» газетаси махсус мухбири М.Даминшоев «Ҳуқуқий тарғибот - ҳуқуқий маданиятни шакллантириш омили» мавзуларида маъруза қилдилар.
Шундан сўнг муассаса ходимлари томонидан берилган маърузалар юзасидан ва бошқа ҳуқуқий мавзулардаги саволларга нотиқлар батафсил жавоб қайтаришди.
Ошкора мулоқотга айланган учрашув якунида кун тартибига қўйилган мавзулар ўзининг долзарблиги билан жуда фойдали бўлгани иштирокчилар томонидан эътироф этилди ҳамда шундай тадбирларни тез-тез ўтказиб туришга келишиб олинди.



