Журналлар

АТРОФЛИЧА МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

Термиз шаҳрида Одам савдосига қарши кураш бўйича вилоят Идоралараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси раҳбарлари, ҳудудий комиссияларнинг аъзолари, котиблари ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни Одам савдосига қарши кураш бўйича вилоят Идоралараро комиссияси раиси ўринбосари М. Жабборов олиб борди. Унда одам савдосига қарши кураш борасида вилоятда олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, бу йўналишда йўл қўйилаётган камчилик ва муаммолар муҳокама этилди.Сурхондарё вилоятида одам савдоси билан боғлиқ муаммонинг олдини олиш мақсадида турли йўналишларда иш олиб борилмоқда. Жумладан, аҳолини иш билан таъминлаш, рақобат ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш ҳудудий дастурларига асосан жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда 14 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Фуқароларнинг одам савдосига қарши курашиш ҳамда ташқи меҳнат миграцияси ҳақидаги билимларини мустаҳкамлаш мақсадида тайёрланган махсус буклетлар маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларига етказилди. Одам савдосининг салбий оқибатларга олиб келиши ҳамда хорижда ишлашнинг қонуний тартиблари мавжудлиги ҳақида ҳудудий оммавий ахборот воситалари орқали бир қатор чиқишлар қилинди. Афсуски, вилоятда одам савдоси жинояти билан шуҚулланганлар ҳам, ундан жабрланганлар ҳам бор. Жорий йилнинг дастлабки чорагида одам савдоси жиноятини содир этган 28 нафар шахс­га нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Одам савдосидан жабрланган 106 нафар фуқаро билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.Йиғилишда Одам савдосига қарши кураш бўйича вилоят Идоралараро комиссияси фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қиладиган қарорлар қабул қилинди.Тадбирда Одам савдосига қарши кураш бўйича Республика Идоралараро комиссияси масъул котиби А. Саттаров қатнашди.

Норали ОЧИЛОВ.