Газеталар

СПОРТ ТЕНГ КУРАШЛАР ОСТИДА

Қашқадарё вилоят ИИБ «Динамо» жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг тақвимий режасига биноан яқинда воҳа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида футбол мусобақаси бўлиб ўтди. Унда 24 жамоа ўзаро ғолиблик учун майдонга тушдилар.  

Кескин ва муросасиз баҳсларга бой тарзда кечган мусобақада ҳар бир жамоа вакиллари ғолиб бўлиш учун бор маҳорат ҳамда тажрибаларини ишга солдилар. Жамоалар ўйинидан шахсий таркиб ўртасида жисмоний тайёргарлик ишлари йилдан йилга такомиллашиб бораётгани шундоқ билиниб турарди. Ҳудудий гуруҳлараро мусобақаларда вилоят ИИБ АВБСО, “Қўриқлаш” бошқармаси ва МХХБ вакиллари ғолибликка давогар бўлишди. Сўнгги саралаш мусобақасида “Қўриқлаш” бошқармаси футболчилари МХХБ жамоаси билан дуранг натижа 2*2 ни қайд этишди. Пенальтида қўриқчилар жамоаси 4*2 ҳисобида рақиблари МХХБ жамоасини енгиб, бошқарма АВБСО жамоаси билан финалга чиқди. Ҳакамнинг ҳуштаги чалингач, ўйин бошланди.

Дастлаб бошқарма АВБСО жамоаси ҳужумкор ўйин намойиш этишди. Сўнгра, “Қўриқлаш” жамоаси футболчилари ташаббусни қўлга олди. Мусобақада ўнинчи рақам остида туп сурган “Қўриқлаш” жамоаси футболчиси сафдор Бобир Мажидов чиройли ўйин намойиш этиб, ҳисобни очди. Шундан кейин қўш жамоа дарвозалари олдида хавфли вазиятлар тез тез содир бўлиб турди. Бошқарма АВБСО ҳужумчиси тепган тупни “Қўриқлаш” бошқармаси футболчиси қўли билан қайтариб қолмаганида ҳисоб тенглашиши мумкин эди. Бу ҳолни кузатиб турган ҳакам ўйинчига қизил карточка кўрсатиб, ўн бир метрлик жарима белгилади. Жарима тупини дарвозага жойлаган АВБСО футболчиси сержант И. Назаров ҳисобни тенглаштирди.

Ҳисоб тенглашгач, гоҳ у, гоҳ бу жамоа шиддаткор ҳужумлар намойиш этиб, рақиб дарвозасини ишғол этишга уринишди. Ўйиннинг ярим вақти ўтаётган чоғларда “Қўриқлаш” бошқармаси футболчиси сафдор Бегзод Салимов рақиб дарвозасига иккинчи тупни киритиб жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Асосий вақт тугашига бир неча дақиқа қолганда яна “Қўриқлаш” бошқармаси футболчиси сержант Аҳрор Шаропов тепган туп рақиб дарвозабонини доғда қолдирди. Биринчи бўлим 3*1 ҳисоби билан якунланди.

Футбол мусобақасининг иккинчи бўлими бошлангач, яна вилоят ИИБ АВБСО жамоаси тезкор ўйин намойиш этди. Лекин, “Қўриқлаш” бошқармаси футболчилари ҳам бўш келмади. Қўриқчилар чиройли комбинациялар намойиш этиб мухлислар олқишига сазовор бўлишди. Ўйин тугашига беш дақиқа қолганда сафдор Бобир Мажидов рақиб дарвозасига туп киритиб дубль муаллифига айланди. Ниҳоят ҳаамнинг ўйин тугаганлигини билдирувчи ҳуштаги янгради. 4*1 ҳисоби билан “Қўриқлаш” бошқармаси футболчилари ғолиб бўлишди.

Мусобақа ҳакамлари ҳайъатининг қарори билан “Қўриқлаш” бошқармаси жамоаси биринчи, вилоят ИИБ АВБСО иккинчи, МХХБ футболчилари учинчи ўринларни банд этишди. Ғолиб жамоалар вилоят ИИБ “Динамо” ЖТСЖнинг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.