«ОДАМ САВДОСИ-ЗАМОНАМИЗНИНГ ГЛОБАЛ МУАММОСИ»
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ташаббуси биланШахрисабз тумани “Барака” маданият марказида «ОДАМ САВДОСИ - ЗАМОНАМИЗНИНГ ГЛОБАЛ МУАММОСИ» мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда Сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ички ишлар, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Бош прокуратура, Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси, “Истиқболли авлод ” ёшлар ахборот- маърифат маркази, Тошкент Давлат юридик институти, Қашқадарё вилоят, шаҳар – туман ҳокимликлари, Халқ депутатлари вилоят, туман-шаҳар Кенгашларининг тегишли доимий комиссиялари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, ўрта –махсус касб-ҳунар ва халқ таълими ҳамда Адлия бошқармалари, Имом – хатиблар, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона - ташкилот раҳбарлари иштирок этишди. Долзарб мавзуга бағишланган семинарни вилоят ҳокими Н. Зайниев очди.
Бугунги кунда одам савдоси инсон, унинг дахлсиз ҳуқуқлари, қадр-қиммати, осойишта ҳаёти ва келажагига жиддий путур етказувчи на сарҳад, на миллат танламайдиган иллат бўлиб, ўз домига кўпроқ аёллар ҳамда болаларни тортиши билан жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда. Жиноят асосан, инсонларни оғир шароитларда меҳнат қилишга мажбурлаш, қуллик, мажбурий донорлик, фоҳишалик ва бошқа мақсадларда фойдаланишдек жирканч кўринишлари билан намоён бўлмоқда. Бу ҳол ўз навбатида одам савдосидек уюшган трансмиллий жиноятга қарши нафақат бир давлат балки жаҳон мамлакатлари ўзаро ҳамкорликда курашиши лозимлигини давр тақазо этмоқда.
Дунёнинг бошқа давлатлари қатори Ўзбекистон ҳам уюшган жиноятчилик айниқса, одам савдоси ва унинг жирканч оқибатларини бартараф этиш мақсадида хорижий давлатлар билан 29 та шартнома ва битимлар имзолади. Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясини ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрдаги резолюцияси билан қабул қилинган мазкур конвенцияни тўлдирувчи Одам савдосининг, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги Пртоколни ратификация қилгани фикримизнинг тасдиғидир.
Семинар иштирокчилари мамлакатимизда ҳам қисқа муддат ичида одам савдосига қарши курашиш, трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва илдизига болта уришга доир норматив ҳуқуқий база яратилганини қайд этишди. Жумладан, 2008 йил 17 апрелда“Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги ҳамда амалдаги Жиноят кодексининг айрим моддаларига халқаро стандартларга мос тегишли ўзгартишлар киритилиб, бу қонун одам савдосига қарши курашиш ва ундан жабр- ланганларни ҳимоя қилишда асосий омил сифатида хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлда “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган, 2008-2010 йилларда одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича Миллий тадбирлар режаси тасдиқланган. Шунингдек, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг тегишли фаолиятини мувофиқлаштириш учун Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилиб фаолият олиб бормоқда. Юртимизда одам савдосига қарши курашиш, унга имконият яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф қилиш, шунингдек оқибатларини камайтириш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Тадбирлар режасига мувофиқ қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари ўзаро ҳамкорликда учрашувлар, йиғилишлар ўтказилмоқда. Унда одам савдосининг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш омиллари кенг қамровда тушунтириб борилмоқда. Бунда кенг аҳоли қатламлари, айниқса аёллар ва вояга етмаганлар орасида одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг хавфи, оқибатлари жонли мисоллар асосида тарғиб этилмоқда. Ушбу жараёнда одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий реаблитация қилишга кўмаклашиш маслалари алоҳида эътиборга олинган.
Шунингдек, семинарда воҳада одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ва бу борада амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида Қашқадарё вилоят ИИБ бошлиғи, полковник В. Ходжаев ва вилоят прокурори К. Исмоилов ва Шахрисабз тумани ҳокими, Ў. Хидировнинг ҳисоботлари тингланди.
Семинарда иштирокчилар фуқароларнинг чет элдаги меҳнатини ташкил этиш борасида муайян хорижий давлатларда уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашни кафолатлайдиган ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш масалаларига оид қатор таклиф ва тавсияларни билдирдилар.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ИҲҲҚ ВА ЮТБ бошлиғи ўринбосари, республика одам савдосига қарши курашиш идоралараро комиссияси масъул котиби, полковник А. Саттаров иштирок этди.



